Уларнинг кўриниши ортида саломатлик учун қандай ҳавфли таъсирлар яширинган? Аҳолини қизиқтираётган шу каби саволлар билан Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими Ақида Носирова билан суҳбатлашдик.
— Нима сабабдан инсон организми учун сув муҳим ҳисобланади?
— Инсон танасидаги сув миқдори 45-75%ни ташкил этгани сабабли етарли миқдорда сув ичиш организм учун муҳимдир, аммо кўпчилик танадаги сув балансини мувозанатда ушламайди. Тоза сув танадаги суюқлик етишмаслигини тўлдиради, касалликларни енгишда кўмаклашади. Қаҳва, газли сув, шакарли шарбат каби баъзи ширин ичимликлар эса, аксинча, зарарли бўлиши мумкин.
— Табиий газланган сувлар илгари қандай мақсадларда ишлатилган?
— Табиий газланган сувлар қадим замонлардан маълум бўлиб, табиблар улардан даволаш мақсадларида фойдаланиб келишган. ⅩⅧ асрда минерал сувлар шиша идишларга қуйилиб, сотила бошланди. Бироқ, у анча қиммат бўлиб, қолаверса, жуда тез ўзгарар эди. Шу боисдан ҳам, кейинчалик, бу сувларни сунъий равишда газлаштиришган.
Газланган ширин ичимликлар танани электролитлар билан бойитади. Шу туфайли уларни мутлақ зарарли деб бўлмайди.
— Газланган ичимликлар таркибига қандай моддалар киради?
— Карбонат ангидрид консервант ҳисобланади ва қадоқларда Е290 сифатида белгиланади. Газланган ичимликлар таркибига кирувчи натрий бензоат озиқ-овқат маҳсулотларида консервант сифатида қўлланилади. Натрий таркибли консервантлар организмдаги калий миқдорини камайтиради. Ширин газланган ичимликлар таркибидаги шакар ва кислота эса, тиш эмаль қатламини парчалайди. Кариес тиш илдизи, негизи ва асаб толасига етганида тиш парчаланади.
Аксарият ширин газланган ичимликлар таркибида маккажўхори сиропи кўп миқдорда бўлиб, у иккинчи типдаги қандли диабет ёки юрак билан боғлиқ хасталикларни келтириб чиқаришга сабаб бўлиши мумкин. Газли ширин ичимликлар истеъмолини севувчиларнинг 80 фоизида қандли диабетни орттириши эҳтимоли юқори бўлади.
— Газланган ширин ичимликлар таркибида фосфор кислотаси ҳам бўладими?
— Ҳа, кучли газланган ширин ичимликлар катта миқдорда фосфор кислотасини ҳам ўзида сақлайди. Бу кислота буйракда тош пайдо бўлиши, суяк билан боғлиқ муаммоларга олиб келади. Бу кислота таъсирида суяклар мўртлашади ва остеопороз ривожлантириши мумкин. Пешоб билан танадан чиққан фосфор кислотаси ўзи билан кальций ва бошқа фойдали минералларни олиб чиқади.
— Газли ичимликлар семиришга қандай таъсир қилади?
— Семириш ва ширин газли ичимликлар ўртасидаги боғлиқлик турли тестлар ва синовлар натижасида аллақачон исботини топган. Бир стакан ширин газли ичимлик ичгач, қон таркибидаги шакар миқдори ошади, жигар эса углеводларни ёғга айлантиради.
— Шу ўринда энергетик ичимликлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз, улар таркибидаги кофеин миқдори нима учун хавфли?
— Дарҳақиқат, алкоголсиз қувват ичимликлари унчалик ҳам хавотирли эмасдек туюлади. Чунки таркибида кофеин, шакар, таъм берувчи қўшимчалар ва витаминлар бор. Бироқ, ичимлик хавфи ушбу моддаларнинг концентрациясидадир. 300 миллилитрли ичимликда кўп миқдорда, аниқроқ айтганда, 7 финжон қаҳвадагидек кофеин бўлади, бу асаб тизими, юрак-томир тизимига жиддий зарба ҳисобланади. Бундан ташқари, улар таркибида кўмир кислотаси бўлган кучли газланган ичимлик ҳамдир. Яна бир жиҳатни ҳам тан олиш керакки, кучли газланган ичимликларни ишлаб чиқарувчилар хавфсиз истеъмол миқдорини ҳам ёрлиқларда маълум қилишади. Лекин, истеъмолчилар, табиийки, бунга амал қилмайди.
— Ўзбекистонда кимлар кўпроқ газли ичимликлар истеъмол қилади?
— Европа Комиссияси ва Озиқ-овқат бўйича тадқиқот маълумотларига кўра, Ўзбекистонда эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ алкоголсиз газли ичимликларни истеъмол қилади (мос равишда 62% ва 44%), лекин аёллар орасида эркакларга нисбатан семириш ҳолатлари кўп учрайди.
Аҳоли саломатлигини яхшилаш мақсадида ичимликлардаги шакарга янги солиқни (акциз маркаси) жорий этиш, аввало, семириш ва қандли диабет касалликларининг сабабларини аниқловчи илмий таҳлил ва тадқиқот ўтказишни талаб қилади.
— Ичимликлар таркиби қандай ҳужжатлар асосида тартибга солинади?
Газли ширин ичимликлар таркибига кирувчи буёқлар, ширинлаштирувчи моддалар, ароматизаторларнинг меъёрлари Адлия вазирлиги томондан рўйҳатга олинган 2026 йилдан кучга кирган халқаро стандартларга мувофиқлаштирилган »Озиқ-овқат қўшимчаларига ва улардан фойдаланишга ҳамда озиқ-овқат қўшимчаларини тамғалашга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари» 0098-25-сон СанҚваН да белгилаб қўйилган.
Мутахассис фикрларидан кўриниб турибдики, газли ширин ичимликлар фақат чанқоқ босувчи восита эмас, балки саломатликка жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган маҳсулотдир. Айниқса, уларни мунтазам истеъмол қилиш қандли диабет, семириш, тиш емирилиши, суяк мўртлашиши ва юрак-қон томир касалликлари хавфини оширади. Шу боис кундалик ҳаётда тоза сув истеъмолини кўпайтириш, газли ва энергетик ичимликларни эса меъёрда қабул қилиш соғлом турмуш тарзининг муҳим шарти ҳисобланади.
Зулхумор Акбарова