Маълумот учун, мазкур компаниялар асосан қишлоқ хўжалиги, электротехника, тўқимачилик, қурилиш-пудрат, машинасозлик, озиқ-овқат саноати, энергетика, туризм, олий таълим ва бошқа йўналишларда фаолият кўрсатади.
Тадбирда Хитойнинг машинасозлик ва электротехника саноати бўйича йирик савдо-саноат палатаси, Хитойнинг йирик компаниялари вакиллари Ўзбекистондаги ижобий фаолият тажрибаси бўйича сўзга чиқдилар.
Бизнес-форумнинг иккинчи қисми “Бизнес-Ҳукумат” ва “Бизнес-Бизнес” форматида музокаралар шаклида ўтказилди.
Унда Қашқадарё вилоятидан Хитойга делегация таркибида борган 20 дан ортиқ тадбиркорлар хорижий томон тадбиркорлар доираси вакиллари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича мулоқот қилдилар.
Форум якунлари бўйича умумий қиймати 200 млн. доллардан ортиқ инвестиция шартномалари имзоланди. Шуниндек, сафар жараёнида Хитойнинг “CAMC Engineering” компанияси офисида компания раҳбарияти билан икки томонлама учрашув ўтказилди.
Учрашувда компания билан ҳамкорликда Қашқадарё вилоятида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларида музокаралар ўтказилди.
Унда Қашқадарё вилояти Китоб туманида йилига 200 минг хорижий туристга хизмат кўрсатадиган “Қайнар” туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш, жумладан, ҳудуднинг халқаро даражадаги мастер-режасини ишлаб чиқиш масаласида келишувга эришилди.
Ўз навбатида, мазкур ҳудудда 15 млн. доллар тўғридан-тўғри инвестициялар киритиш асосида замонавий осма дор йўлини қуриш бўйича келишув ҳужжати имзоланди.
Шунингдек, “Қарши” халқаро аеропорти яқинидаги махсус иқтисодий зонасини ҳамкорликда ривожлантириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Мазкур масалада Хитой томони ушбу ҳудудга хитойлик компанияларни жалб қилиш асосида уни комплекс ривожлантириш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилди.
Вилоят ҳокими давлат раҳбаримизнинг тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш, инвестиция фаолиятини ҳар томонлама рағбатлантириш сиёсатлари натижасида бугунги кунда Ўзбекистонда, шу жумладан, Қашқадарё вилоятида компания фаолияти учун улкан имкониятлар яратилганини таъкидлади.
Ўз навбатида, “Бир макон-бир йўл”, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлининг қурилиши, Хитой тадбиркорларининг Афғонистон бозорига киришида вилоятнинг транзит йўналишда жойлашувининг аҳамияти ҳам таъкидланди.
Хитойнинг “CAMC Engineering” компанияси ҳам Ўзбекистондаги шу жумладан, Қашқадарё вилоятидаги бизнес муҳитини қулайлигини, кейинги режалар вилоятга кўпроқ компанияларни жалб этишга қаратилганлигини таъкидлади.
Тадбир якунида вилоят ҳокимлиги ва компания раҳбарияти ўртасида 16 млн. доллар қийматдаги шартномалар имзоланди.
Вилоят ҳокими бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи давом этмоқда.