Бугунги кунда айрим ҳудудларда кўрсатилаётган давлат хизматлари сони 130 тага етди, мижозлар сони эса кунига 300 дан 1,5 минггача одамни ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, давлат хизматларидан фойдаланиш учун мурожаат этувчи аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг сони доимий равишда ўсиб бориши мазкур соҳани такомиллаштириш бўйича қўшимча чоралар кўрилишини талаб этмоқда.
Аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш давом эттирилишини таъминлаш мақсадида қатор норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Боз устига, куни кеча юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Ижтимоий объектларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш, мобил интернет қамровини кенгайтириш, ахборотларни қайта ишлайдиган марказларни кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Мурожаатчилар бугунги кунда интернет орқали онлайн тарзда давлат хизматларидан фойдаланишмоқда, бу эса ўз навбатида мурожаатчиларга қулай ва шаффоф ҳисобланади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Қарорда Ягона порталда шакллантирилган электрон ҳужжатлар шаклидаги электрон давлат хизматлари кўрсатиш натижалари давлат органлари томонидан давлат хизматлари кўрсатишда қоғоз манбада бериладиган ҳужжатларга тенглаштирилиши назарда тутилган бўлса-да, бироқ, айрим давлат органлари томонидан my.gov.uz – Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали шакллантирилган қонуний ҳужжатларни инобатга олмасдан фуқаролардан Давлат хизматлари марказининг муҳри талаб қилинмоқда.

Юқорида келтирилган Қарор билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали тўғрисида”ги Низомнинг 34-бандига мувофиқ электрон ҳужжатлардаги маълумотлар қонуний ҳисобланади. Давлат органларига Ягона порталда шакллантирилган электрон ҳужжатларнинг нусхаларини қабул қилишни рад этишлари қатъиян тақиқланиши белгиланган.
Бундан ташқари давлат органлари Ягона порталда шакллантирилган электрон ҳужжатни электрон ҳужжатлар репозиторийсининг расмий веб-сайти орқали ноёб идентификация рақамини киритиш ёки электрон ҳужжатда жойлашган QR–кодни сканер қилиш йўли билан ариза берувчилардан олинган электрон ҳужжатларнинг қоғозли манбадаги нусхаларининг ҳақиқийлигини текшириш ва улар бўйича маълумотлар олиш имкониятига эга.
Бахтиёр Ахмедов,
Яшнобод тумани Давлат хизматлари маркази директори