Сўнги 2 йил давомида бутун дунёда тиббиёт ходимларига эҳтиёж ошди. Бунинг сабаби барчамизга маълум бўлганидек, коронавирус пандемиясидир. Аҳолига хизмат кўрсатиш кўлами ва ишчи ходимларининг кўплиги билан ҳам Навбаҳор туман тиббиёт бирлашмаси тумандаги энг катта муассасалардан бири ҳисобланади.

Шу боис Навбаҳор туман тиббиёт бирлашмасида пресс-тур ташкил этилди. Пресс-тур давомида туман тиббиёт бирлашмасида соғлом ва носоғлом овқатланиш бўйича кўргазмалар, ўта хавфли юқумли касалликлар аниқланганда тиббиёт ходимининг ҳаракат тактикаси, коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш жараёнларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнлари билан оммавий ахборот воситалари ходимлари таништирилди.

ОАВ вакиллари билан мулоқот жараёнида таъкидланишича, 2020 йил пандемия даврида коронавирус инфекциясига қарши кураш тадбирларини амалга ошириш мақсадида жами туман ҳокимлиги захира маблағларидан 775 миллион 481 минг 996 сўм ажратилган бўлиб, ушбу маблағлар беморларни даволаш ва ишчи ходимларни ҳимоя кийимлари ва антисептик воситалари учун ишлатилган. Навбаҳор туман тиббиёт бирлашмаси коронавирус инфекциясига эрта ташхис қўйиш ва профилактик тадбирларни эрта амалга ошириш мақсадида 15 та эмлаш бригадалари,15 та эмлаш пунктлари, 3 та мобил бригада эмлаш жараёнига 69 нафар тиббий ходим,18 нафар врач, 33 нафар вакцинатор ва унинг дубльёрлари, 18 нафар регистратор тайинланган.

Шунингдек, яқин кунларда ишга туширилиши режалаштирилаётган янги поликлиникага рақамли рентген ва УЗИ аппарати келтирилган. Ушбу аппарат ёрдамида касалларга тўғри ташхис қўйиш ва скринингдан олдинги текширувларда болаларда учраши мумкин бўлган нуқсонли касалликларни олдини олишга хизмат қилиши билан аҳамиятли, деб хабар беради Навоий вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.