Асли касбим ўқитувчилик. Ўн йил ўрта мактабда география фанидан дарс бердим. Лекин қишлоқда ўсганим учунми, доимо деҳқончиликка, боғдорчиликка қизиққанман. Ўқитувчилик қилган йилларимда томорқамизда анор, узум ва бошқа мевалар кўчатини етиштириб, бозорга олиб чиқиб сотардим.

Шу ҳавас туфайли бўлса керак, ўтган асрнинг 80-йилларида хўжалик раисининг маданий-оқартув ишлари бўйича ўринбосари лавозимига ишга ўтдим. Кейин йигирма йил туманимиздаги “Маданият” хўжалиги бошқаруви  раиси бўлдим. Ўша йигирма йил ичида хўжаликда пахта ҳосилдорлиги 33 центнердан 53 центнерга етди. Хизматларим учун 90-йиллар бошида “Шуҳрат” медалига сазовор бўлдим. 2007 йилда эса “Маданият Муҳаммад Исмат” фермер хўжалигини ташкил этдим.

Деҳқончилик қилиш, далада ишлаш осон эмас. Баъзан баҳор, баъзан ёз, ­баъзан куз ноқулай келади. Ҳатто қиш одатдагидан қаҳрлироқ ёки иссиқроқ  келса ҳам далада ишлайдиган одамга қийин бўлади.

Лекин деҳқоннинг, айниқса, фермернинг об-ҳавони баҳона қилишга — “кўчатимни кўкламда дўл уриб кетди, ёзда даламга сув етиб бормади, кузда ҳосилни йиғиб олишга ишчи кучи, техника етишмади” дейишга  ҳаққи йўқ. Чунки унга ишониб юзлаб гектар ер берилган, у етиштирадиган мўл ҳосилга атрофдаги минглаб қоракўз қараб турибди. Шу боис, фермер ҳар қандай шароитда ҳам ердан кўзланган ҳосилни олиши керак.

Бу гапим кимларгадир баландпарвоздек кўринар. Аммо менинг шиорим шундай: фермер баҳона эмас, чора излаши лозим, шунда кўзлаган мақсадига эришади.

Фермер хўжалигимиз экин майдони 220 гектар. Унинг 85 гектарига ғалла, 105 гектарига пахта, қолганига турли хил полиз ва сабзавот экинлари экканмиз. Бундан ташқари, 100 бош қўй, 150 бош товуқ, 40 бош куркамиз ҳам бор. Бир гектар ерда балиқ, 30 қути асалари боқяпмиз.

“Деҳқончиликда йил йилга ўхшамайди. Ҳосилдан, даромаддан умидвор фермер ҳар бир ниҳолни “сизлаши” керак. Барча агротехник тадбирларни ўз вақтида, сидқидилдан бажариши зарур”, деган эди Президентимиз Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани фермерлари билан учрашувда.

Давлатимиз раҳбарининг шу гапларига амал қилганимиз туфайли бу йил ғалла ҳосили мўл бўлди.  Гектаридан 70 центнердан уруғлик буғдой олдик.  Пахтадан ҳам 60 центнерни кўзлаганмиз. Мўл ҳосил олингач, даромад ҳам шунга яраша бўлади. Жорий йилда ғалладан топган умумий даромадимиз 2 миллиард сўмни, соф даромадимиз  эса 700 миллион сўмни ташкил этди. Пахтадан 1 миллиард сўм соф даромад олишни мўлжаллаб турибмиз. Яқинда бу йилги буғдой ҳосилининг 20 тоннасини хўжалигимиз аъзоларига мукофот сифатида тарқатдик. Шунча йил далада ишлаб, чиқарган хулосам шу бўлди: ер билан тиллашиб ва диллашиб ишланса, агротехник тадбирлар ўз вақтида, сифатли амалга оширилса,  тупроқ зарга, деҳқон заргарга айланади. Инсон ерни алдамаса, ер инсонни алдамайди.

Хўжалигимизда 31 нафар ишчи бор. Ҳаммаси билан оилавий пудрат асосида шартнома тузилган. Эрта баҳордан кузгача уларга бўнак бериб бораман. Йил якунлангач эса ҳисоб-китоб қиламиз. Ерни оилаларга шартнома асосида бўлиб берганим учун ҳамма астойдил, жон-дили билан ишлайди. Чунки ҳосил қанча кўп бўлса, улар шунча кўп даромад олади. Бошқача айтсам, фермер хўжалигимиз даласи улар учун ўз томорқасидай гап.

Кечаги фермер билан бугунги фермерни солиштириб бўлмайди. Яқин-яқингача фермер қоғозда ер эгаси эди-ю, лекин қўли боғланганди. Маҳсулотни давлат буюртмаси асосида экарди, арзон нархда давлатга сотарди. Шунча меҳнат қилиб, йил охирида қарз бўлиб қоларди. Ҳисоб рақамига келиб тушган сотилган маҳсулотларининг пулини банк ҳеч кимдан сўраб ўтирмасдан ўғит, уруғлик, сув, техника хизмати ва бошқа харажатлар учун ушлаб қоларди. Бошқача айтганда, фермернинг қўли пул кўрмасди. Энди айтинг-чи, ким шундай шароитда жонини жабборга бериб ишлайди? Ким мўл ҳосил олишга ҳаракат қилади? Ҳеч ким. Шунинг учун барча юмушлар номига, қўл учида бажариларди, ҳосилдорлик ҳам шунга яраша бўларди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев фермерга эркинлик берди. Фермерда ўзи хоҳлаган экинни экиш, етиштирган маҳсулотини хоҳлаган кишисига сотиш имконияти пайдо бўлди. Кейинги йилларда барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлиги бир неча баробар ошганининг сабаби шу. Кўплаб фермерлар ўзи етиштирган маҳсулотини ўзи хорижга сот­япти. Шунинг учун, керак бўлса, кечаю кундуз ишлаяпти.

Шу ўринда мени қувонтирган яна бир нарсани айтмасам бўлмайди. Кластерлар пайдо бўлгани барча соҳа ривожида муҳим ўрин тутди. Лекин айрим қишлоқ хўжалик кластерлари монопол мавқега эга бўлиб олиб, улар томонидан хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам мен билан ишлайсан дейиш, фермернинг нонини яримта қилишга уриниш ҳолатлари ҳам учради. Давлатимиз раҳбари бу салбий  ҳолатни ўз вақтида сезди ва бартараф этди. Бугун фермер қайси кластер билан ишлашни ўзи ҳал қилади, ўзига маъқул келган, имконияти яхши кластер билан ҳар икки томон учун ҳам манфаатли шартнома  асосида ишлайди.

Давлатимиз раҳбарининг Тошкент вилояти Бекобод туманидаги бир фермер хўжалигида бўлганда айтган гапи ҳеч эсимдан чиқмайди. “Бизнинг камчилигимиз қишлоқ хўжалигида илмни ишлатмаймиз. Дунё бозорида рақобат шафқатсиз. Унга муносиб бўлиш учун, аввало, илм керак. Яхши нав, яхши қаров, инновацион технологиялар керак. Деҳқон далага кирдими, даромад топиши зарур”, деган эди ўшанда Шавкат Мирзиёев.

Хўжалигимиз уруғликка ихтисослашган. Шунинг учун селекционер олимлар билан мунтазам алоқа ўрнатганмиз. Энг яхши уруғларни даламизда синаб кўрамиз. Айни кунда сувсизликка ва шўрга чидамли, тола сифати юқори бўлган “Жондор қудрати” навини яратиш бўйича тажриба-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Умумий майдонимизнинг 50 гектарини томчилатиб суғорамиз. Бунинг афзаллиги шундаки, ҳам сув сарфи камаяди, ҳам ортиқча ишчи кучи керак эмас. Бугун ҳеч бир фермер, илмсиз, янги нав, яхши қаров, инновацион технологияларсиз муваффақиятга эриша олмайди.

2017 йилда Президентимиз фармони билан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” фахрий унвонига сазовор бўлган эдим. Шундан сўнг хўжалигимиз аъзолари билан маслаҳатлашиб, халқ манфаати, юрт равнақи йўлида янада кўпроқ меҳнат қилишга келишиб олдик. Натижада нафақат вилоят, балки республикадаги етакчи хўжаликлардан бирига айландик.

Ўтган йили қаҳрамон бўлганимни эшитганимда, рости, кўзларимга ёш келди. Бундай эътибор ва ҳурмат учун давлатимиз раҳбаридан миннатдорман.

Юртимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган эътибор, фермер хўжаликларига солиқ тўлаш, зарур техникаларни харид қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш учун хориждан хомашё, технологик ускуналар олиб келишда бож тўловлари борасида енгиллик ва имтиёзлар берилиши замирида халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашдек улуғ мақсад мужассам. Ишончим комилки, бу мақсадга албатта эришамиз.

Муҳаммад АҲМЕДОВ,

Бухоро туманидаги “Маданият Муҳаммад Исмат” фермер хўжалиги бошлиғи, 

Ўзбекистон Қаҳрамони