Қайд этиш жоизки, мамлакатимизда сўнгги йилларда йирик тармоқ корхоналар ва кичик бизнес субъектлари ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтириш масалаларида кенг эътибор қаратилмоқда.

Шу маънода, Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасининг айнан Навоий вилоятида ташкил этилиши ҳам бежиз эмас.

Мамлакатнинг саноати энг ривожланган ҳудуди ҳисобланган Навоий вилоятида бугун “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Навоиазот”, “Қизилқумцемент”, “Навоий иссиқлик электр станцияси” каби йирик корхоналар билан бирга уларга импорт ўрнини босадиган эҳтиёт қисмлар ва ускуналар етиштириб берувчи ўнлаб хусусий субъектларнинг фаолият юритаётгани сир эмас.

Айни пайтда, бугунги ярмаркада республикамизнинг бошқа вилоятларидаги йирик саноат корхоналари ҳам ўз маҳсулотлари билан қатнашмоқдалар ҳамда ўзлари учун зарур бўлган ноёб ускуналар ва хизматлар билан танишиш имкониятига эга бўлмоқдалар.

Бугунги ҳудудий саноат ярмаркасида Навоий вилояти, шунингдек, республикамизнинг бошқа вилоятларидан ташриф буюрган 1500 дан зиёд саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ўзларининг 3800га яқин маҳсулотлари намуналари, ўзлаштирилиши режалаштирилган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар, саноат кооперацияси орқали маҳаллийлаштиришга таклиф қилинаётган маҳсулот турлари ҳамда истиқболли лойиҳалари билан қатнашмоқдалар.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда Навоий вилоятида 4 000 га яқин саноат корхоналари ва 250 дан зиёд хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар фаолият кўрсатмоқда.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йилда 65,1 триллион сўмни, 2021 йилда эса 73,6 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 107 фоизга таъминланди, жорий йил якуни билан ишлаб чиқариш ҳажмини 81,9 триллион сўм (ўсиш суръати 107,3%)га етказилиши кутилмоқда.

Шунингдек, ҳудудий саноат корхоналарининг жорий йилдаги ўсиш суръати 116,7 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2020 йилда 336,1 млрд. Сўмлик, 2021 йилда эса 757,6 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва ўтган йилга нисбатан ҳажм 2,3 баробарга оширилди.

Жорий йил якунида эса 113 турдаги маҳсулотлар маҳаллийлаштириш ҳисобига 1,1 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, маҳсулот турлари 2020 йилга нисбатан 3,3 баробарга оширилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, вилоятдаги саноат корхоналарининг ўзаро кооперация алоқаларини ривожлантириш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар ҳамда “шатакка олиш” механизми бўйича тармоқ корхоналар томонидан кичик корхоналар қўллаб-қувватланаётганлиги ҳисобига, 2021 йилда корхоналар ўртасида 5,4 триллион сўмлик маҳсулотлар савдоси амалга оширилди.

Жорий йил якуни ҳамда 2023 йилда режалаштирилган ишларнинг тўлиқ амалга ошириш ҳисобига ҳудудий маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажмини ўтган йилга нисбатан 2,5 баробарга, ўзаро кооперация алоқалари ҳисобига товарлар сотилишини 2 баробарга ва саноат маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 30 фоизга кўпайтириш белгиланган.

Ярмарка давомида саноат маҳсулотлари кўргазмалари, электрон кооперация биржаси портали фаолияти, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, кичик бизнес субъектларини саноат фаолиятига кенг жалб қилиш, инвестицион имкониятлар, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда тармоқ ва ҳудудларда саноат салохиятини оширишга қаратилган тақдимотлар, В2В учрашувлар каби тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Муҳими, саноат ярмаркасида саноат тармоқлари, кичик бизнес субъектлари вилоятимизда ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотларни харид қилиш ҳамда бутловчи қисмлар, материаллар ва хомашёларни етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш имкониятига эга бўлишади.

Ярмарка ўз ишини эртага, 21 октябрь куни ҳам давом эттиради.

Б. Пирнафасов,

Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари