Шу боис, Алишер Навоийнинг қутлуғ номи тилга олинганда ўзбек халқи, шу халқ номи эсланганда эса улуғ шоирнинг нурли қиёфаси кўз олдимизда гавдаланади.
Буни Президентимизнинг 2020 йил 23 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида сўзлаган нутқи мисолида ҳам кўриш мумкин. Дунё жамоатчилигининг эътиборини тортган бу маърузага нисбатан Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ўз муносабатини билдираркан, Ўзбекистон Президентининг Навоий тилида гапирганини ифтихор билан эътироф этган эди.
2020 йил 19 октябрда давлатимиз раҳбарининг «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу эса, ўз навбатида, «ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, Ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаган» буюк шоирга чинакам эҳтиром нишонаси бўлди.
Алишер Навоий ижоди нафақат муаллиф адабий ниятининг улуғворлиги билан, балки ана шу буюкликка ниҳоятда муносиб яратилган кўркам либос янглиғ бадиий кашфиётларнинг мўъжизакорлиги билан ҳам ҳайратланарлидир. Улуғ шоир назму насрининг байт, банду жумлаларидаги нозик ишораларни теран мушоҳадакорлик асосида англаш китобхон руҳи онийда сесканишига, туйғулари жунбишга келишига омил бўлади.
Бундай саодатни бугунги китобхонга тақдим этиш учун Алишер Навоий асарлари сарчашмаларига таянилган янгича талқинларга эҳтиёж ошиб бормоқда. Шу сабабли кейинги йилларда шоир ижодини илмий тадқиқ этишга қаратилган эътибор тизимли равишда оширилиб борилгани кузатилади.
Илмий изланишлар
Президентимизнинг юқорида номи келтирилган қарорида белгиланган вазифалар, шунингдек, Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилгани фикримизнинг ёрқин далилидир. Табиийки, бундай эътибор ўз самараси билан жозибалидир. Самарани эса 2017-2022 йилларда Самарқанд давлат университети ҳузуридаги илмий кенгашда ҳимоя қилинган диссертациялар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Шу йиллар давомида ихтисослашган илмий кенгашда бевосита Алишер Навоийнинг маънавий меросига бағишланган ёинки ўзбек мумтоз адабиётининг муайян жиҳатлари тадқиқ этилганда, унинг салмоқли қисмини айнан Алишер Навоий ижоди ташкил этган 13 та диссертациянинг муваффақиятли ҳимояси бўлиб ўтди.
Алишер Навоий ижоди хусусида сўз айтиш масъулияти ниҳоятда оғир. Унинг адабий мероси янгича талқинларини илм аҳли олдида ҳимоя қилиш эса йиллар давомида тунни кунга улаб, қалб кўзи билан улуғ шоир ижодини ўрганишни талаб этади. Хусусан, докторлик илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертациялар ана шундай теран нигоҳу илмий мушоҳадакорлик маҳсули саналади.
У.Қобиловнинг филология фанлари доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун ёзилган «Ўзбек адабиётида Нубувват мотиви ва образлари талқини», Ҳ.Эшонқуловнинг «Алишер Навоий ғазалиётида ишқ поэтикасининг қиёсий-типологик таҳлили», Н.Бекованинг «Алишер Навоий форсий меросининг жанрий хусусиятлари ва бадиияти» мавзусидаги фундаментал тадқиқотлари муаллифларнинг шу каби фазилатларга эга илмий изланишлари самарасидир.
У.Қобилов диссертациясида Навоий ижоди мисолида Нубувват мотиви ва образлар талқини масаласи анча муфассал ўрганилган. Беш бобдан таркиб топган диссертациянинг «Нубувват мақоми ва илмий-маърифий таъриф» номли дастлабки бобидаёқ муайян назарий масалаларни ёритишда ўрни-ўрни билан Алишер Навоий асарларига мурожаат этилгани кузатилади. Бу ҳол боблар силсиласида тадрижий ривожланиб боргани кўзга ташланади. «Нубувват силсиласи ва мажозий-рамзий ифодалар» мавзусидаги ишнинг бешинчи боби тўлалигича Алишер Навоий шеърияти мисолида амалга оширилади.
Бу билан муаллиф Шарқ, жумладан, ўзбек шеъриятида Алишер Навоийдан олдин ҳам, кейин ҳам набийлар образи «кўп ва хўп» тавсиф этилмаганини аниқ мисоллар билан кўрсатиб ўтади ва мажозий-рамзий ифодаларнинг моҳиятини теран таҳлил қилишга эришади. Тадқиқотчи масаланинг нозик жиҳатларини Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар мисолида ёритишга ҳаракат қилган.
Айни ҳолат Ҳ.Эшонқулов диссертациясида ҳам яққол кўзга ташланади. У ишқнинг ирфоний моҳият касб этишини айнан мана шу манбалар ва улуғ мутасаввифлар фикрига таянган ҳолда Алишер Навоий ва Ҳофиз Шерозий ғазалиёти мисолида қиёсий-типологик сатҳда тадқиқ этган. Диссертант ишқ мавзусининг исломгача ва унинг илк шаклланиш босқичидаги талқинлари, ишқнинг исломий-ирфоний моҳияти ва ривожланиш омиллари, бадиий-тадрижий такомил қирралари хусусида сўз юритади. Диссертацияда ишқ мавзусининг тасаввуфий адабиётда, хусусан, Алишер Навоий ижодида тутган ўрни ва унинг поэтик тадрижий талқини, ирфоний моҳият касб этишининг таянч ғоявий омиллари таҳлиллар асосида муайянлаштирилади.
Алишер Навоийнинг ўзбек тилидаги ошиқона ғазалларида тариқат ғояларининг поэтик талқини, рамзий образлар тизими, уларнинг тавсиф ва таснифлари, улуғ шоир ошиқона ғазалларининг композицион ва лингвопоэтик хусусиятлари буюк шоир Хўжа Ҳофиз Шерозий ғазаллари билан қиёсий-типологик сатҳда тадқиқ этилади. Н.Бекова диссертацияси эса улуғ шоир ижодида нисбатан кам ўрганилган «Девони Фоний»нинг поэтик хусусиятларига қаратилгани билан эътиборга лойиқдир.
Унда Алишер Навоийнинг форсийда битилган лирик мероси «Хазойин ул-маоний»даги шундай назм намуналари билан ҳам қиёсий тадқиқ этилади. Эътиборли жиҳати шундаки, диссертацияда улуғ шоирнинг ўзбек ва форс-тожик тилида битилган назм намуналаридаги шаклий ва мазмуний уйғунликлар мавжудлиги қиёсий таҳлиллар асосида кўрсатиб ўтилган.
Тадқиқотчилар ва таҳлиллар
Сўнгги йиллар ихтисослашган илмий кенгашда О.Давлатов, Р.Жумаев, И.Пардаева, М.Ҳасанова, З.Ғаффорова, Э.Насруллаев, З.Қувонов, Р.Жабборов, Н.Шарипова, Д.Назарованинг филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертациялари ҳам муваффақиятли ҳимоя қилинди. О.Давлатовнинг «Алишер Навоий шеъриятида Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг бадиий талқини», З.Ғаффорованинг «Алишер Навоий ҳамд ва наът ғазалларининг ғоявий-бадиий таҳлили» мавзусидаги диссертацияларида улуғ шоирнинг исломий сарчашмалардан фойдаланишдаги бадиий маҳорати таҳлил этилиб, унинг рамзий моҳияти хусусида сўз юритилади.
Масаланинг бундай қўйилиши улуғ шоир дунёқарашига яқинлашишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади. Хусусан, О.Давлатовнинг диссертациясида Қуръони карим оятлари ва ҳадислардан фойдаланишда шоирнинг маҳорати, ўзига хосликлари теран ўрганилгани кузатилади. З.Ғаффорова эса «Хазойин ул-маоний»да 37 та наът ғазал борлигига аниқлик киритади. Уларнинг девонлардан ўрин олишидаги тизимлилик ва девонлараро уйғунликнинг мавжудлиги, «Фавойид ул-кибар»даги 650-ғазалнинг ҳам наът мавзусида эканига эътибор қаратгани диссертантнинг масалага теран нигоҳ билан муносабатда бўлганидан далолат беради. Р.Жумаев диссертациясида Жалолиддин Румийнинг тасаввуфий моҳият касб этувчи «Маснавийи маънавий» асаридаги ҳикоятлар Алишер Навоийнинг «Лисон ут-тайр» достонидаги шундай асарлар билан қиёсий ўрганилиб, ғоявий-бадиий жиҳатдан муштарак ва тафовутли жиҳатлар таҳлилга тортилади. Таъкидлаш лозимки, тадқиқотчи бир мунча мураккаб масала моҳиятини етарлича англаб, ўз мулоҳазаларини асослашга ҳаракат қилган.
Алишер Навоийнинг бадиий маҳорати, ўзига хос бадиий кашфиётлари сирини теран ўрганиш навоийшуносликни қизиқтириб келаётган энг муҳим масалалардан биридир. Ўтмишда бадиий ижод ва тарихнависликнинг уйғун ҳолатда тарихий асарларда намоён бўлгани И.Пардаева диссертациясида Алишер Навоийнинг «Тарихи анбиё ва ҳукамо», «Тарихи мулуки Ажам» асарлари мисолида ўрганилган.
Тадқиқотчи бу икки асар «Зубдат ул-таворих»нинг таркибий қисмлари эканини асослашга ҳаракат қилади. Н.Шарипова эса улуғ шоирнинг поэтик маҳорати масаласини «Хамса»нинг дастлабки достони бўлмиш «Ҳайрат ул-аброр» мисолида тадқиқ этади. Диссертант достоннинг ўзига хос композицияси, образлар оламига оид муҳим умумлашма-хулосаларни таҳлиллар асосида далиллашга ҳаракат қилган.
Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий асарларини қиёсий сатҳда ўрганиш уларда қўйилган масала моҳиятини имкон қадар чуқур англаш имконини беради. Айни жиҳатига кўра Д.Назарованинг «Субҳат ул-аброр» ва «Ҳайрат ул-аброр» достонларининг қиёсий таҳлилига бағишланган диссертацияси ҳам эътиборга лойиқдир. Изланувчи «аброр» сўзининг Қуръони каримдаги талқинларига эътибор қаратиб, муқаддас китобда бу сўз жаннат аҳлининг сифатларидан бири, валийсифат зотларнинг таърифи, басират кўзи очиқ, қалби имон нури билан мунаввар зотларга нисбатан турли шаклларда йигирма марта қўлланганини маълум қилади. Аброрлар валийлар тоифасининг бири бўлиб, ўз нафси тарбияси билан машғул бўлиб қолмай, дунёнинг ободонлиги ва эл-юрт фаровонлиги учун ҳам саъй-ҳаракат кўрсатишини алоҳида таъкидлаб ўтади. Диссертант назарида аброрлар динни деб дунёдан, дунёни деб диндан воз кечмайдилар, балки дунё ашёларини тақвони мустаҳкамлаш учун восита ўлароқ қўллай оладилар.
Бу хулосалар Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийнинг аброрлик маслакларига мос тушади. Алишер Навоий девонларининг ҳали ўзи тартиб беришга киришмасдан олдин мухлислари тарафидан китобат қилиниши унинг беқиёс истеъдодига берилган муҳим баҳодир. Тадқиқотчи Р.Жабборов диссертациясида «Оққуюнли мухлислар девони»нинг Алишер Навоий лирикаси ва давр маданий муҳитидаги ўрни масаласида сўз юритилади. Бу девон улуғ шоир ижодий эволюциясини баҳолашда қимматли манба бўлиши диссертацияда ўз ифодасини топган.
Навоийшунослик тараққиёти
Ихтисослашган илмий кенгашда ҳимоя қилинган диссертацияларда навоийшунослик тараққиёти масаласига ҳам эътибор қаратилгани диққатга сазовор. Э.Насруллаев диссертациясида ХХ аср ўзбек навоийшунослигида улуғ шоир шахси ва дунёқараши талқинлари ўрганилган бўлса, З.Қувонов тадқиқотида таниқли навоийшунос олим, икки марта Беруний номидаги давлат мукофоти соҳиби, филология фанлари доктори, профессор А.Ҳайитметовнинг навоийшунослик фаолиятига илмий баҳо берилади. З.Қувонов масала моҳиятини теран ҳис қилган ҳолда таниқли олимнинг илмий тадқиқотларини ўрганишга ҳаракат қилган. У А.Ҳайитметовнинг Алишер Навоий ижодини тадқиқ этишда адабиётшунос ва матншунос сифатидаги фаолиятининг энг нозик қирраларигача аниқлашга интилган. Масалага объектив баҳо беришда тарихийлик тамойилларига таяниб иш кўргани яққол сезилиб туради.
Тадқиқотчи М.Ҳасанова эса XV аср туркий шеъриятда қасида жанри масаласини илмий ўрганган. У Ҳайдар Хоразмийнинг бу борадаги ижодий фаолияти, Саккокий қасидаларининг яратилиши тарихи ва ўзига хосликлари ҳақида фикр юритиб, Алишер Навоий «Ҳилолия» қасидасининг бадиий баркамоллигини қиёсий таҳлиллар асосида кўрсатиб ўтади.
Алишер Навоий хусусида бир сўз айтиш масъулияти нақадар оғир экани нуқтаи назаридан масалага ёндашадиган бўлсак, ушбу диссертацияларнинг муҳокама ва ҳимояси жараёнлари ҳам қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлганини ҳис қилиш мумкин.
Улуғ шоирнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган ушбу диссертациялар муайян бир ижодкор билан боғлиқлигига кўра умумийлик касб этсада, уларда қўйилган масалаларнинг ечим томон силжишига кўра диссертацияларнинг ҳар бири ўзига хос бир тадқиқот экани сезилиб туради.
Шунингдек, уларда улуғ шоир ижоди мисолида мумтоз адабиётимизнинг энг нозик жиҳатларини ҳам ўрганишга жазм этилгани кўзга ташланади. Диссертантларнинг Алишер Навоий шеъриятини улуғ салафлар - Жалолиддин Румий, Хожа Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий асарлари ёки улуғ шоирнинг ўзбек ва форс-тожик тилида ёзилган шеърлари билан қиёсий ўрганишда иккала тилнинг нозик жиҳатларини ҳар томонлама чуқур идрок эта олиш қобилиятини ҳам тадқиқотларда намоён эта олгани уларнинг муҳим ютуқлари сифатида намоён бўлган.
Навоийшуносликнинг долзарб масалаларини қамраб олган ушбу тадқиқотлар соҳа тараққиёти учун ихтисослашган илмий кенгашимизнинг салмоқли ҳиссаси бўлди, дейишимиз мумкин.
Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,
профессор, филология фанлари доктори, профессор
Ҳусниддин ЭШОНҚУЛОВ,
филология фанлари доктори