Қонунда никоҳ ёшининг белгиланиши нафақат никоҳнинг жисмоний мақсадлари учун, балки у никоҳланувчиларнинг никоҳ тузилиши натижасида келиб чиқадиган мажбуриятларни мустақил равишда ҳал қилиш, бу ҳақда аниқ тасаввурга эга бўлиш ва жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялаш учун ҳам зарур ҳисобланади. Чунончи, никоҳ оила вужудга келишининг бирдан бир асоси, омили бўлиб хизмат қилади. Никоҳ муносабатлари қанчалик соф, эркин, ихтиёрий, шунингдек, давлат томонидан қўйилган талабларга монанд равишда тузилса, албатта, оиланинг мавқейи, обрўйи, қолаверса унда вояга етиб келаётган фарзандлар ҳам комил инсон бўлиб етишадилар.

Демак, никоҳ ёши тўғриисдаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузишнинг ижтимоий хавфлилиги авваламбор ёшларнинг жинсий эркинлик ва дахлсизлиги бузилишига олиб келади, мустаҳкам, соғлом оилани шакллантиришига путур етказади, ёшларнинг баркамол авлод бўлиши етишишларига ва соғлом бўлиб шаклланишларига тўсқинлик қилади. Хусусан, эрта турмуш қуриш оқибатида 38,2 фоиз ўсмир қизларнинг соғлиғи, 22,9 фоизида ота-онаси ва бошқа оила аъзолари билан муносабатлар ёмонлашган. 25,2 фоизи иқтисодий қийинчиликларга дуч келган ҳамда 9 фоиз ҳолатда эрта турмуш келиннинг яқин дўстлари билан алоқалари узилишига олиб келган. Бундан ташқари, эрта никоҳга киришганларнинг катта қисми тўйдан кейин мактаб, коллеж ёки лицейда ўқишини давом эттирмаган. Жумладан, тадқиқотда қатнашган респондентларнинг бор-йўғи 37,6 фоизи тўйдан кейин ўқишини давом эттирганини маълум қилган ҳамда респондентларнинг 25,6 фоизи ўқишни давом эттиришга эри рухсат бермаганини, 17,1 фоизи ўқишни давом эттиришни ўзи хоҳламаганини, 13,3 фоизи эса ўқишига қайнона/қайнотаси қарши бўлганини айтган.

Ёш эрга теккан келинларнинг 13 фоизи ҳомиладорлик ва туғуруқ даврида зарур тиббий ёрдамни умуман олмаган. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, 41,6 фоиз респондент ҳомиладорлик ва туғуруқдан кейинги даврда зарур тиббий ёрдамни тўлиқ олган, аммо жами респондентларнинг 12,7 фоизи тиббий ёрдамни тўлиқ олмагани, 25,1 фоизи эса зарурий даражада олмаганини билдирган ва 7,2 фоиз респондент тиббий ёрдамга кўп маблағ сарфлашга тўғри келганини таъкидлаган.

Таассуфки, бугунги кунда жамиятимизда никоҳ ёшига тўлмаган шахслар билан никоҳ тузиш ҳолатларига йўл қўйилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда (эрта никоҳ ва эрта туғуруқ ҳолатлари энг кўп қайд этилаётган ҳудудлар – Ургут, Самарқанд, Паст Дарғом, Каттақўрғон, Денов, Шаҳрихон туманлари, Наманган, Самарқанд ва Андижон шаҳарлари) 4–5 синфдаги қиз болаларни унаштириб қўйиш ҳамда 15–16 ёшда эрга бериб юбориш ҳолатлари ҳамон учраб турибди.

Шу билан бирга, тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, эрта никоҳ қуришнинг сабабчилари, авваламбор ота-оналар ва қариндош-уруғлар ҳисобланади. Хусусан, тадқиқотда иштирок этган эрта турмушга чиққанларнинг 70 фоизи эрта никоҳнинг асосий сабабчиси сифатида ота-она ва оила аъзоларини кўрсатганлар ҳамда 26 фоизи севги-муҳаббат билан изоҳлаган, 3,4 фоизи бу ҳомила билан боғлиқ бўлганини, 1,5 фоизи эса ёш эрга тегишига диний қарашлари сабаб бўлганини билдирган.

Айтиш керакки, қонунчилик мазмунига кўра, никоҳ деганда, никоҳ ёшига етган, қонунга мувофиқ оила қуришни истаган эркак билан аёлнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлигига асосланган, қонуний расмийлаштирилган, ўзаро шахсий ва мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтирадиган бир умрга тузилган иттифоқ тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасига биноан, никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланган. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1251-моддасида никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Бундай қилмиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки тўрт юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.

Жиноят кодексининг 1251-моддаси уч қисмдан иборат бўлиб, унинг биринчи қисмида никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш учун жавобгарлик белгиланган.

Мазкур норма никоҳни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирмаган ҳолда никоҳ муносабатларига киришган ҳолатлар учун жавобгарликни назарда тутади. Шунингдек, мазкур норма қонунда белгиланган тартибда никоҳ ёшига етмаган шахс билан расмий ёки норасмий ҳолда никоҳ муносабатларига киришган ҳолатни ҳам қамраб олади. Бунда никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муноса­батларига киришиш деганда, никоҳни қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмаган ёки расмийлашти­рилган ҳолда эркак билан аёлнинг ягона оила иттифоқи сифатида биргалашиб яшашни бошлаши тушунилади.

Никоҳ муносабатларига киришиш, одатда никоҳ ёшига тўлмаган шахсларнинг алоҳида жой, хонадон ёки бошқа жойда биргаликда яшаши, уларнинг жинсий ҳаёт кечиришлари, мол-мулкка нисбатан биргаликда ёки улушли эгалик қилишлари, оила харажатларини биргаликда ёки алоҳида кўтаришлари, бир-бирининг даромадида биргаликда иштирок этиш ва бошқа шу кабиларда намоён бўлади.

Кўрилаётган жиноят бўйича қиз ёки йигитнинг биттаси никоҳ ёшига тўлмаганлиги жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун етарли ҳисобланади. Агар йигит ёки аёл никоҳ ёшига тўлмаган бўлиб, улар бир-бирининг ёшини аниқ билган ҳолда никоҳ муносабатларига киришган бўлса, улар жавобгарлиги масаласи ҳал қилиниши керак.

Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатида ҳаёт кечиришнинг давомийлиги қилмишни квалификация қилишга таъсир кўрсатмайди. Бунда фақат айбдорнинг никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришилган фактини аниқлашнинг ўзи кифоя бўлади.

Мазкур жиноят никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришилган вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади. Бунда ушбу шахсларнинг жинсий муносабатларга киришган ёки киришмаганлиги қилмишга ҳуқуқий баҳо бериш учун аҳамият касб этмайди. Агар никоҳ муносабатларига киришган шахс ўн олти ёшга тўлмаган бўлса, айбдор у билан жинсий алоқа қилса ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирса, унинг ҳаракатлари Жиноят кодекси 128-моддаси билан жиноятлар мажмуи тариқасида квалификация қилинади.

Жиноят кодекси 1251-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган жиноятнинг субъекти 18 ёшга тўлган никоҳ ёшига тўлмаган шахс билан никоҳ муносабатларига киришган ҳар қандай жисмоний шахс бўлиши мумкин.

Жиноят кодекси 1251-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган жиноятнинг объектив томони ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантиришда ифодаланади.

Никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш деганда, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан қонун ҳуж­жатларида белгиланган никоҳ ёшига тўлмаган аёл (қиз)ни эркак никоҳига олиши учун унинг ихтиёрига юбориш ёки аёл (қиз)ни эрга бериш билан боғлиқ тадбирларни ўтказиш тушунилади.

Агар ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар никоҳ ёшига тўлмаган қизни (аёлни) унинг эркига хилоф равишда эрга тегишга мажбур қилса, уларнинг ҳаракатлари Жиноят кодекси 1251-моддаси иккинчи қисми ва 136-моддалари билан жиноятлар мажмуи тариқасида квалификация қилинади.

Никоҳ ёшига етмаган шахсни уйлантириш деганда, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига тўлмаган аёл (эркак)ни эркак (аёл) никоҳига олиши ёки уларнинг оила қуриши учун муайян тадбирларни (никоҳ тўй базмлари, диний маросим ва бошқа ш.к.) ўтказилиши тушунилади.

Таҳлил қилинаётган жиноятда ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар никоҳланувчиларнинг никоҳ ёшига тўлмаганликларини билган бўлишлари керак.

Жиноят кодекси 1251-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган жиноятнинг субъекти 18 ёшга тўлган ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ҳисобланади.

Ота-оналарнинг ўрнини босувчи шахслар деганда, қонунда белгиланган тартибда болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқини амалга оширувчи ва ота-оналик мажбуриятларини бажарувчи, лекин боланинг ота-онаси бўлмаган шахслар (фарзандликка олувчилар, васийлар ва ҳомийлар) тушунилади.

Жиноят кодекси 1251-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган жиноятнинг объектив томони никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда никоҳ икки хил — дунёвий ва диний мазмунга эга. Дунёвий маъносига кўра, никоҳ — эр-хотиннинг ўзаро розилиги билан ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилган оилавий иттифоқи, эр-хотинлик ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, дунёвий мазмунда никоҳ турмуш қураётган эркак ва аёлнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида (ФҲДЁ) рўйхатдан ўтишини англатади. Динда никоҳ (арабча — уйланиш, эр-хотиннинг қовушиши) – эр-хотинликни шариат йўли билан расмийлаштириш маросими ва шу маросимда имом томонидан ўқиладиган шартнома сифатида тушунтирилади. Динларда, шу жумладан ислом динида оилага жуда катта аҳамият берилади. Оила ҳаёти никоҳ билан бошланади. Никоҳсиз яшаш динларда ҳаром қилинган. Шу жиҳатдан ҳам, динларда никоҳсиз икки кишининг бирга яшаши қатъий ман этилган ва ҳаром қилинган иш ҳисобланади. Шу сабабли, халқларимиз урф-одатлар асосида никоҳланувчилар никоҳни расмий равишда қайд қилишдан аввал диний расм-русумлар асосида никоҳни белгилаб оладилар.

Мазкур нормада назарда тутилган никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар деганда, оила ёки бошқа қонунчиликларда белгиланган тартибда никоҳи тузилиб, қайд қилинмаган шахслар тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида никоҳ тузиш тартиби ва шартлари белгиланган бўлиб, унга кўра (13-м.) никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб никоҳни тузганлар эр-хотин деб ҳисобланадилар ва шу пайтдан эътиборан улар ўртасида эр-хотинлик ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келади.

Оила кодексининг 215-моддасига биноан, никоҳ тузилганлиги қайд этилганидан кейин никоҳ тузилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимларни амалга ошириш ҳаракатлари Жиноят кодекси 1251-моддаси учинчи қисми бўйича жавобгарликни келтириб чиқаради.

Бунда, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимларни амалга ошириш деганда, диний маросимни амалга ошираётган шахс томонидан никоҳланувчиларнинг никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилганлигини аниқламасган ёки никоҳи қонунчиликда белгиланган тартибда қайд этилмаганлигини ёҳуд никоҳ ёшига тўлмаганлигини билгани ҳолда, уларга нисбатан никоҳ хутбасини ўқиш ёки икки томонни никоҳлаш билан боғлиқ диний маросимларни ўтказилиши тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига мувофиқ, диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас деб топилади. Аммо шунга қарамай, халқимиз ўртасида шаръий никоҳ тузиш ёки диний маросим тариқасида никоҳни белгилаш ҳолатлари мавжуд бўлиб, айримлар никоҳни расмий равишда расмийлаштирмасдан диний расм-русум тариқасида ўқилган никоҳ асосида ҳаёт кечираётганлар йўқ эмас.

Жиноят кодекси 1251-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган жиноятнинг субъекти 18 ёшга тўлган никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширган шахслар ҳисобланади. Улар мулла, руҳонийлар ёки диний расм-русмлар асосида никоҳ ҳутбасини ўқиган ҳар қандай жисмоний шхслар бўлиши мумкин.

Жиноят кодексининг 1251-моддаси 1–3-қисмларида назарда тутилган жиноятнинг жиноий жавобгарликка тортиш шарти айбдор ушбу ҳаракатларни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 473-моддаси 1–3-қисмларида (Никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш) белгиланган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазога тортилганидан кейин бир йил давомида ушбу қилмишларни такрор равишда содир этганлиги ҳисобланади.

Жиноят кодекси 1251-моддасида назарда тутилган жиноятнинг субъектив томони айбнинг қасд шаклида ифодаланади. Жиноятнинг мотив ва мақсади жиноятнинг квалификациясига таъсир кўрсатмайди.

 Аброржон  ОТАЖОНОВ,

Тошкент давлат юридик университетининг

Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупсияга

қарши курашиш кафедраси профессори

юридик фанлар доктори, профессор