Сув хўжалиги вазирлиги бу йил 150 минг гектар майдонда сув тежовчи, жумладан, 44 минг гектарда томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилади.

Хусусан, Қашқадарё вилоятида 2 минг 600 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш режалаштирилган. Айни пайтда “Агробанк”нинг вилоят ва туман бўлимлари томонидан 46 та фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотларига 11 млрд. 710 млн. сўм бошланғич кредит маблағлари ажратилди. Улар томонидан технологияни қуриш ва ўрнатиш ишлари олиб борилаяпти.

“Indorama agro” МЧЖ томонидан Нишон туманидаги экин майдонларига замонавий кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида тажриба тариқасида пахта навларини экиш мўлжалланган. Ерлар текисланиб, 200 метр узунликдаги эгилувчан қувурлар тортилди. Ҳозирда майдонга нам суви берилаяпти.

Нишон туман ирригация бўлими бошлиғи Шерали Бобоқуловнинг айтишича, суғориш қийин бўлгани учун ушбу майдонлар  фойдаланишдан чиқиб кетган эди.

“Indorama agro” МЧЖ томонидан Австралиядан келтирилган эгилувчан қувурлар ўрнатилиши ҳисобига сув таъминоти яхшиланди ва 150 гектар майдон қайта фойдаланишга киритилди.