Ўтган йиллар мобайнида оила қонунчилигидаги айрим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар янгидан ишлаб чиқилди, давр талабидан келиб чиқиб, бир қатор ўзгартишлар киритилди. Хусусан, Оила кодекси, оила билан боғлиқ 50 га яқин қонун, Президентнинг 20 дан ортиқ фармон, қарор ва фармойишлари қабул қилинди.

Лекин, кундалик турмушда вазият қандай? Жамиятимиздаги оилавий муносабатларнинг барчаси ҳам қонунларга мувофиқ тартибга солинаяптими?  Афсуски, бугун ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган кўнгилни хира қилувчи турли оилавий мажоролар бу борада ҳали қилиниши керак бўлган кўп ишлар борлигини кўрсатмоқда.  

Давлатимиз раҳбарининг “Оилаларда носоғлом муносабатлар, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги жанжаллар, хотин-қизларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари борлиги шахсан мени қаттиқ изтиробга солмоқда” деган фикрлари мавзунинг қанчалик долзарб эканлигини яққол кўрсатиб турибди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, 2022 йилнинг 1 июнь ҳолатига ФҲДЁ органлари томонидан республика бўйича 20 минг 798 та ажрим қайд этилган. Адлия вазирлиги хабарига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 4 минг 700 тага кўпайган.

Дунёдаги бошқа мамлакатлар каби Ўзбекистонда ҳам 2019 йилда қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонунга мувофиқ тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ҳимоя ордери жорий этилган.

Ҳимоя ордери оилада эридан жабрланган, учинчи шахсларнинг зулмига дуч келган аёлларга, ота-онаси ёки бошқа шахсларнинг зулмига дуч келган (вояга етмаган) қизларга; қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчиликларда жабр кўрган, кўчада, ишда, ўқишда тазйиқ ёки шилқимликка дуч келган, ҳуқуқбузарлик ёки жиноят қурбони бўлган хотин-қизларга берилади.

Ҳимоя ордери берилганда тазйиқ ёки зўравонлик қилган шахсга нисбатан 30 кун чеклов ўрнатилади. Муддат тугаганда хавф ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати жабрланувчининг аризасига кўра кўпи билан ўттиз кунгача узайтирилади. Ҳимоя ордерини бериш учун асос – мурожаат ёки хабар, оғзаки ёки ёзма равишда бўлиши мумкин.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда 2021 йилда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 40 мингга яқин хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Ачинарлиси, зўравонликларнинг 87 фоизи оилада содир бўлган. Лекин, аксарият ҳолларда ажримларнинг асл сабаби оиладаги зўравонликлар бўлсада, тарафлар томонидан бошқа сабаблар кўрсатилган.

Таъкидлаш жоизки, хорижий давлатларда ажрим ҳақида қарор чиқаришда судлар томонидан болалар ва онанинг моддий аҳволи кафолатланади. Хусусан Испаниянинг Олий суди никоҳдан ажрашган эркакка собиқ уй бекаси бўлган хотинига уй ишларни бажаргани учун компенсация ва хотини ҳамда болалари учун алиментлар тўлашга мажбур қилади. Германияда ажрашаётган оилада болалар бўлса, суд аввало уларнинг манфаатларини ҳисобга олади. Германияда  бола 25 ёшга тўлганича алимент суммасини олади. Шунингдек нафақат мол-мулк, балки пенсия жамғармалари ҳам иккига бўлинади, бунда ҳам ўзига яраша адолат мавжуд. Бола тарбияси ва уй ишлари билан машғул бўлганлиги учун пенсия учун жамғарма яратмаган оналарнинг манфаатлари ҳисобга олинади.

Шунинг учун юқоридаги кўнгилсиз ҳолатларни олдини олиш, ажримларни камайтириш мақсадида қуйидаги таклифларни илгари суришни лозим топдик.

Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тадбирлар самарадорлигини ҳудудлар кесимида баҳолаш тизимини жорий этиш керак. Яна бир муҳим жиҳат, оилавий зўравонлик учун жазо чораларини кучайтириш, никоҳланувчилар ўртасида тузиладиган никоҳ шартномасига оилавий муносабатларда томонларнинг тенг ҳуқуқлилиги, зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига йўл қўйилмаслик, фарзандлар таъминотига масъуллик, ажрим юз берганда она ва болани турар жой билан таъминлаш мажбуриятига оид бандларни киритиш зарур. Алимент миқдори боланинг ҳаёт кечириши, таълим олиши учун етарли миқдорда белгиланиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Дилдора Анварова,

ТДЮУ “Конституциявий ҳуқуқ” кафедраси

ўқитувчиси