Суҳбат аввалида Димовска хоним икки ҳафта олдин Наманганда бўлган чоғида кўрсатилган самимий қабул учун вилоят раҳбарига ўз миннатдорлигини билдирди.

Шавкатжон Абдураззақов Наманган вилояти ҳокимлиги БМТ Тараққиёт дастури ваколатхонаси билан самарали ҳамкорликка тайёр эканлигини яна бир бор тасдиқлади.

БМТ ТД томонидан маҳаллий фермерларни иқлим ўзгаришларига тайёрлаш, савдо-сотиққа кўмаклашиш, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш тизимини қўллаб-қувватлаш каби умумий суммаси 2 млн. доллардан ошиқ 6 та лойиҳа амалга оширилган, 5 та янги истиқболли лойиҳа кўриб чиқилмоқда.

Тадбирда БМТ Тараққиёт дастури ваколатхонаси томонидан аёллар бандлигини таъминлаш, ёшлар салоҳиятини ошириш, қуёш энергиясидан фойдаланиш, Чуст ва Чоркесарда экологик вазиятни яхшилаш каби йўналишлардаги истиқболли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов бу лойиҳаларга қўшимча равишда вилоятда меъморчилик бўйича кадрлар тайёрлаш, кичик саноат зоналарини ривожлантириш, янги ташкил этилаётган маҳалла ва кўчаларни муқобил энергия ёрдамида ёритиш, “Ёшлар дафтари” ижросини таъминлаш каби йўналишларда ҳам ҳамкорлик қилиш юзасидан ўз таклифларини билдирди. БМТ Тараққиёт дастури ваколатхонаси жамоасини Наманган вилоятига яна бир бор келишга даъват қилди. 

Матильда Димовска ушбу таклифларни мамнуният билан қабул қилди ҳамда ваколатхона мазкур ташаббусларни кўриб чиқишга тайёр эканлигини таъкидлади.