Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлат муҳофазасида эканлиги белгилаб берилган.

Ўзбекистонда одамлардан қонунга хилоф тарзда фойдаланишга, уларнинг ғайриқонуний меҳнат миграциясига ва одам савдосига қарши кураш юзасидан давлатимиз томонидан тадрижий, аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Аммо бугунги кунда тез суръатлар билан ривожланиб бораётган уюшган трансмиллий жиноятчилик кўринишларидан бири, одамлардан қонунга хилоф тарзда фойдаланиш ва одам савдосидир.

Мазкур муаммо кўпқиррали бўлиб, унинг ечимини топиш кўп қиррали ёндашувни талаб қилади. Одамлардан халқаро миқёсда фойдаланиш учун уларни ёллаш, яъни одам савдоси деб аталадиган  бу жиноят ҳам қурол-яроғ ва гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалари билан боғлиқ сердаромад жиноятларга ўхшаш бўлиб, бу борадаги уюшган жиноий фаолият мўмай даромад келтириши, амалга ошириш усуллари эса ўта махфий ва хавфли эканлиги билан ажралиб туради.

Одам савдоси-инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири бўлиб, ўзининг чегара танламаслиги ҳамда гирдобига асосан ёшларни ва аёлларни тортаётганлиги билан барчада катта ташвиш ва хавотир уйғотмоқда.

Одам савдоси кенг тарқалган жиноят бўлиб, дунёда мавжуд барча мамлакатларда содир этилади. Сабаби ушбу жиноят туфайли дунёда даромади юзасидан учунчи ўринни эгаллайдиган ижтимоий хавфли қилмиш содир этилади. Бу орқали инсон деб аталмиш мавжудоднинг эркинлиги чекланади, шаъни қадр – қиммати топталади. Шу туфайли одам савдоси жиноятини аниқлаш, ушбу жиноятни содир этганларни жиноий жавобгарликка тортиш орқали жазонинг муқаррарлигини кўрсатиш, уни олдини олиш, оқибатларини имкон қадар камайтириш, одам савдосидан жабрланганларга нисбатан профилактик чораларни кўриш зарур ҳисобланади. 

Одам савдоси жиноий фаолиятнинг ўта хавфли ва шахсни таҳқирловчи туридир. Таҳқирланиш шунда намоён бўладики, мазкур жиноят қулликка ўхшаш шаклларда содир қилинади. Бундан ташқари, инсонни эксплуатация қилиш, “товар” сифатида сотиш, инсон омилидан фойдаланиш йўли билан даромад орттириш билан боғлиқлиги сабабли таҳқирловчи мазмун касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасида назарда тутилган одам савдоси жинояти – инсонларнинг озодлиги, шаъни ва қадр-қимматига қарши қаратилган жиноятлардан биридир.

Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш – ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, хизмат мавқеидан фойдаланиб, жабрланувчини Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан олиб ўтиш ёки уни чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб туриш, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиш, жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиш, яшириш ёхуд йўқ қилиб юбориш, киши аъзоларини кесиб олиш, бошқа кишига кўчириш (трансплантация) каби ҳаракатларини қамраб олувчи ижтимоий хавфли қилмишдир.

Одам савдоси – инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири бўлиб, ўзининг чегара танламаслиги ҳамда гирдобига асосан ёшларни ва аёлларни тортаётганлиги билан барчада катта ташвиш ва хавотир уйғотмоқда.

БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2000 йил 15 ноябрдаги 55/25- сонли резолюцияси билан қабул қилинган “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида”ги Конвенцияда (мазкур халқаро ҳужжат Ўзбекистон Республикаси томонидан (2001 йил 28 июнда ратификация қилинган) эса одам савдоси тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: “Одам савдоси – одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш, ташиш, бериш, яшириш ёки одамларни қўрқитиш асосида куч билан бошқа воситаларни қўллаш орқали ёки бошқа мажбурлов воситалари, ўғирлик, товламачилик, алдов, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ёхуд мансаб мавқеидан фойдаланиб, сотиб олиш йўли билан қўлга киритишни англатади”.

Одамлар савдосибу алоҳида шахсни (ёки гуруҳни) ёллаш, уларни бир давлат чегараси доирасида ёки чегарасидан ташқарига олиб кетиш билан боғлиқ бўлган барча ҳаракат ёки мақсадлар бўлиб, у ўз ичига сотиш, сотиб олиш, топшириш, бундай ҳаракатларни фойда кўриш ёки шунчаки бундай шахсни кейинчалик алдаб ёки мажбурлаб (зўрлик ишлатиб ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб), шунингдек, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан ишлатиш мақсадида ушлаб туришни, шунингдек, шахсни ҳоҳишига қарши ҳолда қулчилик шароитида ҳақ тўлаш ёки тўламаслигидан қатъи назар ушлаб туришни ҳам ўз ичига олади.

Одам савдоси халқаро ҳамжамият томонидан инсон, оила ва жамият фаровонлигига хавф туғдирувчи акт сифатида баҳоланади.

Юқоридаги таъриф ва тушунчаларга кўра, одам савдоси қуйидаги хатти-харакатларни ўз ичига олади:

а) одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни жисмоний куч ишлатиш, руҳий таъсир кўрсатиш, алдаш, фирибгарлик қилиш йўли билан ўғирлаш;

б) ўғирланган ёхуд алданган одмларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш;

в) шахснинг моддий қийин ахволга тушиб қолганидан фойдаланган холда уни моддий манфаатдор қилиш йўли билан ўзига оғдириб олиш;

г) одам савдосига қулай шарт-шароит яратиш мақсадида хокимият ваколатини суиистеъмол қилиш;

д) одам савдосини амалга ошириш учун фоҳишалардан фойдаланиш;

е) болалар ва аёллардан одам савдосида фойдаланиш учун уларнинг яқинларини (ота-онаси, хомий ёки васийлари, эри ёхуд хотини ёки бошқа яқин қариндошларини пул эвазига оғдириб олиш;

ж) инсон органлари ёки тўқималарини ажратиб олиш;

з) инсонни эрксиз ёки қуллик холатига туширадиган хатти-харакатларни содлир қилиш тушунилади.

Одам савдоси деганда, одамни олиш-сотиш ёки одамни экспулатация қилиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш тушунилади.

Олди-сотди тариқасидаги одам савдоси одамнинг бир шахс томонидан бошқасига пул, бошқа моддий қимматликлар (мулк), мулкий характердаги хизматлар, мулкий ёки пул шаклидаги қарздан воз кечиш ва х.к.лар сифатидаги ҳақ эвазига берилиши тўғрисида ёзма ёки оғзаки битим тузилишини назарда тутади. Бундай кўринишдаги одам савдосида одам қандай мақсадларда сотиб олинганлиги (сотилганлиги) ҳуқуқий аҳамият касб этмайди.

2020 йил 17 августдаги Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги ЎРҚ-633-сонли Қонунида ҳам “одам савдоси” тушунчаси “ёллаш”, “ташиш”, “тошириш”, “яшириш”, “қабул қилиш” қилмишлари (ҳаракат шакли) ҳолда берилган.

2020 йил 17 августдаги Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги ЎРҚ-633-сонли Қонунининг 3-моддасида, “одам савдоси — куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш йўли билан одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг ўзга шаклларини, мажбурий меҳнатни ёки хизматларни, қулликни ёхуд қулликка ўхшаш одатларни, эрксизлик ҳолатини ёхуд инсон аъзоларини, тўқималарини ва (ёки) ҳужайраларини ажратиб олишни англатади”, деб берилган.

Хулоса қиладиган бўлсак, одам савдосининг ижтимоий хавфлилиги, унинг Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлигига таҳдиди ва уни олдини олишнинг миллий ва халқаро қонунчилиги билан ҳимоя қилишни тақозо этади.    

 Мурод  Ўразалиев

 Тошкент давлат юридик университети профессори.