Бинобарин, Сариосиё, Денов, Шўрчи ва Қумқўрғон туманларидаги экинзорлар мазкур сув омбори орқали суғорилса, унинг қуйи қисмидаги ГЭСлар қуввати вилоятнинг жанубий ҳудудларини электр энергияси билан таъминлайди.

Мазкур иншоотларнинг дастлабкиси — “Тўполанг” ГЭС 2006 йилда ишга тушган. Бу ерда шундан буён ҳар бири 15 мегаватт бўлган иккита агрегат ишлаб турарди. Бундан олти йил олдин Президентимиз топшириғига мувофиқ, аввалига Тўполанг сув омбори тўғони 20 метрга кўтарилди. Натижада унинг сиғими 380 миллион куб метрдан 500 миллионга етказилди.

— Давлатимиз раҳбари 2019 йил баҳорида ушбу объектдаги модернизация жараёни билан танишар экан, ушбу станцияда навбатдаги иккита янги гидроагрегатни қуриш юзасидан топшириқ берган эди, — дейди Тўполанг гидроэлектр станцияси раҳбари Асрор Улуғов. — Шу асосда ҳар бири 72,5 МВтдан иборат бўлган агрегатлар ўрнатилди. Мана, куни кеча давлатимиз раҳбари унинг ишга туширилишига старт берди. Натижада ГЭСда ишлаб чиқариладиган 145 мегаватт “яшил” энергия аҳоли хонадонлари ва тадбиркорлик субъектларига етказиб берила бошланди. Шу тариқа, “Тўполанг” ГЭСининг умумий қуввати 175 МВтга етиб, мамлакатимиздаги “Чорвоқ” ГЭСидан кейинги иккинчи ўриндаги станцияга айланди.

Бу ерда қурилган қувватларнинг ўзига хос томони шундаки, бир сув оқими орқали кўп марта “яшил” энергия ҳосил қилиняпти.

— Бунинг учун дарё суви махсус босим остида, аввало, “Тўполанг” ГЭСига йўлланяпти ва бу иншоот янги агрегатларнинг ишга тушиши билан ўз қувватини қарийб олти баробарга оширди, — дейди “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси, сенатор Абдуғани Сангинов. — Ундан кейин эса, бундан икки йил олдин иш бошлаган “Зарчоб-1” ва “Зарчоб-2” гидроэлектр станцияларидаги агрегатларни айлантиради. Лекин, бу кўрсаткич дарёнинг гидроэнергия салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиляпти, дегани эмас. Чунки, яна қўшимча қувватлар олиш имкони мавжуд. Шу сабабли жамиятимиз томонидан бугунги кунда дарёнинг қуйи қисмида 16 МВтли “Зарчоб-3” гидроэлектр станцияси қурилиши бўйича дастлабки ишлар бошлаб юборилди.

Бундан ташқари, дарёнинг юқори қисмида истиқболли лойиҳалар асосида кейинги йилларда жами 20 лойиҳа асосида умумий қуввати 264 МВт бўлган Юқори Тўполанг ГЭСлари қурилади. Ушбу жараёнда хусусий сектор томонидан амалга ошириладиган микро ГЭСларни барпо этишга ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз. Хусусан, яқин истиқболда Сурхондарё вилоятида 55 лойиҳа бўйича умумий миқдори 25,8 МВт бўлган янги қувватлар ишга туширилади. Уларнинг 8 таси, яъни ”Ўзбекгидроэнерго” АЖ барпо этаётган 5 та, хусусий секторнинг 3 та лойиҳаси шу йилнинг ўзида аҳолига электр энергияси етказиб беришни бошлайди. Оддий тил билан айтганда, бир оқим бўйича юқоридан пастга ҳаракатланиб келаётган сув сарфидан қайта-қайта унумли фойдаланган ҳолда экологик тоза энергия ҳосил қилинади.

Тўполанг дарёсида қурилган ва қурилиши режалаштирилган ГЭСлар турига кўра ҳам ўзига хосликка эга. Масалан, “Тўполанг” ГЭСи юқори босимда ишлаш учун мўлжалланган тўғон олди қувватлар туркумига кирса, “Зарчоб”-1, 2, 3 станциялари очиқ ва босимсиз, ёпиқ деривацион турдаги станциялар турига мансуб. Юқори Тўполанг ГЭСларини дастлабки лойиҳаларига кўра, ёпиқ босимли деривацион турда қурилиши мўлжалланган.

Сурхондарё вилоятида мавжуд гидроэнергетик салоҳиятдан самарали фойдаланиш, янги қувватларни ишга тушириш борасидаги лойиҳалар кўлами тобора кенгайиб боряпти. “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан 2023-2030 йилларда мазкур ҳудудда 81 лойиҳа юзасидан 601,4 МВт, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 2 038,2 миллион кВт.соатга тенг бўлган янги қувватларни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Юқорида қайд этилганидек, жорий йилда уларнинг 8 таси ишга туширилади. Бунда “Тўполанг” ГЭСнинг янгиланган қуввати 175 МВт бўлса, қолганлари микро ва кичик ҳамда сув юзасида турувчи кинетик турбинали микро ГЭСлар ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, мазкур станцияларда қўлланилган замонавий ускуна ва жиҳозлар, назорат ўлчов қурилмалари тизими объектларни хавфсиз ва ишончли бошқариш имконини беради.

Соҳа мутахассисларининг хулосасига кўра, “Тўполанг” сув омборидаги сув манбаси экологик тоза, ичишга яроқли ҳамда таркибий жиҳатдан инсон организми учун қатор фойдали минерал хоссаларга бой. Ундаги сувнинг қаттиқлик даражаси 4 фоизни ташкил этиши ҳам инсон соғлиги учун фойдали ҳисобланади. ГЭСлар агрегатини айлантирган сувлар ҳам табиий жиҳатдан тозалигини йўқотмайди.

Бу хусусиятлар, ўз навбатида, Сурхондарё вилояти аҳолиси учун муҳим бўлган яна бир ўта йирик ижтимоий лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш имконини беряпти. Бинобарин, воҳада фойдаланиладиган сув ресурсларининг умумий ҳажми йилига 4270 миллиард куб метрни ташкил қилади. Бунда асосий кўрсаткичлар Амударё, Сурхондарё дарёлари ҳамда Тўполанг сув омбори ҳиссасига тўғри келади.

— Президентимизнинг “Тўполанг” сув омборидан ичимлик суви тармоғи тортиш бўйича кўрсатмалари ва бу борада имзолаган қарорларига мувофиқ, айни кунларда вилоятнинг 11 туманида амалий ишлар олиб бориляпти, — дейди Абдуғани Сангинов. — Бу жуда мураккаб лойиҳа бўлиб, даставвал, “Тўполанг” сув омборининг қуйи қисмида босимни сўндириш, сувни тозалаш ва тарқатиш иншоотларини қуришга тўғри келяпти. Шундан сўнг, сув аввал асосий иншоотга қўйилади, кейин эса магистрал қувурга узатилади. Яъни, сув омборидан туманлардаги сув тақсимлаш тармоқларигача жами 361 километр узунликдаги қувур тортилади. Бунинг натижасида Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги 1,7 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланади.

Бундан кўзланган асосий мақсад – аҳолини сифатли ичимлик сув билан таъминлаш, коммунал турмуш шароитларини янада яхшилаш, туман марказлари ва қишлоқ аҳоли пунктларида юртдошларимиз саломатлигини мустаҳкамлашдан иборат. Уни ўз вақтида ва сифатли бажаришда бош лойиҳачи “Гидропроект” АЖ билан Туркиянинг етакчи “ART Environmental Technologies LTD” компанияси ҳамкорлик қилмоқда. Бу компания сув қувурлари, тозалаш иншоотлари, насос ва канализация станцияларини лойиҳалаштиришга ихтисослашган бўлиб, халқаро миқёсда ҳам катта нуфузга эга.

Айни пайтда “Тўполанг” сув омборидан вилоят ҳудудларига ичимлик сувини етказиб бериш бўйича ишлар қизғин давом этяпти. Сув қувурларини тортиш учун маҳаллий ва хорижлик мутахассислар жалб этилган. Биринчи босқичда унинг уланиш нуқтаси аниқланиб, асосий сув қувурининг тақсимот тугунлари билан уйғунлашган режаси ишлаб чиқилди. Кўрилаётган чора-тадбирлар аҳолининг истиқболдаги ўсишини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириляпти.

— Яқин истиқболнинг 20 йиллик таҳлилий прогнозларига кўра, Сурхондарё вилоятининг аҳолиси доимий равишда ўсиб, ичимлик сувига бўлган эҳтиёж ҳам муттасил ортиб боради, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ғайрат Сафаров. — Бу борада вилоятнинг ҳар бир тумани бўйича таҳлилий ҳисоб-китоблар тайёрланган. Мисол учун, ҳозирда Ангор тумани аҳолиси 134 мингдан кўпроқ бўлса, 2040 йилга бориб қарийб 163 мингга етиши кутилмоқда. Бу эса ана шу муддатда ичимлик сувига бўлган талаб 960,31 куб метр секундни ташкил этишидан далолат беради.

Бандихон туманида ҳам талабнинг ана шундай ўсишини кузатиш мумкин. Ҳозирда 77 мингдан кўпроқ аҳоли яшаётган ҳудудда орадан йигирма йил ўтиб, улар сони 93 минг нафардан ошиши кутилмоқда. Натижада ичимлик сув истеъмоли 501,45 куб метр секундни тақозо этади.

Умумлаштирадиган бўлсак, лойиҳадан ўрин олган туман ва шаҳарлар аҳолиси 2040 йилга келиб, қарийб 2 миллион 416 минг нафарни ташкил қилади. Ичимлик сув истеъмоли ҳажми эса ўртача 14 08016 куб метр секундга ортади.

Бу эса, амалга оширилаётган лойиҳанинг Сурхондарё вилояти аҳолисини ичимлик сувга бўлган эҳтиёжини таъминлашда нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади. Унинг якунида 11 мингдан ортиқ хонадонда яшовчи 44 минг нафардан зиёд инсонларни илк марта ичимлик сув билан таъминлаш имконияти юзага келади. 18 минг 805 хонадонда яшаётган 75 мингдан зиёд сурхондарёликларнинг бу борадаги таъминоти тубдан яхшиланади. Натижада вилоят аҳолисини марказлашган тоза ичимлик сув билан таъминлаш даражаси 70 фоиздан ошади. Қолаверса, 945 хонадон ёки 4 мингга яқин аҳолининг оқова сув қувури тизимига уланишига имкон яратилади.

Ҳозирда Сариосиё – Термиз йўналиши ҳамда Сариосиё тумани ички тармоғига металл қувурлар ётқизиб бўлинди. Сангардак дарёсидан ўтувчи қисмида узунлиги 161 метр бўлган дюкер, яъни қувур шаклидаги босимли сув ўтказгични қуриш ишлари тугатилди. Жами қуриладиган 22 та сув тозалаш иншоотининг барчасида бир вақнинг ўзида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Сув сақлаш ва тарқатиш иншоотлари бўйича Сариосиё туманида 2 та ва Деновдаги бир дона, яъни йирик 20 минг куб метр ҳажмдаги резервуарни қуриш давом этяпти.

Қурилиш-монтаж ишларига бугунги кунда 300 дан ортиқ машина-механизмлар ҳамда 600 нафардан зиёд инженер-техник ва ишчи-ходимлар жалб қилинган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, лойиҳа доирасида 65 километр асосий ва 40 километр ички тармоқ сув қувурлари ётқизилди. Қарийб 3,1 миллион куб метр ер ишлари амалга оширилди. Жорий йил якуни билан Сариосиё, Денов, Шўрчи ва Қумқўрғон туманлари аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлаш режалаштирилган.

Ана шундай эзгу мақсад йўлида амалга оширилаётган ишларнинг барчаси 2024 йилда ниҳоясига етказилиши мўлжалланган. Унинг умумий қиймати 138 миллион доллар бўлиб, 1,7 миллион аҳолининг ичимлик сувга доир муаммоларини тўлиқ ҳал этиши ҳисоб-китоб қилинган.

Айтиш жоизки, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан қайта тикланувчи электр энергиясини ишлаб чиқариш ва аҳолига етказиб бериш, истиқболли лойиҳаларга хорижий ва хусусий инвесторлар маблағларини жалб қилиш, узоқ йиллар мобайнида ишлаб келаётган ГЭСларни модернизация қилиш, маҳаллийлаштириш жараёнларини кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратиляпти. Сурхондарё воҳаси аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлаш борасида олиб борилаётган савобли ишлар эса, жамият салоҳиятининг янги қирраларини намоён этмоқда. Дарё сувларининг қайта-қайта нурга ва тоза сувга айланиши ҳудудларга чароғонлик ҳамда фаровонлик келтираверади.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

иқтисодий шарҳловчи