Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Шулардан энг асосийси, табиийки, ўсмирларнинг ижтимоий тармоқларга боғланиб қолиши таъсирида ўқиш ва билимга қизиқиши пасайиб кетишидир. Шу маънода, 2023 йилда ЮНЕСКО бутун дунё мактабларида смартфонлардан фойдаланишни тақиқлаш бўйича чақириқ билан чиққани бежиз эмасди.
Маълумотларга кўра, дунёдаги ҳар тўрт мамлакатдан биттасида мактабларда телефондан фойдаланиш бўйича аниқ белгиланган тақиқлар мавжуд. Бу 13 фоиз ҳолатда мамлакатдаги қонунлар, 14 фоиз ҳолатда эса мобил телефондан фойдаланишни тақиқловчи сиёсат кўринишида амалга киритилган.
Гаджетларга хаёли бўлинган бола қайта диққатини жамлаши учун 20 дақиқа сарфлаши керак. Бу эса ўз-ўзидан боланинг ўзлаштиришига таъсир қилади.
ЮНЕСКО бу борада Бельгия, Испания ва Буюк Британияда ўтказилган тадқиқотларни келтиради. Мазкур тадқиқотларда кўринишича, синфхоналарда телефон ишлатиш тақиқланганда ўқувчиларнинг ўзлаштириши яхшиланган. Айниқса, ўзлаштиришда қийинчиликка дуч келадиган ўқувчиларда натижа яхши бўлган. Шунингдек, кўп вақт экранга қараш ўқувчиларнинг ўзлаштиришидан ташқари уларнинг ижтимоий муносабатларга киришувчанлигига, руҳий ҳолатига салбий таъсир қилиши, ёшларда руҳий инқирозларга сабаб бўлиши мумкин.
Хитойда 2021 йилдан бошлаб ўқувчиларнинг мактабга телефон олиб бориши тақиқланган. Мабодо олиб борилганда ҳам дарс бошланишидан олдин уни ўқитувчига топшириши шарт. Францияда эса бошланғич ва ўрта синф ўқувчиларига мактаб биноларида телефондан фойдаланиш тақиқига сал аввалроқ — 2018 йилда киришилган. Норвегияда ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ёш чекловлари (15 ёш) жорий этилган.
Австралия, Франция, Чехия, Испания, Бангладеш каби давлатларда мактаб ўқувчилари дарс пайтида мобил қурилмаларидан фойдаланишга чекловлар ўрнатилган.
Халқаро кузатувларга кўра, мактабларда телефондан фойдаланиш чекланганидан сўнг кибербуллинг ҳолатлари 20-30 фоиз қисқарган. Таълим олиш жараёнига салбий таъсири боис, Жанубий Корея мактабларида мобил алоқа воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланган.
АҚШ мактабларининг асосий қисмида ҳам фақатгина академик мақсадлардагина телефондан фойдаланишга рухсат берилади. Қолган ҳолатларда смартфон ишлатиш мумкин эмас.
Ўзбекистонда мактабларда мобил телефондан фойдаланиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 21 майдаги “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан белгиланган. Мактабга кириб келишда ҳар бир ўқувчи, ходим ва бошқа шахслар ўз телефони овозини тўлиқ ўчириб қўйиши (телефонни “овозсиз” режимга ўтказиши) шарт.
Шунингдек, дарс машғулотларидан олдин телефонни ўчириб қўйиш талаб этилади. Қолаверса, Умумий ўрта таълим муассасасининг такомиллаштирилган намунавий одоб-ахлоқ қоидаларида ҳам ўқувчиларнинг мактаб ҳудудида телефондан фойдаланмаслиги билан боғлиқ талаблар белгиланган.
Энди савол: технология ривожланган даврда ўқувчиларга мобил телефондан фойдаланишни чеклаш ёки тақиқлаш шартми ва бунда нималарга аҳамият бериш керак?
Ўзбекистон шароитида мазкур масала долзарблигича қолмоқда. Негаки амалдаги меъёрий ҳужжатлар мавжуд бўлишига қарамай, амалиётда назорат механизмлари етарли эмаслиги, ота-оналар, таълим муассасалари ва жамият ўртасида масъулият аниқ тақсимланмагани кузатилмоқда. Кўплаб ҳолларда мобил телефонлар билан боғлиқ чекловлар жазога асосланган бўлиб, тушунтириш ва профилактик ёндашув етарли даражада йўлга қўйилмаяпти. Шундай экан, бизнингча, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузурида айнан шу масала билан шуғулланувчи ишчи гуруҳ шакллантириш лозим ва унга ёшлар таълим ҳамда тарбиясига масъул бошқа вазирлик, идоралардан мутахассислар жалб қилиниши мақсадга мувофиқ. Мактаб ўқувчиларини ижтимоий тармоқлардаги зарарли контентлардан ҳимоялаш борасида қонунчиликка ўзгартиришлар, стратегик режа лойиҳалари ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиш лозим.
Бунда қуйидаги ишлар босқичма-босқич амалга оширилиши таклиф этилади:
- ушбу йўналишдаги ишлар оммалашган ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш;
- мавжуд қонунчилик базасини мониторинг қилиш ва тегишли таклифлар лойиҳасини тайёрлаш, хусусан, 16 ёшдан кичик фойдаланувчиларнинг онлайн платформаларда рўйхатдан ўтишига тақиқ жорий этувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш ва кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш;
- ўқувчилар учун махсус сим-карталарни рўйхатдан ўтказиш ишларини йўлга қўйиш ва унинг назоратини олиб бориш;
- ўқувчилар ўртасида асосан қандай контентлар оммалашганини ижтимоий сўровлар ўтказиш орқали аниқлаш;
- ўқувчилар учун ижтимоий хавфи кучли бўлган контентларни блоклаш ва улар ҳақидаги маълумотларни ота-оналар, синф раҳбарларига етказиш тизимини яратиш;
- мактабларнинг сараланган ўқитувчиларидан иборат медиатренерлар таркибини хавфсиз интернет бўйича тайёрлаш (камида ҳар бир туман, шаҳардан 2-3 нафардан) ва улар томонидан барча туман, шаҳарларда каскад усулида ўқитувчиларни медиасаводхонликка ўқитиш;
- таълим муассасаларида мобил қурилмалардан фойдаланишни тартибга солишда фақат тақиқлашга эмас, балки онгли бошқарувга асосланган комплекс ёндашувни жорий этиш.
Халқаро амалиётда самарадорлиги исботланган “назорат ва муқобил муҳит” модели шундан далолат беради. Ушбу модель доирасида, бир томондан, техник чекловлар ва рақамли хавфсизлик чоралари кучайтирилса, иккинчи томондан, ўқувчилар учун ижтимоий фаоллик, жамоавий ишлаш ва медиамаданиятни ривожлантирувчи муқобил фаолиятлар ташкил этилиши керак.
Бундан ташқари, таълим муассасалари учун “рақамли хавфсиз ҳудуд” мақоми жорий этилиб, мактаб ҳудудида ижтимоий тармоқлар ва зарарли контентга кириш техник жиҳатдан чекланиши керак. Шу билан бирга, ўқувчилар учун махсус таълимий рақамли муҳит концепцияси ишлаб чиқилиб, мобил технологиялар таълимдан ажратилган, аммо фойдали йўналтирилган шаклда қўлланилиши зарур.
Ўқитувчиларни “рақамли синфни бошқариш” бўйича махсус тайёрлаш, ота-оналар учун эса фарзандларнинг рақамли хулқ-атворига доир масъулиятни оширувчи тушунтириш механизмларини жорий этиш ҳам яхши натижа беради.
Умуман олганда, таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш масаласи фақат ички интизом ёки техник чеклов масаласи эмас, балки келажак авлоднинг билим сифати, тафаккури ва ижтимоий барқарорлиги билан боғлиқ стратегик масала ҳисобланади. Шу боис, ушбу йўналишда давлат сиёсатини такомиллаштиришда халқаро тажриба, замонавий статистик таҳлиллар ва миллий шароитни инобатга олган ҳолда тизимли ва мувозанатли қарорлар қабул қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Тўхтасин АРСЛОНОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Таълим муассасалари билан ҳамкорлик бўлими бошлиғи