Президентнинг 2022 йил 1 мартдаги «Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-81-сон Фармони билан Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси сифатида қайта ташкил этилган ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тузилмасига ўтказилган.

Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди. У билан қуйидагилар белгиланган:

- Жамғарманинг мақсади, асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

- Жамғармани бошқариш, унинг маблағларини шакллантириш тартиби;

- Жамғарма маблағларини тақсимлаш;

- Жамғарма ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш шартлари;

- Жамғарма даромадлари ва харажатлари ҳисобининг юритилиши, Жамғарма томонидан ажратиладиган маблағларнинг мақсадли ишлатилишини назорат қилиш тартиби.

Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, шу жумладан ногиронлиги бўлган, кам таъминланган оилалардаги хотин-қизларни моддий қўллаб-қувватлаш Жамғарма маблағлари сарфланадиган асосий йўналишлардан бири ҳисобланади. Хусусан, Жамғарма маблағлари ёрдамида қуйидаги вазифалар ҳал этилади:

- оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатиш;

- оилавий ва хусусий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ташкил этишда кўмаклашиш;

- меҳнат бозорида талабгир бўлган касблар бўйича билим ва кўникмага эга бўлишда кўмаклашиш.

Ҳужжат билан Жамғарма Васийлик кенгаши таркиби ҳам тасдиқланди, у унинг олий бошқарув органи ҳисобланади.

Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланди:

- Қўмитанинг ҳисоб-китобларига мувофиқ ҳар йили 300 миллиард сўмгача бўлган миқдорда Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

- вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳисобидан олинган даромадлар;

- жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

- қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.11.2022 йил 5 ноябрдан кучга кирган, деб хабар беради «Norma».