Замонавий технологиялар суд мажлисларида тарафларнинг оворагарчилигини олдини олишнинг энг мақбул йўлидир. Бугунги кунда масофавий судлов нафақат вақтни, балки бюджет маблағларини ҳам тежамоқда. Бу борада халқаро тажрибага назар ташласак, Жанубий Корея, Сингапур ва Германия каби давлатларда “электрон суд” тизими жиноят процессини тезлаштиришнинг асосий омилига айланган. Масалан, Жанубий Корея дунёда биринчилардан бўлиб “e-Court” тизимини тўлиқ йўлга қўйган ва ариза берилгандан бошлаб, суд қарори чиққунга қадар бўлган жараён 100% рақамлаштирилган. Бу жиноят ишларини кўриб чиқиш муддатини ўртача 45 фоизга қисқартирган.

Шунингдек, видеоконференцалоқа тизими орқали нафақат мажлислар ўтказилади, балки махсус алгоритмлар ёрдамида масофавий кўрсатма бераётган шахснинг шахси биометрик маълумотлар асосида тасдиқланади. Сингапур суд тизимида эса “Integrated Electronic Litigation System” (iELS) тизими ишлайди. Сингапур судларида унча оғир бўлмаган жиноятлар бўйича ҳужжатларни таҳлил қилиш ва процессуал хатоликларни аниқлашда сунъий интеллектдан фойдаланилади ҳамда суд мажлисларининг 80 фоиздан ортиғи масофавий форматда ўтказилади. Бу эса адвокатлар ва тарафларнинг суд биносига келиш харажатларини йиллик ҳисобда миллионлаб доллар тежаш имконини бермоқда. Германияда жиноят процессида масофавий ҳаракатлар “Zivilprozessordnung” (ZPO) нормалари билан қатъий тартибга солинган. Германия тажрибасида жабрланувчи ва гувоҳларни масофавий сўроқ қилиш нафақат қулайлик, балки уларни руҳий босимдан ҳимоя қилишнинг энг самарали воситаси ҳисобланади. 2022 йилдан бошлаб Германияда адвокатлар ва давлат органлари учун суд билан фақат электрон алоқа қилиш мажбурий этиб белгиланди. Бу эса “қоғозбозлик” ва почта харажатларини бутунлай йўқ қилди.

Аввало, масофавий одил судлов бир қанча қулайликларни яратмоқда: бошқа вилоят ёки шаҳарда яшовчи гувоҳ ёки жабрланувчининг суд биносига келиши учун кетадиган харажат ва вақт тежалади. Шу билан бирга, масофавий видеоконференцалоқа тизими орқали сўроқ қилиш айрим ҳолларда жабрланувчи ва гувоҳларнинг хавфсизлигини таъминлашда қўл келади. Тергов ҳибсхоналаридан шахсларни судга олиб келиш билан боғлиқ мураккаб жараёнлар масофавий иштирок орқали соддалаштирилади.

Судьялар учун рақамлаштириш - бу шунчаки техника эмас, балки адолатни таъминлашнинг замонавий қуролидир. Президент Фармонида назарда тутилган масофавий тергов ва суд ҳаракатларини кенгайтириш, суд мажлисларини аудио-видео қайд этиш тизими билан тўлиқ қамраб олиш “инсон омили” туфайли юзага келиши мумкин бўлган хатоликларни камайтиради.

Эндиликда суд мажлисларининг баённомаларини электрон юритиш, суд қарорларини онлайн эълон қилиш ва ижро ҳужжатларини масофавий юбориш одат тусига кирмоқда. Бу эса одил судловнинг очиқлигини таъминлаб, халқнинг тизимга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, суд тизимидаги бу ислоҳотлар замирида битта мақсад - адолатни тезкор ва холис қарор топтиришдир. Судьялар фаолиятида ҳам ана шундай замонавий технологиялар ва қонун устуворлиги тамойиллари мужассам бўлиши, шубҳасиз, туман аҳолисининг ҳуқуқий ҳимоясини янги босқичга кўтаради.

Зеро, рақамли технологиялар - бу адолат йўлидаги юксак имкониятдир.

Марат Жабборов,
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича
Учтепа туман судининг судьяси