Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган кўп босқичли тезкор-қидирув тадбири доирасида қўшни давлатдан олиб келинган катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди. Жумладан, Наманган шаҳри ҳудудида ҳаракатланаётган “Нексия” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган 1978 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган фуқарога тегишли целлофан пакетда 944 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланди.

Терговга қадар текширув давомида, у гиёҳвандлик воситасини Наманган шаҳрида яшовчи, 1982 й.т. наркосавдогардан 9900 АҚШ долларига сотиб олгани маълум бўлди.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур шахс ҳам ушланди ва ундан 9200 АҚШ доллари ҳамда 18,4 млн сўм миқдоридаги пуллар ашёвий далил сифатида олинди.

Шунингдек, тезкор тадбирнинг кейинги босқичида уларга ажал оғусини етказиб турган андижонлик 1987 ва 1998 йилларда туғилган икки нафар шахс кетаётган “Ласетти” автомашинасидан 9 кг 801 гр “гашиш” моддаси олинди.

Давлат хавсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам наркокурьерлар томонидан Бекобод шаҳрида “закладка” усулида яшириб кетилган 977 гр “гашиш” моддасини қабул қилиб олган вақтида 1985 й.т. маҳаллий фуқаро ушланди.