Машина ойнасидан довон тоғларига боқиб хаёл сурар эканман, онажонимнинг тилладай товланган анжирларни лаганга териб ҳовли этагидан чиқаётгани кўз ўнгимдан ўтади. Бир пайтлари эртаклардаги паҳлавонлар каби юракларга ғулғула солган акаларимнинг болаликдаги каби “Мунаввархон”, дея пешонамдан ўпиб кўришишлари – ҳамма-ҳаммасини ўйласам кўнглимда товушларидан шуълалар сочиладиган нурли бир ҳикоя бошланади.

Бу йил қутлуғ 87 ёшни қарши олаётган онажоним ҳар галгидек юртга муносиб фарзанд бўлиш ҳақида куйиниб гап бошлайди:

 – Болаларим, Тошпўлатовлар деса фақат қишлоғимиз эмас, бутун туман қўли енгил дўхтирлар оиласи деб танийди. Энди сизлар ҳам улуғ ёшларни қоралаб қўйдингиз. Авлодимиздаги касбу корлар ҳам янгиланиши керак. Худога шукур, ҳаммаларингизда ўғил-қиз бор. Ҳар бирингиз биттадан фарзандингизни дўхтирликка ўқитсангиз, сулоламизга иззат-обрў келтирган касбнинг умрига умр қўшган бўласизлар. Невараларим юзи ёруғ инсонлар бўлсин, дейман.

Ҳа, онам ҳақ гапни гапиради. Болалигим ҳақида ўйласам рўзғор тебратиш, ўқитиб, касб-ҳунарли қилиш учун жонларини нисор қилганини, бу серзаҳмат кунлар нозиккина елкаларига қанчалар залворли юк солганини кўз олдимга келтираман.

Ўн беш нафар фарзандни дунёга келтириб, ўн икки нафарига эга бўлган онам, дадам раҳматлига ҳар ишда елкадош эди. Биргина дадамнинг топгани билан кунимиз ўтмасди. Шу сабаб акаларимнинг бола ёшидаёқ тирикчилик ташвишларига шерик бўлишга онам йўналтирган. Кечагидек эсимда, маҳалламиздаги бир хонадонда овқат пиширилиб, туш пайтида дала шийпонларидаги боғчаларга етказиб бериларди. Олтинчи синфда ўқийдиган акам овқатни далага олиб боргани учун иш ҳақига кунига бир сўм пул оларди. Онамнинг айтишича, ўша пулга 11 дона нон сотиб олса бўларкан. Қайтишида сигир-бузоқларга бир этак ўт юлиб, велосипеднинг орқасига танғиб келарди. Акамдан хавотир олган онам у келгунича кўчага кириб-чиқаверар, қўли ишга бормасди. Яна бир акам косиб амакига шогирдликка борарди. Қайбиримизнинг оёқ кийимимиз сал унниқиб қолса, дарҳол тикиб таъмирлаб қўяр, мактабдаги дўстларини ҳам бу иши билан қувонтирган пайтларини эслайман.

Яна бир акам эса новвойга шогирд тушган. Кечаси хамир қоришга кетаётганда уйқусини очсин, деб онам бояқиш, “Болам, кўзингни оч, Тошариқдан эҳтиёт бўлиб ўт. “Бисмиллоҳ”, деб йўл бос. Ҳали улғайиб, ўқишларга кирсанг бу кунларингни тушдай эслайсан. Худодан сўраганим бор. Ма, манави ирис қандни шимиб кет, новвот чойингни ичиб ол, шошилма, ҳеч йўқ, бир ҳўпла”, дерди боласининг уйқуси бузилганлиги учун ўкинч ҳиссини сезардим. Кўзлари уйқусизликдан қизарган акамнинг оқ дуррага тугиб кўтариб келган иссиқ нонларининг иси ҳамон димоғимда.

Фарзандларининг касб-ҳунарли қилган ота-онам кейинчалик уларнинг олий маълумотли бўлишлари учун ҳам астойдил жон куйдиришган. Тўрт акам шифокор бўлишди. Ва онамнинг маслаҳатлари билан ўзларига муносиб ёш шифокорлар сулоласини тарбиялашга ҳам жиддий эътибор қаратишмоқда. Набиралари ўқимишли бўлишини жуда-жуда истаган онам, ҳатто, уларнинг тайёрлов курсларига ҳар ой ўз нафақаларидан улуш ажратади. Нафақат ота-оналар, балки бобо ва бувилар ҳам авлодлари маърифатли, ўқимишли бўлишини истаб, мана шу йўлда сарфланадиган харажатларга ўз ҳиссаларини қўшганлари бу шунчаки оддий гап эмас. Ўғил-қизларимиз келажагини, тарбиясини телефонга топшириб қўяётгандекмиз... Аммо бугун баъзи ота-оналар шароитларини енгиллатиб уларни дангаса ва масъулиятсизлик оқимига ташлаётгандаймиз...

Нафсиламрини айтганда, ҳозир нафақат болалар, кўпгина ёш оилалар ҳам боқиманда бўлиб қолаётгани кўпроқ изтироблар беряпти десам ишонаверинг. Яқинда ижтимоий тармоқда бир ёш оила иддао билан видеолавҳа тайёрлабди: “Мана, кўринглар маҳалла раҳбарларининг бизга берган нарсаларини: бир кило макарон, бир кило гуруч, озгина шакар, бир халтачада картошка, пиёз. Ҳа, беш-ўнта тухум ҳам бор экан... Нима сизлар бизни масхара қиляпсизларми? Ахир биз ишсиз ўтирган бўлсак...”

Ҳеч бир хижолатсиз айтилаётган бу гапларни эшитиб, тўғриси, юрагимга оғриқ кирди... Отам раҳматлининг “Боқиманда бўлиб қолманг, болаларим. Бу жуда ёмон иллат, одамнинг белини букиб, тилини қисади”, деган насиҳатлари қулоғим остида янгради. Ўша видеодаги эр-хотиннинг оёқ-қўли соппа-соғ экан, ишлайман деса иш топилмайдими... Авваллари одамлар ўз боғида пишиб етилган меваларни ҳам бозорга олиб чиқиб сота олмасди. Бир пайтлар мактабдаги бир тенгдошимиз уйидаги товуғини бозорда сотиб ўтирганида “қўлга олиниб”, ахлоқ тузатиш колониясига жўнатиб юборилган. Сабаби – бола ёшида чайқовчилик қилганмиш. Ўн ёшимизда далада чопиқ қилсак майли экан, катта юк машиналарида тик туриб, ўпкамизни шамолга тутиб ярим тунда даладан қайтсак майли экан. Ўзимиздан, ўзлигимиздан тонсак майли экан. Ерга тўкилиб ётган мевани териб бозорга олиб чиқиш, уйидаги товуқни сотиб рўзғор камига ямоқ бўлиш жиноят эмиш. Қандай замонларни кўрдик. Ҳозир шундай омон-омон замонда ҳам ризқини ҳалолдан топиб ейиш ўрнига кимлардандир садақа кутиб ўтириш ношукурликдан бошқа нарса эмас. Ҳозир ҳамма учун тадбиркорлик имкони бор. Яқинда бир ногирон, оёқларида туғма нуқсони бор қизалоқ билан суҳбатлашдим. Қизгина бир жойда ўтирган ҳолатида бисердан гуллар ясаб онаси билан интернет орқали сотишар экан. Ўша қизалоққа: Кўнглинг тусаганини айт, қизим, бажараман, – дедим. Кейин сен ҳам менинг қўлларимга мунчоқ ясаб берасан, деб шарт ҳам қўйдим. Қизалоқ: “Сиз шоира опа экансиз-ку, ҳайкаллари бор боғ бор-ку, ўшатта Навоий бобомизнинг ҳам катта ҳайкали бор. Телевизорда кўрганман. Қўшниларимиз бориб келди, жуда боргим келади”, деди бийронгина бўлиб. “Кетдик, ҳозир борамиз”, дедим. Истаклари бажо бўлди, айландик, кулишдик, йиғлашдик ҳам.

Қизалоқ билан сайр баҳона хаёлимни энди муҳташам боғ билан боғлиқ воқеалар тортди.

Давлатимиз раҳбари Ёзувчилар уюшмасининг янги биносида бир қатор ижодкорлар билан учрашув чоғида: “Бу боғ адиблар хиёбони бўлади. Нафақат ижодкорлар учун, барча зиёлилар учун, ҳатто, оддий халқимиз учун ҳам зиёратгоҳга айланади”, деган эди. Бу даргоҳ чиндан ҳам халқ учун, Ватан учун хизмат қилган инсонларнинг хотираси барҳаёт эканлигидан ҳикоялар сўзлаб туради. Бу фақат хиёбон эмас, тарбияхона, маърифатхона, ният қилганимиздек муаззам қадамжога айланди. Ой атрофига юлдузлар жамланиб, ёғду сочгани каби бир қатор адабиётимиз фидойилари сиймолари Ҳазрати Навоий бобомиз атрофидан жой олди. Ижод ва китоб ҳақида сўз очар эканмиз, юртимизда китобхонлик фақат машғулот эмас, маънавий эҳтиёж даражасига кўтарилганини алоҳида таъкидлагимиз келади. Китобхонликка очилган йўл – бу жаҳолатдан узоқлаштирадиган, маърифатга яқинлаштирадиган йўлдир. Маънавият, маърифат соҳасида эришаётган баландликларимиздан туриб қайси тизим ривожига назар солсак, кўзимизни қувонтириб, кўнглимизни ўстирадиган ўзгаришлар намоён бўлаверади. Дейлик, хотин-қизларга эътибор масаласи... Йиллар давомида биз қанчалик сир тутмайлик, бошпанасиз, ҳатто айтиш мумкинки ертўла, ахлатхоналарда фарзандлари билан яшаб турган аёллар бор эди. Уларнинг ҳаёт тарзи ўрганилиб, ўнлаб бошпанасиз аёлларга уйлар тақдим этилди. “Битта қизнинг ўқимишли бўлгани бутун бир оилага зиё киргани”, деган шиор ҳам кейинги йилларда рўёбга, ҳақиқатга айланди. Ўтган йилнинг ўзида икки мингга яқин, 2020 йилдан бери эса беш мингга яқин қизларимиз имтиёзли йўлланмалар билан олийгоҳларга кириб ўқиш бахтига муяссар бўлишди.

Яна бир кўнглимизга ифтихор бағишлайдиган воқеалар борки, ҳар эслаганда “Биз дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган буюк алломалар авлодимиз”, деган ифтихор дилга келади.

Давлатимиз раҳбари қайси мамлакатга расмий ташриф билан борса, ўша юртнинг бир улуғ адибининг китобини мезбонларга туҳфа қилади. Белоруссияга Якуб Коласнинг, Тожикистонга Жомий ҳазратларининг, Туркманистонга Махтумқулининг, ҳиндистонлик биродарларимизга буюк адиб Тагорнинг муҳташам асарлари нашрини туҳфа этгани нечоғлик китобга, адабиётга бўлган чексиз меҳр тимсолидир. Биз бундай лаҳзаларни кузатиб, ҳаётимизнинг вужуди иқтисод, руҳияти маънавият эканлигига яна бир бор амин бўламиз.

Шу яқин кунларда “Саодат”нинг бир гуруҳ ижодкорлари билан Тошкент туманида бўлдик. Туман оила ва хотин-қизлар раҳбари Лола Қорабоева бизга ҳамроҳлик қиларкан, йўл-йўлакай бугунги шиддатли ислоҳотларга эш фаолияти билан ҳам таништириб борди:

– Анча йилдан бери мактабгача таълим тизимида турли лавозимларда ишладим. Хотин-қизлар йўналишида ишлаш осон эмас, аммо қилган ишингдан рози бўладиган кунларинг ҳам кўп бўлар экан. Туманимда 115 мингдан зиёд хотин-қиз, 65 мингдан ортиқ хонадон бор. Оилавий ажримларни ўтган йилгига нисбатан охирги олти ойликда 50 фоизга камайтиришга эришдик. Бу дегани оилаларга осудалик инди, фарзандлар қорачиғига қувонч қўнди, дегани. “Оқила аёллар” ҳаракати, қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиялари, маҳалла профилактика инспекторлари ва хотин-қизлар фаоллари билан ҳамкорлигимиз туфайли катта кучга айландик. Фаолиятимдаги эсда қоларли нуқталарни кундалик дафтаримга қайд қилиб бораман. Бир куни ютуқ ва камчиликларимиз ҳақида ўйлаганимда, кейинги авлодга асқатиб қолар дейман.

Шундай оилалар борки, бир яхши гап, маслаҳат билан тикланиб кетади. Яна бир оилалар борки, учинчи одам аралашиб барбод қилади. Энг қийин нарса одамнинг кўнглига йўл топиш, уни ўз ҳақиқатларингга ишонтириш экан. Мен сизларни мингдан ошиқ фарзанди бор бир бахтли аёл билан таништирман, – деди. 76-оилавий поликлиника бош шифокори Шафоат Саидкаримова билан бўлган суҳбатимиз янада қизиқроқ кечди.

Қаҳрамонимиз айни пайтда қутлуғ 71 ёшда бўлиб, 1991 йилдан шу лавозимда фаолият юритаётган экан. Яшасин, ўзбек оналари! – дея ҳайқириқ келади кўксингдан бундай аёллар билан юзма-юз бўлганингда.

Оқ халатлари ўзига жуда ярашиб турган бу аёл туҳфа сифатида олиб келган китоб ва журналларимизни олар экан, мамнунлик билан гап бошлайди.

– Биласизми, минг нафар фарзанди бор бахтли аёлман, десам ишонаверинг.  Поликлиникамиз 26 минг аҳолига хизмат кўрсатади. Ҳудудда ўнта маҳалла, олтита мактаб ва боғчалар бор. Ҳозир шундоқ маҳалла оралаб сиз билан йўлга тушсак, бирин-кетин ўғил-қизларим югуриб келиб “Онажоним, келяпсизми”, деб қучоқлаб олишади. Уларнинг ҳар бирини қайсидир дард безовта қилганида ёрдамга борганман, дардини олганман-да.

Шафоатхон опанинг отаси Дониёрхўжа Абдуазимов ҳам эл хизматидаги фидойи инсон бўлганлигини маҳалладошлари фахр билан сўзлашди. Бу инсон хўжалик раиси бўлиб ишлаган даврларда нафақат боғу роғлар, балки маънавий ва моддий кўмакка эҳтиёжи бор инсонлар қалби ҳам яшнаган экан. Онаси Муборакхон уй бекаси бўлса-да, унча-мунча олий маълумотли хотин-қиздан қолишмайдиган зиёли, ҳар қандай маърифий масалаларда муҳокама юрита оладиган оқила аёл бўлган.

– Минг шукрким, она юртимиз мустақил бўлганини кўриш ва илк истиқлол йилларида болалар саломатлигини асраш йўлида амалга оширилган лойиҳаларда иштирок этиш бахти менга насиб этди, – дейди суҳбатдошимиз. – Ўша йиллари навбатчилик қилсак шароит бўлмаганлиги боис чақирувларни уйимизда кутиб ўтирар эдик. Аксарият болалар тутқаноқ, безгак билан оғриган. Ҳозирги пайтда нима учун бу касаллик камайиб кетганини биласизми? Сабаби оналаримиз она сутининг қадрига ета бошлади. Ёш оналарга доимо бир нарсани таъкидлайманки, она сути билан парвариш қилинган боланинг иммунитети юқори бўлади. Сунъий овқатлар гўдакнинг фақат қорнини тўйдиради, қувватига қувват қўшмайди. Ёш оналарга кўпинча: “Оналик ва болалик тўғрисида олтин қоида шуки, болангиз сизга меҳрли бўлишини истасангиз, уни ҳеч қачон она сутидан маҳрум қилманг”, дейман. Илгари болалар пневмония, гепатит Б, қизамиқ ва чечак каби касалликлар билан кўпроқ оғриган. Ҳозир эмлашлар туфайли бу касалликлар анчагина камайиб боряпти. Яқин йилларда қизлар учун бачадон бўйин ракининг олдини олувчи эмлаш тури жорий этилди. Афсуски, аҳолимизнинг бир қисми бу эмлашнинг қанчалар фойдали эканлигини англамаяпти, – дейди опа куюнчаклик билан.

Шафоат опа билан хонадонларга кириб борар эканмиз, чиндан ҳам бу меҳридарё аёлнинг шартли маънода бўлса-да, юзлаб фарзандлари борлигини ўз кўзимиз билан кўриб жуда ҳавасим келди. Эгнига оқ либос кийган ҳар шифокорда ўз касбига шундай садоқат бўлишини орзуладик.

Хизмат сафарининг яна бир манзилини танлашимизга ҳам бир мактуб сабабчи бўлган.

“Опажон, оёқларим юрмай қўйганига 6 йил бўлди, – деб ёзади Моҳинур Солиева. – Аниқ фанларга бўлган қизиқишим туфайли ҳисобчи бўлиб фаолият юритишга аҳд қилдим. Бироқ онам оддий ишчи бўлгани учун ҳисобчиликка ўргатадиган ўқув курсларининг пули қимматлик қилди. Жуда тушкунликка тушиб қолган эдим. Бир куни менга “Premium akademiy” ўқув курсидан Севара Соипова телефон қилди. “Тез етиб келинг, сизни ўзимиз бепул ўқитамиз”, деди. Гўё елкамдан қанот ўсиб чиққандек бўлди. Онам билан тезликда ўша манзилга етиб бордик. Ўқидим, иш ўргандим. Мана ҳозирги кунда ўтирган жойимда бир нечта фирмага ҳисобчилик қиламан”

Севара Соипованинг бу хайрли иши бизни ниҳоятда қувонтирди. Суҳбатимиз аввалида у ўзи бўш вақтида ясаган заргарлик буюмларини кўз-кўзлади.

– Жонимнинг риштаси заргарлик буюмларидаги қимматбаҳо толаларга боғланганга ўхшайди, – дейди Севара. – Илк тадбиркорлик ишларим зебу зийнат ясаш билан бошланган. Аслида қурилиш ва миллий ҳунармандлик коллежини битирганман. Амалиёт ўтаган жойда ишга олиб қолишган мени. Кейин турмушга чиқдим. Фарзанд тарбияси билан уйда ўтирган чоғимда “Мен шундай она бўлайки, фарзандларим мен билан фахрланишсин. Уларга барча масалаларда ҳамкор ва ҳам фикр бўла оламан”, деб ният қилдим.

Пандемия даврида Севара ижтимоий тармоқ орқали халқаро бизнес тренер Ихтиёр Дўстметовнинг дарсларини кузатиб истагига йўл топгандек бўлди. “Нега мен ҳаракат қилмаслигим керак. Албатта, ўқишим ва ҳаётимга мазмун киритишим керак!” деб аҳд қилди. Ҳисобчилик курсларига қатнай бошлади.

– Ўқишга борган кезларим қўлимда ноутбугим ҳам йўқ эди. Бошида дарсларни унча тушунмадим. Бошқа ҳисобчиларнинг ҳаракатларини кўрганимдан кейин эса тинимсиз интилган одамгина мақсадга етишини англадим...

Севара олти ойлик ўқишдан сўнг нуфузли бир семинарда иштирок этди. Танаффус чоғида нозиккина бир аёлнинг, ҳатто, машғулот пайтида ҳам тинимсиз ишлаб ўтирганини кўриб ажабланди. Секин ёнига бориб уни гапга солди. “Сиз ҳам ҳисобчимисиз? Ҳозир ҳам ишлаб ўтирибсизми?” деб сўрайди. “Ҳа, ҳисобчиман. Беш-ўнта фирманинг ишини олганман. Вақтдан унумли фойдаланмасам бўлмайди”, деди. Унинг гапларини эшитиб Севаранинг хаёлида ҳам ҳаётнинг нурли уфқлари очилгандек бўлди.

– Энди ўйлаб кўринг, уйда ўтирган аёл ҳам рўзғор ишини қилиб, боласига вақт ажратиб, ҳам бир корхонанинг ҳисоб-китобини бажарса... Ўша жойнинг ўзида аутсорсинг очсакмикан, деган таклифни ҳамкасбларимга айтганимда улар ҳам мени қўллаб-қувватлашди...

Шу тарзда Севара ва унинг атрофидаги ҳисобчиларнинг ишлари юриша бошлади. Бироз вақт ўтгач яна бир янги лойиҳа – “Premium akademiy” ўқув марказини очиш таклифи ўртага ташланди. Ҳокимиятдагилар билан ҳамкорликда Камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан шартнома ҳам имзоланди. Унга кўра 50 нафардан зиёд аёл ўқув марказини тамомлади. Шу кунгача қаҳрамонимизнинг кўмаги билан ўттиздан зиёд хотин-қиз иш билан таъминланди.

– Шу кунларда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ҳам иш олиб боряпмиз, – дейди Севара. – Бир неча аёлларни ўз соҳамизга жалб қила олдик. Бир сўз билан айтганда, кунларимиз қизғин ўтяпти.

Қаҳрамонимиз ҳозирда ўқув марказлари йўналишларини кенгайтириш истагида. Гулчилик, дизайнерлик ва ахборот технологиялари бўйича ўқувлар ташкил қилишни ният қилган. Севара билан хайрлашар эканмиз, гўзал истаклари, эзгу мақсадлари бор бундай иродали инсоннинг ҳаёти, албатта, эзгуликларга туташ бўлишига ишондик.

***

Ёзги таътилда бирон-бир ҳунарнинг бошини тутсин, дея Наргизани дадаси гулдасталар тайёрлаб сотадиган хонадондаги гулчиларга шогирдликка берди. Ўшанда қаҳрамонимиз 15 ёшли навниҳолгина ўсмир эди. Бир куни мактабни битириб гулчиликдаги устози Баҳодир акага турмушга чиқиши ўшанда хаёлига ҳам келмаган эди. Мана, бугун уларнинг 4 фарзанди, чиройли оиласи ва “Баҳор гуллари” номли элга машҳур компанияси бор. Компания айни 1991 йилда, юртимиз мустақилликка эришган йили ташкил топган.

– Биласизми, ҳар гал Баҳодир ака атиргулни узиб гулдаста тайёрламоқчи бўлганларида юрагим титрар эди, – дейди Наргиза... – Қанийди, шу гулни узишмаса-да, кўп вақт кўзларимизни яшнатиб турса, дердим. У киши гапларимни эшитиб баъзида кулар, баъзида эса бироз ўйланиб қолар эди. Бир куни “Мана кўрасиз, энди гулларга озор бермаймиз. Энди уларни илдизи билан харидорларга узатамиз”, дедилар.

Бугунги кунда “Баҳор гуллари”да юзга яқин манзарали дарахт кўчатлари ва гуллар бор. Наргиза Усмоновадан фаолиятининг илк даврлари ҳақида сўрадик:

– Бир куни бизга гуллар олиб келадиган ҳамкоримиз, “Наргиза, мен ҳовли сотиб олдим. Чиройли ландшафт дизайн қилиб безатиб берсангиз, хурсанд бўлардик”, деб илтимос қилди. Аввалига менга ҳам, хўжайинимга ҳам бу таклиф ғалати туюлди. Ҳовлини олган одам, гулини ҳам, дарахтини ҳам ўзи экиб олсин-да, деган хаёл ўтди кўнглимиздан. Кейин, бу ҳам бир қизиқиш-да, ҳаракат қилиб кўрайлик-чи дедик. Ўзимиз етиштирган гул, дарахтларни ҳовлининг қаерига ўрнатсак чиройли кўриниш бераркин, деб роса ҳаракат қилдик. Буюртмачи ишимизни кўриб хурсанд бўлди. Руҳланиб кетдик. Ва бу тажриба бизнинг янги босқичда иш бошлашимизга турки бўлди.

2010 йилдан бошлаб “Баҳор гуллари” уч босқичда харидорларга хизмат кўрсата бошлади. Биринчи босқичда компания харидорларни кўчатлар билан таъминлайди. Иккинчи босқичда хонадонга бориб ландшафт дизайн усулида безатиб беради ва учинчи босқичда ўсимлик ва гулларнинг давомли парвариши билан шуғулланади. Айни пайтда ишчи ва ходимлар малакасини ошириш ишларига ҳам алоҳида аҳамият берилаётир. Куни кеча бир гуруҳ мутахассислар Москва шаҳрида ўтказилаётган кўргазмага тажриба алмашгани кетишди. Шунингдек, компаниянинг ўзида ҳафтада икки марта тренинг ташкил қилинаётгани бу жозибали хизмат турининг кўламлироқ тус олишига сабаб бўлмоқда.

“Баҳор гуллари”нинг анвойи гуллари ва ноёб ўсимликлари бугунги кунда қўшни мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Келгусида Марказий Осиё ва Европа давлатларига ҳам “Баҳор гуллари” ўз хуш бўйлари, хуш рўйлари билан кириб бориш кутилмоқда.

Бир тўп бўлиб очилган нафис ва кўркам гуллар оралаб кезар эканман, она Ўзбекистонимизнинг бир-биридан лобар, бир-биридан гўзал ва билимли хотин-қизлари, кайвони момоларини ҳамиша бир мақсад бирлаштириб туришини ҳис этдим.

Бу кечаси буюк бўлган, бугун ҳам буюклик баландликларига шиддат билан одимлаётган юрт учун юракдан меҳнат қилиш, шу юрт учун фидойи фарзандларни камолга етказишдек гўзал бир мақсаддир. Ҳа аёл юрагидаги юрт ҳам улканлашибди.

Атиргулни узсангиз қалби титрайдиган нозик қалб соҳибаси Наргизахоним, жонажон маҳалласи болаларининг барчасини бағрига босгувчи шифокор Шафоатхон опа, кам таъминланган замондошларига ёрдам қўлини чўзган Севарахон, маҳалла мурожаатларига кўмилиб ўз оиласи ташвишларини унутган Маликахон каби заҳматкаш опа-сингилларимизга юртимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муборак бўлсин...

Мунаввара УСМОНОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими