Хусусан, ҳозирги даврда эскирган “тиббий” моделдан жаҳон стандартларига мос “ижтимоий” моделга, тиббий-меҳнат экспертиза тизимидан тиббий-ижтимоий экспертиза тизимига ўтилади. Жорий йилнинг ўзида 120 минг нафар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар тиббий-ижтимоий хизмат билан қамраб олинади.

Республика бўйича ягона бўлган ногиронликни белгиловчи тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари тизими ташкил этилади. 18 ёшгача бўлганларни “ногиронлиги бўлган бола”, деб хулоса берувчи Педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари фаолияти йўлга қўйилади. Ногиронлик аломатлари яққол кўриниб турган, нохуш клиник ташхисга эга фуқароларга ногиронликни бюрократик тўсиқларсиз, қисқа муддатларда белгилаш тизими жорий қилинади.

Муҳтож фуқароларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Ногиронлиги бўлган шахслар ва уларни парваришлаш учун махсус ҳаракатланиш воситалари, мосламалар, реабилитациянинг бошқа техник воситаларига бўлган эҳтиёж тезкор аниқланиб, уларни ишлаб чиқаришга буюртма беришнинг самарали механизмлари йўлга қўйилади. Ногиронлиги бўлган ва бошқа муҳтож шахсларга протез-ортопедия ёрдамини ташкил этиш, вазирликлар, муассасалар ва ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, уларни тайёрлаш технологияларини ривожлантириш, уларнинг янги турларини ишлаб чиқаришга қаратилган қатор вазифалар бажарилади.

Янги реабилитация қилиш ва протезлаш марказлари қурилиб, ишга туширилади. Реабилитация марказларида амбулатор-поликлиник бўлимларни ташкил қилиш ва бунинг натижасида ушбу марказларда тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари билан қамраб олинадиганлар сони йилига 160 минг нафаргача етказилади.

Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги

ахборот хизмати