Делегация аъзолари Москва областининг Одинсово шаҳар районидаги кузатувчилар жамоатчилик қароргоҳи марказида бўлишди. Москва областида Давлат Думасига, Москва область Думасига депутатлар сайлови бўлиб ўтди, айрим округларда муниципалитет депутатлар сайланди.
— Сайловни ташкил этиш, унга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш сифатли даражада ташкил этилгани жуда таассуротли. Ушбу Марказдан Жамоатчилик палатаси вакиллари, экспертлар ва журналистлар ҳар бир участкадаги вазиятни тўлиқ кузатиб бориш имкониятига эга бўлди. Бу минтақадаги вазиятни жуда яхши, қулай, холисона баҳолаш имконини беради, – деди Қўмита раиси Борий Алихонов.
Хорижий давлатлардан келган делегация Москва областидаги сайловни мониторинг қилиш ва жамоатчилик билан кузатиш маркази иши билан танишди.
Шунингдек, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Ш.Чўллиев ҳам Россия Федерациясида бўлиб ўтган сайловда МДҲ ПА делегацияси таркибида иштирок этди.
Ташриф кун тартибидан Ҳамдўстлик парламентлари аъзоларининг ишчи дастурида партиялар, Марказий сайлов комиссияси ва Россия Жамоатчилик палатаси вакиллари билан учрашувлар ўтказиш, сайлов участкаларига ташриф буюриш, шунингдек, Москва шаҳридаги Жамоатчилик қароргоҳи маркази томонидан ташкил этилган брифингда иштирок этиш ўрин олган эди.
Сенатор Ш.Чўллиев «Масофадан туриб кузатиш – бу рақамли келажак эмас, балки рақамли ҳозирги кун» мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этди.
МДҲ ПА кузатувчилари ва Палата вакиллари фейкларга қарши курашиш, масофадан овоз беришда анонимликни сақлаб қолиш каби масалаларни муҳокама қилди.
Сиёсий майдонда плюрализм ва ҳақиқий рақобат мавжудлиги, сайлов юксак ташкилий савияда ўтгани таъкидланди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.