Атоқли шоиримиз Эркин Воҳидов “Она тили умуммиллат мулкидир, демак, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий. Мен ўзбекман, деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун қайғурмоғи керак. Унутилган сўзларни тиклаш, борини бойитиб бориш, хорижий атамаларга муносиб истилоҳлар топиш ёлғиз тилшуносларнинг эмас, миллатнинг ишидир. Эски тузум барбод бўлди. Остановка турганда бекат, район турганда туман, вилка турганда санчқи дейишга нима бор, дегувчиларнинг даври ўтди”, деганига ҳам анча бўлди.

Ўзбек халқининг бир вакили сифатида сўзимизни назорат қилувчиларнинг даври ўтганига қарамай, ҳанузгача ўзга тиллардаги рекламалар кўчаларимизни тўлдириб турганидан ажабланаман. Бегона тилларга бу қадар меҳримиз қаердан? Айниқса, рус тилига шунчалар содиқлигимиз сири нимада?

Бир бойнинг олдига чўпони келиб, “Бой ота бўлди, чарчадим, кетаман деса, бой: “сен кетсанг қўйларингни ким боқади , дебди. Шунда чўпон қўйларга қараб: “ҳа-я, буни ўйламабман-а”, деб яна қўйларни яйловга ҳайдаб кетган экан.

Пойтахтдаги бир маҳалла раисига маҳалла эшигига осилган пешлавҳанинг русча шаклини олиб ташланг, десам, ким айтди, – деди, хавотиру ҳадик билан у ёқ-бу ёққа қараб.

 – Мен айтяпман.

– Ука, бизда рус миллатига мансуб аҳоли вакиллари ҳам бор-да, – дейди, яна бир атрофга қараб олиб, худди биров эшитмаётганмикин, дегандай.

– Хўш, қанча улар?

– 15-20 фоиз.

– Наҳотки, 30 йилдан буён ўзбек тилини ўрганишмаган бўлса. Ёки русча ёзмасангиз, маҳалла идорасини топиб келишолмайдими?

– Ҳа, энди, шунгаям...

 Тушуниб олаверинг. “Ота гўри қозихонами? Бирон нарсани ўзгартирадими? Турса бировга халақит беряптими? Қайтанга қанотдай чиройли турибдику. Ҳаммага тушунарлику, сенга нима”, демоқчи бўлганини англаш қийин эмасди..

Кўчалардаги русча рекламалар масаласи ҳам шунга ўхшайди.

“Ҳа, энди, шунга шунчами...”

Бу қоида оддий қоида эмас, олтин қоидага айланганини, уларни бузиш бировнинг уйини бузишга бўлган ҳаракатдай қаршиликка учрашини, рекламаларни ўзбекчалаштиришга бўлган ишларда, уринишларда яққол кўринди. Айниқса, қонунни пеш қилиб, ўзини ҳимоя қилиш ва бу ҳақда матбуотда жар солганларнинг ҳаракатларида. Шундай кезларда яна беихтиёр фикрларини иқтибос қилиб олганимиз – Эркин Воҳидовнинг “Ўз тилингни унутсанг, музга айлангай дилинг” деган сатрлари ёдга тушади. Ҳа, ишонинг тилимизга нисбатан айримларимизнинг дилимиз музга айланибди.

Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти томонидан амалга оширилаётган ишларнинг пировард мақсади тилимизга бўлган муносабатни ўзгартириш, ўзбек тилини унутаёзганларнинг дилинию тилини эритиш.

Аммо олиб борилаётган саъй-ҳаракатлардан кейин ҳам ноўрин қўлланилиши оқибатида янги, ўзига хос сўзлар пайдо бўлмоқда-ки, уларни ҳар куни ойнаи жаҳонда, радиода эшитиш мумкин.

Масалан, кир ювиш кукуни бўйича берилаётган рекламада ишлатилаётган “Мураккаб доғлар” жумласи ҳар куни эфирда жаранглайди. Эмишки, уларнинг кукуни мураккаб доғларни осон тозалайди. Демак, бу кукун содда доғларга яқинлашса, улар қочиб кетса керак, балки учиб кетар, янаям тўғрироғи эса, ўчиб кетса керак. Ўзбек тилида содда ёки мураккаб доғлар бўлмайди. Тез кетадиган ва кетмас доғлар бўлади.

Тўғри, қонунда реклама ва эълон берувчилар хоҳлаган тилида реклама беришга ҳақли деган жойи бор. Устига устак ўзбек тилида бераётган бўлса, умуман эътироз билдирмайсиз. Ахир, у соф ўзбек тилида бериляпти-да. Лекин таржимон ўзбек тилида кетмас доғлар, бир силталаса учиб кетадиган чанглар борлигини билмаса унда нима айб? ТВ ёки РВ масъуллари рекламага тузатиш киритишга ҳаққи йўқ. Чунки у пулли. Қолаверса, уларниям реклама берувчиларни ҳимоя қиладиган қонун ҳимоялаб турган бўлса. Бу ёғи “Лалихон, ҳайда қўйингни боқаман — реклама берган тадбиркорга боқаман-ми?

Бундай рекламаларни кўплаб келтириш мумкин. Сўзларнинг ноўрин қўлланиши, кўп ҳолларда бузиб талаффуз қилиниши кўнгилни хира қилади. Масалан, “иложи йўқ” деган сўзни “иложиси йўқ” тарзида қўллайдиганлар бор. Қозоқ биродарлар касб ҳунар лицейини касб-ҳунар лицейси деб аташар экан. Демак, унли ҳарфдан кейин – си қўшимчасини қўшиш қўшниларимиздан ўтган кўринади.

“Ҳақим”, “ҳаққи” сўзини “ҳаққим, ҳаққи” дейдиганлар, шум болага ўхшаб “Бой ота, ҳаққимни беринг”, деб бақирадиганлар ҳам талайгина. Бу сўзнинг асл ўзаги – ҳақ. Эгалик қўшимчаси қўшилганда, бировнинг ҳаққи эмас, ҳақи бўлади. Афсуски, ижтимоий тармоқлар тугул баъзи рўзномаларда ҳам “ҳаққи”, “ҳаққини” шаклида ёзилаётган ҳолатлар тез-тез учрамоқда.

Хуллас, бу каби хатоликларни тўғрилашга, тилимизнинг нуфузини оширишга, энг асосийси, унинг давлат тили сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга барчамиз бирдек ҳаракат қилсак, миллий ғуруримизни сақлашга шунчалар жон куйдирган бўламиз.

Шуҳрат РЎЗИЕВ,

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг маслаҳатчиси