Нашр Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотларга таяниб миллий иқтисодиётнинг ҳозирги ҳолати тўғрисида маълумот бераркан, жорий кўрсаткичларни ўтган йилнинг 2-чораги билан таққослайди. Хусусан, истеъмол товарлари ва дори-дармонлар импортининг қисқариши, муҳожирларнинг пул ўтказмалари, товарлар ва хизматлар экспорти, бюджет даромадлари, ишсизликнинг ўсиши қайд этилган.
Таъкидланишича, ҳозирги вақтда тикланиш сиёсатининг устувор йўналишлари стратегик тармоқларни, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг дори-дармонга бўлган эҳтиёжини қондириш ҳисобланади.
Хусусан, Президент фармонига мувофиқ бизнесни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилиб, уларга 3,7 триллион сўм миқдорида маблағ ажратилди. Корхоналарнинг ҳомийлик ва хайрия маблағларини самарали тақсимлашга қаратилган «Саховат ва кўмак» умуммиллий ҳаракати доирасида 101 мингта корхона 361 мингдан ортиқ оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатди.
Давлатнинг муҳим вазифалари қаторига жамоат тартиби ва бозор инфратузилмасини сақлаш, капитал, ишчи кучи, табиий ресурслар мавжудлигини таъминлаш, узлуксиз давлат хизматларини кўрсатиш, жамиятнинг маънавий-ахлоқий қадриятларини қўллаб-қувватлаш киради.
Мақолада таъкидланишича, бугунги кунгача республикада Президентнинг пандемиянинг салбий оқибатларига қарши курашиш тўғрисида 12 та фармон ва қарорлари қабул қилинган. Шу билан бирга, глобал иқтисодиётнинг ривожланишида юқори даражадаги ноаниқлик мавжудлигини ҳисобга олиб, давлат томонидан воқеалар ривожига прагматик жавоб кўринишида қўшимча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши кутилмоқда.