Бугун юртимизда Президентимиз ташаббуси ва топшириқлари билан ёшларимизнинг чуқур билим ва салоҳиятга эга бўлиши, уларни етук ва баркамол шахс этиб тарбиялашга давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай олий мақсад йўлида таълим тизимининг барча бўғинларида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сизнинг жондан азиз ўғил-қизларингиз ҳам ўзининг эзгу орзу, ниятларига эришиб, жамиятда муносиб ўрин топишига ишончимиз комил, албатта.
Бу борада уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш Сиз ва бизнинг муқаддас бурчимиз ҳисобланади. Фарзандингиз олий ўқув юртида таҳсили учун талабалик бахтига муяссар бўлиши, келгусида юқори малакали мутахассис сифатида етишиши учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Шундай экан, сифатли таълим ва тарбия жараёнини самарали ва таъсирчан ташкил этишда Сизлар ҳам бефарқ бўлмаслигингиз, дилбандларингиз хулқи бўйича эътиборни кучайтиришингиз зарур.
Баъзи бир таълим муассасаси ўқувчилари Ғарбдан кириб келган, миллий менталитетимиз, маданият ва маънавиятимизга хос бўлмаган Tik-tok ва бошқа турли мессенжерлар орқали улашаётган қилиқлари бизни ташвишга солмоқда. Ҳозир ота-оналарга айтмоқчимизки: фарзандингиз дарсларни қандай ўзлаштираётганига қизиқинг. Устозидан улар тўғрисида сўраб туринг. Таҳликали ва глобаллашув замонида ўғил-қизларингизни бир дақиқа ҳам назоратсиз қолдирманг. Талабчанликни янада кучайтиринг.
Айбни фақат ўқитувчидан ахтармасдан, ўзингиздан, уйингиздаги муҳитдан ҳам ахтаринг, болаларингиз учун қай даражада вақт ажратаётганингизни ўйлаб кўринг. Шуни теран англаб олишимиз лозимки, юқорида саналган барча масалаларни фақат илм муассасаси раҳбарлари ёки педагоглар бажаради десак, нотўғридир. Сизу биздан талаб қилинадигани фақат ва фақат меҳр-эътибор, ўғил-қизларимизнинг таълим-тарбияси, одобу ахлоқи, юриш-туриши, маънавияти тўғрисида доимо, ҳар лаҳза қайғуришдир. Ҳамкорликда ҳаракат қилсак, куч ва имкониятимизни бирлаштириб ишга солсак, келажагимиз ҳақиқий эгалари қисқа вақтда ҳаётда ўз ўринларини топишларида катта имконият яратган бўламиз.
АЗИЗ ЎҚУВЧИ-ЁШЛАР!
Бугун биз шиддат билан ривожланиб бораётган, ахборот технологиялари даврида, тараққиёт асрида яшаяпмиз. Сизни истиқбол сари шаҳдам одимлашга, дадил парвозга ундаётган орзу-истакларингиз ҳам шунга монанд. Элга муносиблик, юртга камарбасталик аҳдини дилига жо этган ўғил-қиз борки, умумтаълим фанларини намунали ўзлаштириб, замонавий билимларни чуқур ва мукаммал ўрганишга интилади. Бинобарин, буюк мутафаккир аждодимиз Юсуф Хос Ҳожиб ўгитларидан ҳам аёнки, саодат калити билимда, ўқиб-ўрганишда.
«Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади». Олий Мажлисга Мурожаатномада мамлакатимиз раҳбари Сизларнинг камолингизга юксак умид билдириш баробарида ишонч билан шундай дея таъкидлаб ўтди. Юртимизнинг эртанги равнақи ва истиқболи Сизнинг ўқиб-ўрганиб, изланиб-интилиб, ҳар жиҳатдан етук, интеллектуал салоҳиятли улғайишингизга боғлиқ деганидир.
Демак, табаррук даргоҳ – мактаб остонасида ўтаётган ҳар бир кун, ҳар бир дақиқани ғанимат билиб, бутун диққатингиз, куч ва имкониятингизни билим олишга, жисмонан ва маънан баркамол улғайишга сарфланг. Зотан, «Нимаики қилсанг тилак, барига ўқиш керак!» деган таъкид ҳам шунга қаратилган. Биз Сизнинг билим-маҳорат, одоб-ахлоқингиз билан бир-бирингизга ўрнак бўлиб, ёруғ келажак сари, юксак чўққилар, баланд марралар томон астойдил боришингизга ишонамиз. Бу ишончни оқлаш Сизнинг Она ватанга муносиб фарзандлар бўлиб камол топишингизда намоён бўлади. Улуғ мақсад йўлида ҳар бирингизга муваффақият, омад ёр бўлсин! Зеро, маърифатпарвар аллома Абдулла Авлоний айтганидек, «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир!»
Ҳурмат билан: Рустамжон ИСРОИЛОВ,
Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи.