Томонлар Қоҳира Университетининг масс-медиа факультетининг малакали профессорларини Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида таҳсил беришга жалб этиш, шунингдек, бўлажак ўзбекистонлик журналистларни Мисрда таҳсил олишларини ташкил этиш масаласини муҳокама қилдилар.

Маданият, кутубхоначилик, диний билимлар, туризм, музейшунослик, экология соҳаларидаги таълим бўйича ҳамкорликни ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди.

Амира Фаҳмий хоним Ўзбекистондаги араб тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича таклифлар берди – бунда педагогларни Мисрга стажировкага жўнатиш ёки мисрлик тренерларни Ўзбекистонга таклиф қилиш мумкинлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, томонлар диний олий таълим муассасаларида толерантликни тарғиб қилиш, турли экстремистик оқимларнинг таъсирига иммунитет шакллантиришда икки давлат ўртасида тажриба алмашиш зарурлиги қайд этилди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги кутубхонасида махсус Миср бурчагини ташкил этишга келишилди. Амира Фаҳмий китоблар фондини тўлдиришда элчихона қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди, деб хабар беради Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати.