Катта, равон йўлда машинамиз елиб борар экан, кўз олдимда қишлоқдаги қадрдонларим, юрт манзаралари жонланади. Йўл азоби – гўр азоби деганларидек, аввалги йилларда кўрганим – қишлоқ йўлларининг абгор ҳолати кўз олдимда гавдаланади. Гарчи яқинларим телефон орқали суҳбатда қишлоғимиз йўллари таъмирлангани ҳақида бир неча бор “суюнчи” олган бўлса-да, буни тасаввуримга сиғдира олмайман. Қолаверса, ўтган йил баҳорда рўй берган табиий офатдан кўрилган талофат қанчалик тикланди, пандемия ва табиат инжиқликлари қишлоқдошларимнинг ҳаётида қандай из қолдирди, деган саволлар хаёлимда чарх уради.

Қоракўлга кириб келганимизда атрофни тун қоронғуси қоплаган эди. Катта магистрал йўлдан туманимизнинг ички йўлига тушиб борар эканмиз, йўл бўйида теварак-атрофга ёғду сочиб турган чироқлар нуридан кўнглим равшан тортди. Йўл ёқалаб янгидан қад ростлаётган замонавий иншоотлар, янги уйларни кўриб кўзим янада яшнади. Туман ҳокимияти биноси олдидан ўтаётиб, бу ҳудуд ҳам ўзгача чирой очганини сезиш мушкул эмас эди. Демак, яқинларимнинг “Қоракўлга келсангиз адашиб қоласиз” деган гапида жон бор экан. Ҳақиқатан ҳам янги қиёфага кирган туманимиз марказини деярли таний олмай қолдим. Ўтган йилнинг мураккаб синовларига қарамасдан, туманимизда янги ҳаёт, янгича жўшқинлик руҳи кезиб юрганини юрт остонасиданоқ ҳис этдим.

Туман марказидан қишлоғимизгача етиб олиш учун яна 15 километрга яқин йўл босишга тўғри келади. Ўтган гал келганимда бу йўл ҳали тўла таъмирланмаган, чанг-тўзон кечиб, ўнқир-чўнқирларда чайқала-чайқала ҳолдан тойган эдим. Ўша таассуротлар хотирамга қаттиқ муҳрланган шекилли, ғизиллаб бораётган машина сал силкинса, дарҳол йўлга қарайман. Ҳайдовчининг “етиб келдик” деган сўзидан ҳушёр тортиб теварак-атрофга қарадим. Қишлоғимизда сокин ва осойишта тун ҳукмрон, ҳамма ширин уйқуда ором оларди. Равон йўллар, обод кўчалар, мусаффо ҳаво, тинчлик-хотиржамлик муҳити қишлоқдаги тинч-осуда ҳаётдан далолат берарди.

Табиий офат оқибатлари қандай бартараф этилди?

Қаттиқ шамолдан зарар кўрган хонадонларнинг том қисмини қайта тиклаш учун 1222 дона шифер, 230 донадан ошиқ тахта етказиб берилди, – дейди “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ғ.Худойқулов. – Ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди. Ҳозирги кунда бу хонадонларнинг барчаси қайта таъмирланди. Маълумки, ўтган йил 27 апрель куни республикамиз ҳудудига Туркманистон ҳудудидан кучли шамол кириб келиб, Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида секундига 9−40 метргача тезликда шамол эсган эди. Оқибатда уй-жойлар, иншоотларга, қишлоқ хўжалик экинларига жиддий зарар етди. Давлатимиз раҳбари зудлик билан Бухоро вилоятига бориб, вертолётда Қоракўл ва Олот туманларидаги ҳолатни кўздан кечирди. Президентимизнинг 2020 йил 28 апрелда “Бухоро вилоятида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди. Табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилиб, унга тегишли вазирлик, идора, ташкилот, маҳаллий ҳокимлик вакиллари бириктирилди. Бошқа туманлар каби Қоракўлга ҳам юртимизнинг турли ҳудудларидан кўмак карвонлари етиб келди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, табиий офат оқибатларини бартараф этишга 75 миллиард сўмдан ортиқроқ маблағ сарф қилинди. Шундан 71,5 миллиард сўм бюджет маблағлари, 4,5 миллиард сўм ҳомийлар маблағлари ҳиссасига тўғри келди.

Шунингдек, 1 минг 200 км паст ва юқори кучланишли электр тармоқлари, 392 та трансформатор, икки юздан кўпроқ алоқа устунлари, 56 километр алоқа тармоғи тўлиқ тикланди. Натижада етказилган барча зарар тўла бартараф этилиб, 14161 та хонадон, 126 та ижтимоий соҳа объектлари, 27 та кўп қаватли уйларнинг том қисмлари қайта тикланди. 29 минг хонадонлар электр энергияси, 8,1 минг хонадонларнинг табиий газ линиялари қайта тикланиб улаб берилди. Бу жараёнда туман аҳолиси давлатимизнинг, бутун халқимизнинг хайрихоҳлиги, яқин кўмагини ҳар лаҳзада ҳис этиб турди ва ҳар бир инсон ўз тақдири мисолида бунга яққол амин бўлди.

Обиҳаёт келган жой файзга тўлади

Қишлоқ кўчаси бўйлаб юрар эканман, ҳар бир ҳовли олдида водопровод тармоғи ётқизилиб, трубалари маҳкам ўраб қўйилгани эътиборимни тортди. Яқинроқ бориб қарасам, труба тикланган жойга махсус қора қути ҳам ўрнатилган экан. Бу ерга сув ҳисоблагич ўрнатилган эди.

Жорий йил 21 январда Президентимизнинг Бухоро вилоятига ташрифи доирасида Олот тумани марказида Олот, Қоракўл, Жондор ва Шофиркор туманлари фаолари, маҳалла раислари билан бўлган учрашувда бу масалаларга ҳам эътибор қаратилиб, Жаҳон банки иштирокидаги Олот ва Қоракўл туманлари ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича 139 миллион долларлик лойиҳа якунланиб, 265 минг аҳоли ичимлик суви билан таъминланиши таъкидланди. Бунинг натижасида мазкур икки туманда 30 йилда ичимлик суви таъминоти 17 фоиз бўлган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 90 фоизга етади.

Айни пайтда қурилиш давом этаётган “Икки даҳа” сув иншооти битказилиб ишга туширилгач, суткасига 50 минг куб метр сувни тозалайди. Натижада, 88 та маҳалла аҳолиси, 50 та ижтимоий ва саноат объекти сув билан таъминланади. Обиҳаёт исроф бўлишининг олдини олиш ва тоза ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш учун 51 мингта сув ҳисоблагич ўрнатилиб, тизимда замонавий SCADA технологиясидан фойдаланилади.

Бундай хушхабар кўплаб Қоракўлликлар қатори мени ҳам жуда мамнун этди. Зеро, тоза сув – соғлом ҳаёт, фаровон келажак деганидир. Ишончим комилки, катта машаққат эвазига қишлоқ аҳолисига яратилган бу замонавий шароитларни ҳар бир юртдошимиз юксак қадрлайди. Қишлоқларимизга тоза сув билан бирга одамлар ҳаётига янгича маъно-мазмун, хонадонларга бахт, сурур, шодлик, ҳаётдан розилик ҳисси, янада нурли, фарахбахш кунлар кириб келади.

Қоракўл терисидан Қоракўл мактабигача...

Илгари туманимизнинг номи тилга олинганда кўпчиликнинг тасаввурида қоракўл терилари, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик ривожланган ҳудуд гавдаланар эди. Сўнгги йилларда Коракўл тумани нафақат аграр соҳа, балки, саноат, таълим, маданият, санъат ва бошқа соҳаларда ҳам ўз ўрнини намоён этиб бораётгани қувонарлидир. Туман ҳокимлиги иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи ўринбосари Мақсуд Сувонқулов билан суҳбатлашиб бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдим.

2021 йилда ҳам бу хайрли ишлар изчил давом эттирилиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 66 та йирик лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобидан туман иқтисодиётига 1 триллион 365 миллиард сўмлик инвестициялар жалб қилиниши натижасида 2400 та янги иш ўринлари яратиш йўлида қизғин иш олиб борилмоқда.

Чорвачилик соҳасини ривожлантириш мақсадида 2021 йилда туманда иккита 1000 бошга мўлжалланган чорвачилик комплекси ишга туширилади. Шунингдек, ҳар битта ҳудудда камида 200 бошга мўлжалланган 2 тадан жами 26 та чорвачилик комплекслари ташкил қилинади. 2021 йилда тумандаги бир қатор корхоналар негизида жами қиймати 2 миллион доллар бўлган 2000 бош наслли бузоқ келтириб боқишни ташкил қилиш лойиҳалари амалга оширилади

Устоз-муаллим 1991-2009 йилларда иқтидорли, истеъдодли ўқувчилар билан ишлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида ибратли ишларни амалга ошириб, юртимизда алоҳида ўринга эга бўлган таълим муассасини жаҳонга танитди. Мазкур мактаб бугунги кунга келиб “Халқаро математика мактаби” мақомини олди. Мазкур таълим муассасасида яратилган замонавий шароитлар туфайли таълим жараёнида самарали натижаларга эришилмоқда. 2021 йил 7-13 январь кунлари пандемия сабабли онлайн тарзда бўлиб ўтган Халқаро математика олимпиадасида эришилган натижалар бунга мисолдир. Қозоғистонда бўлиб ўтган ушбу нуфузли халқаро танловда 20 та давлатдан 146 та жамоа таркибида 1000 дан ортиқ ўқувчи ёшлар ғолиблик учун баҳслашди. Олимпиада иштирок этган ўзбекистонлик ўқувчи ёшлар математика бўйича 7 та кумуш ва 2 та бронза, яна бир нафар ўқувчи физика фанидан кумуш медал соҳиби бўлди. Математика фанидан қўлга киритилган 9 медалнинг 4 таси Қоракўл халқаро математика мактаби ўқувчиларига тегишли экани ёшлар камолоти йўлида амалга оширилаётган хайрли ишларнинг ёрқин нишонаси бўлди.

Шу билан бирга, туманда Т.Жумаев ташаббуси билан 2009 йилда асос солинган яна бир замонавий таълим муассасаси -- Бухоро давлат университети қошидаги 3-сонли Қоракўл академик лицейи ҳам фаолият юритиб келмоқда. Лицейда фидойи муаллимларнинг меҳнатлари туфайли уларнинг иқтидорли шогирдлари дунёнинг қатор ривожланган давлатларида ўтказилаётган кўплаб фан олимпиадаларида ғолиб ва совриндор бўлаётгани, нуфузли дипломларни қўлга киритаётгани алоҳида эътирофга лойиқ. Ҳозирга қадар лицейнинг 3 минг 114 нафар битирувчиси, республика олий ўқув юртларида, 56 нафари эса хорижий давлатлар университетларида таҳсил олган.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21-22 январь кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, ишларни “маҳаллабай” тизимда ташкил қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоят Халқ қабулхонаси томонидан вилоятнинг энг чекка ва олис ҳудудлари ўрганилди. Жараёнда 55 та ижтимоий-иқтисодий ҳолати оғир бўлган қишлоқ ва маҳаллалар аниқланди. Ўрганишлар давомида йўл, ичимлик суви, электр энергияси таъминоти, ижтимоий соҳа объектларининг таъмирталаб ҳолатлари, мактаб, мактабгача таълим ташкилоти, тиббиёт муассасалари етишмаслиги каби муаммолар мавжудлиги қайд этилди. Аниқланган муаммоларнинг бартараф қилинишини таъминлаш мақсадида, 10 та энг оғир ва олис ҳудудлар “Обод қишлоқ” давлат дастурига киритилди. Қолганлари учун вилоят, туман ва шаҳар сектор раҳбарларининг оммавий сайёр қабулларини ўтказиш, уйма-уй юриш ва ижтимоий объектларни ўрганиш орқали аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш, сайёр давлат хизматларини кўрсатиш белгиланди.

Қоракўл туманидаги “Осиё” маҳалла фуқаролар йиғини ҳам ҳудуди ана шундай ижтимоий-иқтисодий ҳолати оғир бўлган қишлоқ ва маҳаллалар тоифасига киритилди. Бугун мазкур ҳудуд “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида кўркам қиёфа касб этмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғинида мавжуд ҳар бир кўчада туман ҳокимлиги, ички ишлар бўлими ва бошқа туман ташкилотлари томонидан барча ишлар “маҳаллабай” ташкил этилмоқда. Бунда асосий эътибор аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларидаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилди.

“Осиё” маҳалласида жами 901 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 5 минг 648 нафар аҳоли истиқомат қилади. Айни пайтда маҳалла “Темир дафтар”, “Аёллар дафтар”и ва “Ёшлар дафтар”ига киритилган аҳолининг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича иш олиб борилмоқда. Хусусан, “Темир дафтар”га киритилган 4 та оила ва уларнинг 2 нафар аъзоларига субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратиш ҳисобидан иссиқхоналар қуриб беришга келишилди. Уларга тегишли мутахассислар томонидан амалий-услубий кўмак берилди.

“Ҳар бир оила — тадбиркор” ва бошқа дастурлар орқали 53 нафар фуқароларга кредит олишга амалий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда. Бу орқали фуқаролар балиқ етиштириш, асаларичилик, иссиқхона хўжалиги, чорвачилик, паррандачилик йўналиши бўйича ўз тадбиркорлигини ташкил этади.

Шунингдек, оилавий шифокорлик пункти ходимлари ҳамда туман тиббиёт бирлашмасининг тор доирадаги соҳа мутахассислари ҳамда марказий касалхона бош ҳамширалари томонидан аҳоли тиббий хатловдан ўтказилиб, уларга соғлом турмуш тарзи бўйича тушунтиришлар берилди.

Бутун юртимизнинг бошқа ҳудудлари каби Қоракўл туманининг ҳам ҳар бир қишлоқ ва маҳалласида ана шундай хайрли ишлар тобора кенг қулоч ёзмоқда. Бунинг натижасида ҳар бир инсон юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини эртага ёки олис келажакда эмас, балки, бугун ўз ҳаётида ҳис этиш бахтига мушарраф бўлаётир.

Мени чорлаган ёғду

Болалигимда қишлоғимизнинг адоғида ястаниб ётган қирларга тез-тез бориб турардим. Ўша баландликлардан қараганимда узоқ-узоқларда чарақлаб турган чироқлар ёғдуси жилоланар эди. Катталардан сўраб бу туманимиз маркази – Қоракўл шаҳри эканини билганман. Орадан йиллар ўтиб бу манзаралар ўзгариб кетди. Ўтган йилларда ҳудудлар инфратузилмаси ривожи эътибордан четда қолиши натижасида туманимиз маркази қиёфасига ҳам путур етган эди.

Бугун эса манзара бутунлай бошқача. Тунги чироқлар ёғдусида янгидан қад ростлаган замонавий иншоотлар, кўп қаватли уйлар, савдо мажмуалари, кўнгилочар масканлар шаҳарча кўркига кўрк бахш этмоқда. Йўлларга ўрнатилган чироқлар нафақат тунни, кўнгилни ҳам равшан этади. Кўчаларга ўрнатилган светафор йўл ҳаракатини тартибга солиб, одамларни огоҳликка даъват этади.

Атроф ёруғ бўлгани учун кўчада тунги сайрга чиққан одамлар оқими тинмайди. Уларнинг орасида ёшлар ҳам нуронийлар ҳам бор. Баъзилар оилавий бўлиб сайр этиб юрибди. Шаҳар марказидаги тўйхоналар ҳам гавжум. Бу ерда карантин қоидаларига риоя этилган ҳолда тўй-тантаналар давом этмоқда. Кечки пайт бўлишига қарамай, савдо ва турли мажмуалар аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Одамларнинг юзи-кўзида табассум, мамнунлик, бахтиёрлик туйғуси барқ уриб турибди.

Тўйхоналарда эса куй-қўшиқ баралла янграмоқда. Тўкин дастурхон атрофида нуронийлар юртимизга тинчлик, эзгу ишларга ривож тилаб дуо қилади. Уларга қўшилиб дуога қўл очар эканман, бир пайтлар кўнглимга сеҳр солган ушбу нурли чироқлар тоабад порлаб туришини, юрт эртаси бугундан ҳам обод бўлишини ният қилдим.

Баҳор ХИДИРОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири