Унинг мавжудлигини замонавий космологик назариялар ёрдамида тушунтириб бўлмайди, деди Британия Қироллик Aстрономия Жамияти (RAS) матбуот хизмати.
Гронинген университети (Нидерландия) илмий ходими Павел Пиньянинг таъкидлашича “Қоронғу материянинг мавжудлигини тан оладиган назариялар ўта нореал параметрлардан фойдаланмасдан бу галактиканинг мавжудлигини тушунтира олмайди. Ўз навбатида, уларнинг муқобиллари, жумладан, такомиллаштирилган Ньютон динамикаси AGC 114905да газ ҳаракатининг табиатини тўғри тасвирлай олмайди”.
Сўнгги йилларда астрономлар қоронғу материядан бутунлай холи ёки у кутилмаган даражада кичик миқдорда мавжуд бўлган йигирмага яқин галактикани кашф этди. Модданинг зичлиги ниҳоятда пастлиги туфайли тадқиқотчилар уларни “супер тарқоқ галактикалар” (UDG) деб атай бошлади. Кўп сонли бундай кашфиётлар астрономларни UDGни фаол ўрганишга ва уларнинг мавжудлигини тушунтиришга мажбур қилди.
Пинья ва унинг ҳамкасблари ерга асосланган VLA радио телескопи ёрдамида Балиқ юлдуз туркумини кузатиш чоғида яна бир шунга ўхшаш объектни топди. Унинг кучидан фойдаланиб, астрономлар газнинг марказий ҳудудларда ва яқин атрофдаги галактикалар чеккасида ҳаракатланиш тезлигини кузатди. Бу галактикалар ичида қанча қоронғу материя борлигини аниқ ҳисоблаш имконини берди.
Тушуниб бўлмайдиган Галактика
Бу ўлчовлар кутилмаганда бизга яқин бўлган AGC 114905 галактикаларидан бирида қоронғу материя деярли йўқлигини кўрсатди. У Ердан тахминан 247 миллион ёруғлик йили узоқликда жойлашган ва шарсимон тартибсиз шаклдаги объектдир. Унинг юлдуз массаси Сомон йўли учун ўхшаш параметрдан тахминан 400 баравар кам бўлиб чиқди, лекин айни пайтда у космосда бизнинг галактикамиз каби кўпроқ жой эгаллайди.
Олимлар ушбу галактикадаги газ кластерларининг айланишини тахминан 40 соат давомида кузатишди ва унинг бошқа жисмлар билан тўқнашуви натижасида қоронғу материя заҳирасини йўқотиши мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай далил топа олишмади.
Бундан ташқари, олимлар бу галактиканинг мавжудлигини муқобил космологик моделлар билан ҳам тушунтириб бўлмаслигини аниқлади. Хусусан, такомиллаштирилган Ньютон динамикаси (MOND) назарияси газ булутларининг бу галактика ичида қандай ҳаракат қилишини кўрсата олмайди. Буларнинг барчаси, олимларнинг фикрига кўра, замонавий космологик назарияларнинг нотўғри ёки тўлиқ бўлмаслиги мумкинлигини кўрсатади, дейилади ТАСС берган хабарда.