Тезкор ҳаракатлар натижасида 100 миллион сўмли 9 минг қути сигарет мусодара этилди.

Фарғона водийси бир неча йилдан бери ноқонуний тамаки маҳсулотлари савдосининг кўлами бўйича етакчи ўринларни эгаллаб келади. Маълумки, контрабанда сигаретларнинг асосий қисми Фарғона, Наманган ва Қўқон улгуржи бозорларида «қўним» топади.

Шунингдек, ноқонуний сигарет савдосидан давлат бюджети катта зарар кўради. 2023 йилда мана шу ҳолатлар туфайли бюджет 700 млрд сўм солиқ тушумларини бой берди, улар муҳим ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга йўналтирилиши мумкин эди.

Бундан ташқари, бу ҳолатларга нафақат давлат бюджетига зарар, балки истеъмолчи учун зиён нуқтаи назаридан ҳам қараш керак. Бундай маҳсулот хавфлидир. У қаерда, ким томонидан ишлаб чиқарилади, қандай сақланади – ҳеч ким билмайди. Бундай сигаретлар ҳеч қандай текширувдан ўтмайди, демакки, сифат кафолатига эга эмас. Шу тариқа, агар истеъмолчи заҳарланса, бунинг учун ҳеч ким жавобгар бўлмайди ва зиённи қопламайди.

Шу сабабли, контрабандага қарши курашишда фуқароларнинг ўзлари ҳам фаол қатнашмоқда. Масалан, акцизи бўлмаган товарлар сотиладиган савдо нуқталарини кузатиш осон бўлиши учун, Солиқ қўмитаси Солиқ.уз иловасида мурожаатлар учун махсус шаклни жорий этди. Истеъмолчи ҳуқуқбузарлик фактини қайд этиб, бу ҳақда солиқ органига мурожаат қилса, кифоя. Фактлар текширилгач, аризачи жарима суммасининг 20 фоизи миқдорида мукофот олади.