Экспозициядан рассомнинг «Куй», «Ёшлик хотираси», «Малика», «Сирли учрашув», «Йўлбарс Бобур», «Тутилиш I ва II”, «Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» асарига иллюстрация», «Очилмаган тилсим» туркумлари, «Медитация. Шайтоннинг бўғилиши. Эҳтирос» «Рақсга тушаётган дарвиш. Жаннатда қиш. Сармаст» каби қатор ижод намуналари ўрин олган.

Рассом тақдим этган композиция ва қатор лавҳаларда маданиятимиз тарихининг айрим жиҳатлари, ҳаёт фалсафаси, инсонларнинг руҳият олами, хотин-қизлар сиймоси, борлиқнинг яширин сирлари акс этган бўлиб, улар томошабинни мушоҳадага чорлайди.

Б.Маҳкамов 1958 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. П.Бенков номидаги Республика рассомлик билим юртида, Тошкент давлат театр ва рассомлик институтида таҳсил олган. Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси. 1985 йилдан буён кўплаб маҳаллий ва халқаро кўргазмалар иштирокчиси.

Б.Маҳкамов Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳамда Қозоғистон рассомлар уюшмасининг олтин медали билан тақдирланган.

Кўргазма 2022 йилнинг 3 март кунига қадар давом этади.

Ҳасан Абдуназаров