Мамлакатимизда хорижий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароитлар яратилган. Булар, энг аввало, тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан белгилаб берадиган, хусусий мулкчиликни ва рақобатчиликни ҳимоя қиладиган қонунлар базаси яратилгани, шу билан бирга, уларга тезкор ва шаффоф давлат хизматларини кўрсатиш инвесторлар юмушини осонлаштирмоқда.

Наманган вилоятида ҳам инвесторларга ишбилармонлик муҳити яратилгани боис, кўплаб хорижлик сармоядорлар ўзларининг тадбиркорлик фаолиятларини бошлаб, янги иш ўринлари яратишмоқда. Ортда қолган 6 ой давомида туман, шаҳар Давлат хизматлари марказлари орқали 16 та хорижий ва қўшма корхона давлат рўйхатига олинган.

Биргина Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан 8 та чет эллик фуқаро иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтказилган. Жумладан, марказ томонидан Украинанинг «Meliorant tadeusz zajac spolka komandytowa» корхонаси ҳамда Польшанинг «Rolbahnk group sp. Z.О.О» корхонаси ҳамкорлигида устав фонди миқдори 3.180 000 000 сўмни ташкил этган «Meliorant investments» масъулияти чекланган қўшма корхона ташкил этилди. Мазкур қўшма корхонанинг асосий фаолияти коммунал хизматлари кўрсатиш, шаҳар ҳудудида замонавий канализация тизимини ташкил қилиши ҳамда чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган. Келгусида 50 та янги иш ўрини яратиш режалаштирилган.

Шунингдек, Туркия ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамкорлигида устав фонди миқдори 400 000 000 сўмни ташкил этган «Ozimus textil import export» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона давлат рўйхатидан ўтказилди. Янги фаолият бошлаган қўшма корхона тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариб, тайёр маҳсулотни чет давлатга экспорт қилишни кўзлаган. Корхона тўлиқ қувват билан ишга туширилса, 100 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланади.

Маълумот ўрнида, Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида рўйхатдан ўтказилган 8 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар томонидан қарийб 25,4 миллиард сўм хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилиши режалаштирган. Уларнинг фаолият бошлаши билан 500 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлашга эришилади.

Албатта, юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш муҳим омил саналади. Айниқса, чет эл фуқаролари иштирокидаги қўшма корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш экспорт салоҳиятини юксалтиради.

Нодирбек ИСОМИДДИНОВ,
Наманган шаҳар ДХМ директори.