Ушбу анъанавий бадиийанжуман бу йил Google meet платформаси орқали 19-20 декабрь кунлари онлайн тарзда ўтказилди ва жаҳон шоирларини бир мақсад остида бирлаштирди.
Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид очиб берди ва адабиёт муҳибларига табрик йўллади. Шунингдек, “Пулицер” мукофоти ҳайъат аъзоси, шоира Марам ал-Масри халқаро адабий алоқалар, пандемия давридаги жаҳондаги ижодий кайфият ва муҳит тўғрисида сўз юритиб, анжуман қатнашчиларига омад тилади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси, Ҳиндистоннинг Илғор адабиёт ва маданият жамияти, Озарбайжон миллатлараро тармоғи томонидан ташкил этилаётган “Олтин сўз” II халқаро адабий фестивалида бу йил 50дан ортиқ мамлакатдан шоир ва ёзувчилар ҳамда ёш ижодкорлар иштирок этди. Анжуманда Осиё-Африка шеърияти, Итальян адабиёти, Европа-Америка шеърияти шўбаларида муоширалар, бадиий муҳокамалар ташкил қилинди. Дастур давомида италиялик бастакор Марко де Стефанонинг жонли ижродаги куйлари, ҳиндистонлик ёш раққосалар иштирокидаги “Бхарат Натям” ҳинд миллий рақслари ҳам намойиш этилди. Шунингдек, ўзбек ёш ижодкорлари вакили Асрор Аллаёров томонидан ўзбек адабиёти ютуқларига бағишланган виртуал тақдимот ўтказилди.
Сўз анжуман иштирокчиларига:
Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси:
— Бизнинг ватанимизда буюк адабиётимизнинг келажаги ҳам айнан манна шундай азиз устозларимиз хотирасига бағишланган халқаро адабиёт фестивали, шеърият фестивали, адабиёт ва шеърият билан бутун дунёни ром этиш мумкин, ҳайрон этиш мумкин, обод этиш мумкин. Кўнгиллар ободлиги, эл ободлиги биринчи навбатда адабиёт билан белгиланади. Юртбошимиз ҳам адабиётни жуда яхши кўради. Бунинг исботини янги Ўзбекистонда ҳар нафас ҳис қиламиз. Ушбу анжуманнинг бош қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таваллуд санасининг 80 йиллигини кенг нишонлаш бўйича Президентимизнинг қарорлари чиққанининг ўзи сўзимизнинг яққол исботидир. Шоир ҳамма қитъаларни яхши кўрар эдилар ва шу сабаб дунёнингкўп мамлакатларига сафарлар қилган. Қаерга борса шеърлари билан ўзбекнинг номини кўтариб, ўзбекнинг номини юксалтириб, ватанимизнинг шаънини кўтариб юрардилар. Адабиёт фестивалларининг устозлар хотирасига бағишланишида жуда катта ҳикмат бор. Зеро, қалблар ҳамиша манна шундай адабиёт билан, шеърият билан уйғоқ ва барҳаёт яшайди.
Ҳафиза Эгамбердиева, фестиваль асосчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси:
– Илк бор 2019 йилда Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида ўтказилган эди ва унда Aбдулла Орипов номли ижод мактабида, Шаҳрисабз маданият саройида ўтказилган тадбирлар хорижлик меҳмонларда ката таассурот қолдирганди. Шунингдек, вилоятнинг диққатга сазовор масканларига хорижлик иштирокчиларнинг саёҳати уюштиришган. Бу каби тадбирлар келгусида яна давом эттирилади. Бу галги анжуман ҳам кўтаринки руҳда бўлиб ўтди ва у хорижий матбуотда, хусусан, Туркиянинг “Жумҳурият” газетасида ҳам кенг ёритилди. Мақсадимиз ўзбек адабиётини жаҳон минбарида ҳамиша ўз овозига, ўз ўрнига эга бўлишига оз бўлса-да ҳисса қўшишдир.
Шаменаз Бано, Илғор адабиёт ва маданият жамияти директори:
– Мен илгари ўзбек адабиёти ҳақида кўп эшитган бўлсам-да Ўзбекистонда сира бўлмаганман. Аммо мана шу виртуал адабий анжумандан сўнг келгуси йилларда ушбу ўлкага боришни мақсад қилдим. Масофавий ўтказилса-да шоирлар эркин ижодий муҳитда яқинликни ҳис қилди. Анжуман жаҳон шоирларини бирлаштирди. Турли ижодий руҳиятни ҳис қилдик, фикр алмашдик, янгилик олдик. Бу албатта, ҳамма шоир-ёзувчиларнинг келгусидаги ижодига янгича қараш бағишлашига ишонаман.
Юлдуз Ўрмонова