Айнан шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан юзма-юз, самимий суҳбатлашиши, фикр алмашиши, улар фаолиятидаги муаммо ва камчиликларга шахсан қизиқиб, ечим топиб бераётгани жуда эътиборга молик жиҳатдир.

Бугун давлат раҳбари билан учрашув тадбиркорлар интиқ кутадиган тадбирга айланди. Анъанавий анжуман соҳа вакиллари учун ташаббус ва ғоялар майдонига айланди. Аввалги икки тадбир орасидаги вақт эса уларни юзага чиқариш учун қулай фурсат бўлмоқда. Шу боис, унга қизиқиш йил сайин ортиб бормоқда.

Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти жорий йилда учинчи бор ташкил этилади. Ҳозир унга жиддий тайёргарлик кечмоқда. Шу муносабат билан биз олдинги икки учрашув билан боғлиқ айрим факт ва рақамлар асосида кичик бир шарҳ тайёрлашга ҳаракат қилдик.

 2021 йилнинг 20 августи юртимиз тадбиркорлари, ишбилармонлари, Ўзбекистонда фаолият юритиётган бизнес вакиллари учун тарихий кун бўлди. Сабаби, ўша куни Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз тадбиркорлари билан  мамлакат тарихида илк маротаба очиқ мулоқот ўтказди.

Самимий, дилдан кечган суҳбат соҳа вакилларида катта таассурот қолдирди. Кимдир кўнглидаги гапларни айтди, кимдир улгурмай қолди. Вақт етмади. Лекин бунинг ечими ҳам шу ернинг ўзида топилди. Учрашувда Президентимиз 20 августни Тадбиркорлар куни деб эълон қилиш таклифини билдирди ва йиғилганлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Негаки, айнан шу таклиф асосида очиқ мулоқот ҳар йили ўтказилиши белгилаб олинди. Энди бу бошқаларга бевосита давлат раҳбарига ўз фаолияти, режалари, муаммолари ҳақида маълумот етказишга катта имконият берди.

Дастлабки учрашувда жами ўн мингга яқин тадбиркор иштирок этди. Очиқ мулоқот олдидан тадбиркорларни қийнаётган муаммолар сўралган эди. Ана шу сўровлар асосида, эътибор қилинг, турли масалаларга оид 15 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушганди. Уларнинг аксарияти, юқорида санаб ўтганимиздек, молия-кредит, солиқ, ер ажратиш, коммуникация тармоқларига уланиш, юкларни ташиш каби масалаларга боғлиқ бўлди. Бундай масалаларни тадбиркорлар бевосита учрашув чоғида ҳам айтиб ўтишди.

Муаммолар бор, уларни ҳал этиш нафақат соҳа вакиллари ишига унум беради, балки иқтисодиётимиз ривожи, одамлар турмуш шароитини яхшилашда катта аҳамият касб этади. Шу боис, Учрашувда уларни ҳал қилишга қаратилган 7 та муҳим йўналиш кўрсатиб ўтилди. Ҳар бир йўналиш бўйича долзарб вазифалар белгиланиб, янги ташаббуслар илгари сурилди. Вазирлик, идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Ушбу масалалар қанчалик муҳим бўлса, улар ижросига ҳам шунча тезкорлик билан киришилди. Зарур ҳуқуқий асос ва шарт-шароитлар яратилди. Буларнинг натижаси эса 2022 йилги очиқ мулоқотда келтирилган рақамларда ўз аксини топди.   

“...Ўтган йилги учрашув арафасида ва тадбир давомида сизлардан келиб тушган минглаб мурожаатларда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш ва таклифларни амалга оширишга қаратилган катта дастур, 70 дан ортиқ фармон ва қарор қабул қилдик”, дея таъкидлади давлатимиз раҳбари бу галги учрашувда.

Бир йилда, яъни очиқ мулоқотдан очиқ мулоқотгача бўлган даврда биргина соҳа учун 70 дан зиёд ҳужжат қабул қилиниши ҳазилакам гап эмас. Бу тадбиркорлик изчил қўллаб-қувватланаётгани яхши ишбилармонлик муҳити яратиш йўлидаги ислоҳотларнинг ажралмас қисми эканидан, энг асосийси, соҳа вакиллари шахсан давлат раҳбари эътиборидалигидан далолатдир.

Имконият ва рағбат фаолиятга ижобий таъсир кўрсатувчи омиллар сирасига киради. Шу жиҳатдан олганда, бир йил давомида тадбиркорлар томонидан бизнес учун 55 мингдан ортиқ бино барпо этилгани уларнинг келажакка ишониб, қўрқмасдан кўчмас мулкка, бизнесга инвестиция тикаётганини англатади.

Шу вақт ичида тушуми 1 миллион доллардан ортган тадбиркорлик субъектлари сони 5 мингтага ошиб, 26 мингтани ташкил қилди. Яна минг нафари товар айланмасини 1 миллиондан 10 миллион долларгача етказди. 220 нафарининг тушумлари 100 миллион доллардан ошди. Мамлакатимизда экспорт қилувчи корхоналар сони 7,5 мингтага етиб, умумий экспорт ҳажми 30 фоиз кўпайди.

— Бугун тадбиркорликнинг оқсаётган бирор йўналиши йўқки, жиддий эътибор қаратилиб, тезда ривожланиш босқичига олиб чиқишга ҳаракат қилинмаётган бўлсин, — дейди Китоб туманидаги “Doktor Boboev health center” клиникаси раҳбари Алишер Бобоев. — 2022 йил 22 август куни тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда кўпчилик қатори мен ҳам иштирок этиб, хусусий секторда мутахассислар тайёрлаш бўйича ўз таклифларимни айтгандим. Яъни ўшанда биргина Қашқадарё вилоятида 900 нафарга яқин юқори малакали шифокорга эҳтиёж бор. Республика миқёсида эса бу кўрсаткич янада ортиши аниқ. Шунингдек, мавжуд кадрлар малакасини ошириш масаласи ҳам шу пайтгача фақатгина давлат тасарруфидаги марказларда амалга ошириб келинмоқда. Шифокорлар малакасини оширишга хусусий секторда ҳам рухсат берилса, бу борада янада қулайлик яратилишини айтгандим. Бу лойиҳам Президентимизга маъқул келди. Шу вақтнинг ўзида тегишли кўрсатмалар бериб, ҳаракат бошлашим мумкинлигини билдирди. Орадан бир йил вақт ўтди. Ҳозир Китоб туманидаги клинакамизда клиник ординатура ташкил этилиб, иш бошланган. Айтиш керакки, хусусий секторда бундай имконият МДҲ давлатларида ҳам йўқ.   

   Бугун бундай мисолларни тадбиркорликнинг исталган йўналишидан келтириш мумкин. Бинобарин, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётимизнинг устувор йўналиши сифатида ўзини намоён этмоқда. Кўп ишбилармонлар бизнесини бутун мамлакат миқёсида кенгайтириб, минглаб иш ўринлари яратиб, нуфузли йирик компанияларга айланаётгани, ички ва ташқи бозорда нуфузи ҳамда брендига эга тадбиркорлар синфи шаклланаётгани шундан далолат беради.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири