Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доим давлатимиз ва жамиятимиз эътибори марказида бўлиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил аввалида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Женевадаги юксак минбарида туриб, Ўзбекистонда 2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинганини алоҳида таъкидлагани ҳам фикримизни яққол тасдиқлайди.
Давлатимиз раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқида айни йўналишда қатор ташаббусларни илгари сурди:
биринчидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш;
иккинчидан, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш;
учинчидан, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш таклифлари билдирилди.
Бугунги кунда халқимиз ва халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланган ана шу ташаббусларнинг барчаси изчиллик билан амалга оширилмоқда. Хусусан, 2021 йил 12-13 август кунлари Тошкентда “Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзусида ўтказилган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Бутунжаҳон конференцияси бунинг ёрқин далолатидир.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу халқаро анжуманни ўтказиш вазифаси, аввало, Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга доир давлат дастурида белгилаб берилганди. Бу вазифа, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги ташаббуси ва таклифларини амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режасида ҳам кўзда тутилган.
Халқаро анжуман арафасидаёқ ташкилотчилар томонидан Бутунжаҳон конференциясининг расмий веб-сайти (http://www.youthforum.uz/) ишга туширилди. Сайтда ёшлар ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқларига оид ўндан ортиқ видеоролик, расмий ҳужжатлар ва адабиётлар, шунингдек, конференция якуний ҳужжатининг лойиҳаси жойлаштирилди.
Конференциянинг икки кунлик иши давомида 67 нафар маърузачи сўзга чиқди. Шундан 49 нафари хорижий экспертлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари ҳисобланади. Миллий маърузачилар 18 нафар бўлиб, 10 нафари ёшлардир.
Халқаро анжуманнинг 3 та ялпи ҳамда 3 та параллел сессияларида 30 дан ортиқ иштирокчи мунозараларда иштирок этди. Ушбу қизғин мунозара ва мушоҳадалар, ўз навбатида, ёшларнинг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини кенгайтириш, қонуний манфаатларини ҳимоя этишга хизмат қилади.
Конференция тафсилотлари 50 дан ортиқ миллий ва 30 дан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситаларида ёритилди. Халқаро анжуман иши ҳақида интернет ва ижтимоий тармоқларда, хусусан, Telegram, Instagram, Facebook, Linkedin, Twitter, Vkontakte ва бошқа тармоқларда ҳам матнли, фото ва видеоахборот тарзида изчил эълон қилиб борилди. Халқаро анжуманнинг иш жараёнлари интернетнинг Ютуб (youtube) канали орқали бевосита жонли эфирга узатилди.
Бутунжаҳон конференциясининг асосий мақсади
Бундан бир йил олдин худди шу кунлари ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми ўтказилганди. Нафақат мамлакатимиз ва минтақамиз, балки бутун сайёрамиз ёшларининг ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорлик муҳимлигини алоҳида таъкидлашга қаратилган халқаро анжуманда “Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” номли Самарқанд резолюцияси қабул қилинганди.
Резолюцияда, жумладан, ёшлар ҳуқуқлари ҳар ким фойдаланиши зарур бўлган, аммо айримлар ёшининг кичиклиги туфайли бундай имкониятдан маҳрум этилган ҳуқуқлар экани қайд этилган. Ушбу ҳужжат ҳозирги даврда давлатларнинг ривожланиши билан боғлиқ барча жараёнларга ёшларни янада кенг жалб этиш зарурлигининг ҳар томонлама тасдиғидир.
Шу маънода, яқинда бўлиб ўтган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Бутунжаҳон конференцияси, шубҳасиз, Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумининг мантиқий давоми ҳисобланади. Чунки Тошкент халқаро анжуманини ўтказишда ёшлар ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласида янги ғоялар, устувор соҳалар, амалий ечимлар ва янгиликларни муҳокама қилиш учун платформа яратиш ва умумий муаммоларни биргаликда ҳал қилиш асосий мақсад сифатида белгилаб олинди.
Бугун дунёда ёшлар аҳолининг мисли кўрилмаган даражада кўпчилик қисмини, яъни 2 миллиард нафарни ташкил қилмоқда. Бу аксарият мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам аҳолининг ўсиб борадиган катта қисми ёшлардан иборат, деганидир. БМТ доирасида ва ундан ташқаридаги мулоқот майдонларида ёшлар масаласи тез-тез муҳокама марказига қўйилмоқда. Аммо глобал ривожланиш даврида олдинга қараб қадам қўйиш зарурати мавжуд.
Жорий йил июнь ойида Ўзбекистонга расмий ташриф буюрган таниқли сиёсатчи, Парламентлараро Иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг суҳбат чоғида бир фикрни афсус билан таъкидлади. Сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган инсонлар ташкил этса-да, бутун дунё бўйича ёш депутатларнинг улуши 2,6 фоизга ҳам етмас экан. Олий мартабали меҳмон Ўзбекистонда бу кўрсаткич 6 фоиздан ошганини юқори баҳолади. Бу — катта эътироф, албатта.
Парламентлараро Иттифоқнинг “Биз парламентда ёшларни қўллабқувватлаймиз!” деган эзгу ташаббуси доирасида илк бор Ёшлар парламентлари аъзолари билан халқаро давра суҳбати ўтказилди. Ушбу ташаббус асосида сиёсий етук ва фаол йигит-қизларни миллий парламент ва маҳаллий кенгашлар фаолиятига янада кенг жалб этамиз.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Халқаро ёшлар куни муносабати билан йўллаган табригида шундай деб таъкидлади: “Мен ёшлар вакилларига музокаралар даврасида иштирок этишлари учун ёнимиздан жой ажратишни ҳар бирингиздан қатъий сўрайман. Токи улар ҳамма учун кенг қамровли, адолатли ва барқарор ривожланишга таянадиган ҳаёт барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизда имкон қадар бизга елкадош бўлсинлар”.
Ўз навбатида, ЮНЕСКО Бош директори Одрэ Азуле Халқаро ёшлар кунига бағишланган мурожаатида ҳозирги кунда юзага келган мураккаб вазиятда, коронавирус пандемияси билан боғлиқ шароитга қарамасдан, бутун инсониятнинг келажаги ҳисобланувчи ёшларни қўллабқувватлашга чақирди. “Бунда навқирон авлоднинг фавқулодда ақл-тафаккури, креативлигини ишга сола билишимиз керак, — деди О.Азуле. — Зеро, аксарият ҳолларда айнан ёшлар ўзларини қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг қулай йўлларини биринчилардан бўлиб бизга таклиф этишлари бежиз эмас”.
Чиндан ҳам, Барқарор ривожланиш мақсадларига қанчалик эришишимиз бугунги ва эртанги ёшларга бевосита боғлиқ. Шу боис, Бутунжаҳон конференцияси доирасидаги муҳокамаларнинг ечими, содда қилиб айтганда, “Ёшларнинг ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга қандай қилиб кўмаклашиш мумкин?” деган саволга аниқ жавоб топишга ва шу мавзу билан боғлиқ муаммоларга амалий ечимлар таклиф этишга қаратилди.
Бутунжаҳон конференциясининг ўзига хос хусусиятлари
Биринчидан, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси БМТ томонидан эълон қилинган тарихий сана, яъни 12 август — Халқаро ёшлар кунида иш бошлади.
Иккинчидан, Тошкент халқаро анжуманининг ташкил этилиши 2021 йил Ўзбекистонда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилингани муносабати билан мамлакатимизда биринчи марта ўтказилган Ёшлар форуми ва фестиваллари миллионлаб ўғил-қизларимиз ҳаётида ёрқин из қолдирган жўшқин даврга тўғри келди.
Учинчидан, Бутунжаҳон конференцияси ишида БМТ ва ушбу нуфузли ташкилотнинг бутун дунёдаги тузилмалари ҳамда бошқа халқаро ташкилотлардан олий даражадаги вакиллар иштирок этди.
Тўртинчидан, халқаро анжуман сайёрамиздаги ёшларнинг ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлашга хизмат қилди. Ана шу тўрт хусусиятнинг ҳар бирида ўзига хос рамзий маъно бор. Қолаверса, Бутунжаҳон конференцияси ҳам шаклан, ҳам мазмунан бетакрор аҳамият касб этди.
Шаклан ёндашганда, пандемия туфайли ёшларга мос ахборот технологияларини қўллаган ҳолда, конференция гибрид тарзда — онлайн ва офлайн форматларда ўтказилди. Мазмун жиҳатидан эса, у айнан ёшлар ҳуқуқ ва эркинликларига бағишлангани билан алоҳида ажралиб турди. Бутунжаҳон конференциясида қатнашган хорижий иштирокчиларнинг умумий сони — 40 дан ортиқ давлатдан 150 дан зиёд вакил, миллий иштирокчилар эса, 350 дан ортиқ кишидан иборат бўлди. Иштирокчилар орасида:
13 та халқаро ва 7 та минтақавий ташкилот;
11 та халқаро нодавлат нотижорат ташкилот;
15 та хорижий давлатнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари;
7 мамлакатдан ёшлар билан ишлаш бўйича парламентлар ва давлат идоралари;
5 мамлакатдан таълим ва илмий-тадқиқот институтлари; 15 мамлакатдан ёшлар ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари;
Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган 20 дан ортиқ дипломатик миссия вакиллари бор.
Энг асосийси, иштирокчиларнинг 70 фоиздан зиёди ёшлардир, шуларнинг 40 фоизи ёш қизлардир.