АҚШ, Индонезия, Ҳиндистон ва Қирғизистоннинг инглиз тили бўйича мутахассислари Наманганда ташкил этилган семинар-тренинг давомида тил ўргатиш кўникмаларини янада такомиллаштириш мавзусида ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Наманган муҳандислик-технология институти ташаббуси билан «Умумтаълим мактаблари ва олий таълимда чет тилини ўқитишнинг узвийлиги» мавзусидаги халқаро семинар-тренингда НамМТИ академик лицейи ва институтга бириктирилган Наманган шаҳри ҳамда Мингбулоқ туманидаги 5 та умумтаълим мактаби чет тили фани ўқитувчилари иштирок этди.

Куннинг биринчи қисмида халқаро мутахассисларнинг тақдимотлари тингланди. Мавзу юзасидан сўз олганлар дарс давомида эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтилди.

Институтнинг тажрибали ўқитувчилари ва хорижлик талабалар иштирокидаги маҳорат дарслари давомида фан ўқитувчилари ўзлари учун керакли кўникмаларга эга бўлди, деб хабар беради Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.