Бу ташриф миллий тараққиётимизнинг янги, янада шиддатли ва жўшқин ислоҳотлари руҳига ҳамоҳанг кечгани билан аҳамиятли бўлганини таъкидлашни истардик. Боиси, Президентимизнинг ҳудудларга ташрифлари чоғида сайловчилар билан учрашувларда кўтарилган масалалар, илгари сурилган кенг кўламли ҳаётий ташаббусларни амалга татбиқ этишга доир ғоят муҳим масалалар ечим топмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифидан руҳланган ҳолда, бугунги ислоҳотлар кўлами ва мазмун-моҳиятига доир фикр-мулоҳазаларимиз билан бўлишгимиз келди.

Ҳар бир мамлакатнинг миллий давлатчилик тарихида туб бурилиш ясаган алоҳида муҳим воқеликлар, кучли ва барқарор тараққиётга замин яратган даврлар бўлади. Мамлакатимизда кейинги йилларда янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидаги улкан бунёдкорлик ишлари, тарихий янгиланиш жараёнларини том маънода Ўзбекистон давлатчилиги тарихидаги шундай муҳим даврлардан бири, дейиш мумкин. Бунга тўлиқ асосларимиз бор.

Хусусан, ҳар бир соҳа ва тармоқда “Инсон қадри учун” тамойили асосида кечаётган янгиланиш жараёнлари юртдошларимиз узоқ йиллар орзу қилган ўзгаришлар, катта муваффақиятларга замин бўлмоқда. Буни исталган йўналишнинг кечаги ва бугунги ҳолатини таққослаш орқали янада равшанроқ кўриш мумкин.

Масалан, аксариятимиз фарзандларимизни ўқитиш масаласида, айниқса, боғча ва олий таълим тизими билан боғлиқ қатор мураккаб қийинчиликларга дуч келганмиз. Яъни, болангизни беришга боғча йўқ, бор бўлса, жой муаммо. Олийгоҳда таҳсил олиш эса энг оғриқли масала: квоталар чекланган, кириш имтиҳонлари сирли жумбоқ...

Бугун-чи!? Ёшларнинг сифатли таълим олишини таъминлаш, аввало, мактабгача таълим тизимига эътибордан бошланди. Юртимиздаги боғчалар сони 5 мингдан 29 мингтага оширилиб, тарбияланувчилар қамрови 24 фоиздан 70 фоизга етказилди.

Олий таълим муассасалари сони 77 тадан 210 тага етди. Бакалавриатга қабул квоталари 5 баробар, магистратурага 8 баробар, докторантурага 10 баробар оширилди. Натижада олий таълимга қамров аввалги 9 фоиздан 38 фоизга кўпайди. Мактаб битирувчиларига ОТМга киришда бир йўла 5 та олий таълим муассасасини танлаш имконияти яратилди.

Яна бир муҳим ўзгариш таълим сифатига бевосита таъсир кўрсатган мажбурий меҳнатга чек қўйилиши билан боғлиқ. Авваллари аксариятимиз, айниқса, ижтимоий соҳа вакиллари бевосита ёки билвосита пахта терими, ободонлаштириш каби мажбурий меҳнатга жалб этиларди. Бу жараёнда болаларнинг иштирок этиши жуда ачинарли эди.

Ҳозир-чи!? Вазият тамоман ўзгарди. Мажбурий меҳнатга энг кўп йўл қўйиладиган ҳар икки тармоқда ишлар тартибга солинди. Жумладан, ишсиз юртдошларимиз ҳақ тўланадиган ободонлаштириш ишларига жалб этилмоқда. Пахтачилик, умуман, қишлоқ хўжалиги соҳасида кластер тизими йўлга қўйилиши нафақат мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, балки соҳани саноатлаштиришга хизмат қиляпти.

Маълумотларга кўра, бугун юртимизда 130 дан ортиқ пахта тўқимачилик кластери фаолият юритмоқда. Сўнгги йилларда тўқимачилик йўналишида 350 га яқин йирик фабрика ишга туширилди, ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилдагига нисбатан 5 баробар ошди. Экспорт таркибида чуқур қайта ишланган тайёр маҳсулот улуши кескин ошгани диққатга сазовор, албатта. Хусусан, 2016 йилда хорижга экспортнинг 65 фоизи калава ип бўлган бўлса, 2021 йилда экспорт таркибида тайёр кийимлар улуши 32 фоизни ташкил этди. Беш йил аввал юртимизда етиштирилган пахта толасининг атиги 40 фоизи қайта ишланган бўлса, бугунги кунда 100 фоизи ўзимизда қайта ишланмоқда.

Ёки қурилиш соҳасини олайлик. Ушбу тармоқ бугун иқтисодиётимизнинг “драйвер” йўналишларидан бирига айланди. Охирги олти йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йиллардагига нисбатан 10 баробар кўп уй-жой қурилганининг ўзиёқ шундан далолат беради.

Бундан олти-етти йил олдин асосан пахта, олтин, мис ва газ хомашёсини сотиб, даромад кўрган мамлакатимиз қисқа муддатда минтақамизда иқтисодиёти диверсификация қилинган, тайёр маҳсулотлар экспорти жадал ўсиб бораётган давлатга айлангани, саноат ва ишлаб чиқариш соҳаларида янги, давлат-хусусий шериклик тизими яратилгани, геология ва базавий тармоқларнинг мутлақо янги самарали механизмлари ишлаб чиқилгани ҳам фикримизга ёрқин далил бўла олади.

Камбағалликни қисқартириш, аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш, йўл қурилиши, қулай тадбиркорлик муҳити, давлат хизматлари кўрсатиш... Очиғи, юртимиздаги ислоҳотлар самараси ҳақида ҳар қайси йўналиш бўйича жуда узоқ гапириш мумкин. Буни, айниқса, узоқ йиллар шу юртда яшаб, фуқаролиги бўлмаган, Президентимизнинг инсонпарвар сиёсати туфайли бугунги кунга келиб бу бахтга мушарраф бўлганлар, дунёнинг турли уруш ўчоқларидан Ватанга олиб келинганлар, давлатимизнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлови орқали ижтимоий ҳимояга муҳтожликдан бугун тадбиркорга айланаётганлар, олийгоҳларда имтиёзли таълим олаётган опа-сингилларимиз яхши англайди, албатта.

Қисқа даврда мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми тарихий кўрсаткич – 80 миллиард доллардан ошди. Ўз навбатида, экспорт ҳажми 1,5 баробар, хорижий инвестициялар ҳажми 3 баробар ўсди. Бунинг натижасида аҳолининг харид қобилияти ва ўртача ойлик иш ҳақи қарийб 2 баробар ошди.

Эътиборли ва эътирофли жиҳати, ислоҳотлар шиддатига мос равишда Тошкент вилоятида ҳам барча соҳа ва тармоқларда юқори натижалар қўлга киритилди.

“Олтин воҳа” дея таърифланадиган бу вилоят юқори иқтисодий салоҳиятга эга. Шундан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан вилоятда кўплаб йирик истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ёшлик-1 конини ўзлаштириш лойиҳаси ана шулардан бири.

Президентимизнинг 2017 йил 1 мартдаги қарорига мувофиқ, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖда мазкур мегалойиҳага старт берилди. Маълумотларга кўра, Ёшлик-1 кони ҳудуди 11 минг гектардан кўпроқ майдонни эгаллаган, олтин захираси 5 минг 374 тоннани, мис – 45,3 миллион тоннани ташкил этади. Шу билан бирга, кумуш, молибден, селен каби 13 турдаги қимматли ва нодир металлар бор.

Шу ўринда савол туғилади, мегалойиҳа иқтисодиётимизга, умуман, бизга қандай манфаат келтиради?

Мамлакатимизнинг мис саноатидан олган даромади айни пайтда 2,5 миллиард долларни ташкил этади. Лойиҳа доирасида мис ишлаб чиқаришни 400-500 минг тоннагача ошириш билан бу кўрсаткич турдош тармоқларни ҳисобга олган ҳолда 7-8 миллиард долларга етиши мўлжалланмоқда.

Лойиҳа доирасида мис эритиш заводи ишлаб чиқариш қувватини ошириш ва реконструкция қилиш, мис бойитиш фабрикаларини қуриш, 650 мегаваттли электр тармоғи ва бошқа инфратузилма объектларини барпо этиш каби кўламли ишлар ҳисобига минглаб янги иш ўринлари яратилади.

Умуман олганда, бугун вилоят йирик қурилишлар, ободонлаштириш, тарихий ўзгаришлар, янгиланишлар оғушида. Кўҳна Навкат ўрнида вилоятнинг янгидан қурилаётган маъмурий маркази – Нурафшон шаҳри кундан кун кўкка бўй чўзмоқда. Биргина 2021-2022 йиллар давомида вилоятда 258 та уй — 9 минг 432 хонадон қурилган бўлса, бугун аксарият шаҳар ва туманларда “Янги Ўзбекистон” массивлари қад ростлаяпти.

Сўнгги олти ярим йилда вилоятда металлургия, электротехника, тўқимачилик, кимё, фармацевтика, машинасозлик каби “драйвер” соҳаларда 15 та мега, 650 га яқин йирик ва ўрта, 3 мингта кичик саноат лойиҳаси ишга туширилди. 600 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Экспорт ҳажми 2,5 баробар кўпайиб, 2 миллиард доллардан ошди. Буларнинг натижасида ўтган давр мобайнида вилоят иқтисодиёти 1,4 баробар ўсиб, қарийб 100 триллион сўмга етди.

Ижтимоий соҳадаги ўзгариш ва ютуқлар ҳам иқтисодиётдаги кўрсаткичлардан кам бўлгани йўқ. Ушбу даврда вилоятда мактабгача таълим қамрови 26 фоиздан 68 фоизга етди, қўшимча 52 минг ўқувчи ўрни яратилди. 12 та янги тиббиёт муассасаси иш бошлади. Бирламчи тиббиёт муассасалари 182 тадан 277 тага кўпайиб, тиббий хизмат сифати оширилди. Бундан ташқари, 300 дан ортиқ маҳалладаги 3 минг километр ички йўл ҳамда 104 та кўприк қурилди ва таъмирланди. Шунингдек, 3300 километр электр тармоғи, 950 та трансформатор янгиланиб, 200 мингга яқин аҳолининг электр таъминоти яхшиланди.

Эришилган натижанинг ўзи энг яхши кўзгудир. Аҳамиятлиси шундаки, юз бераётган ижобий ўзгаришларни ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаёти мисолида ҳис этмоқда. Энг муҳими, аҳолида шукроналик ҳисси ортиб, умидсизлик ҳисси йўқолди. Ўзи ва оиласи, фарзандларининг ҳозирги ва эртанги ёруғ кунига мустаҳкам ишонч пайдо бўлди.

Қишлоқ хўжалиги, туризм, қўйингки, барча соҳалар бўйича ҳам вилоятда қўлга киритилган салмоқли натижалар, одамларнинг дунёқараши, фаровонлиги, турмуш тутумидаги ўзгаришлар ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин. Қўлга киритилган натижалар, уларнинг вилоят иқтисодий тараққиёти, юртдошларимиз фаровонлигига ижобий таъсири яхши, албатта. Лекин ҳозир кўпроқ олдинда турган мақсад ва вазифалар ҳақида ўйлаш муҳимроқ. Негаки, Ўзбекистон 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказишдек жуда катта марра олди. Бу эса, ўз навбатида, янги Ўзбекистон тараққиётининг навбатдаги шиддатли босқичига ўтиш, дегани.

Шу маънода, Президентимиз лавозимига киришиш тантанали маросимида “Одамлар энди биздан янги амалий ишларни кутяпти. Миллионлаб инсонлар – ота-оналаримиз, опа-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз бугун бизга умид ва ишонч билан кўз тикиб турибди. Ана шундай умид ва ишончни оқлаш, эришган ютуқларимизни янги натижалар билан мустаҳкамлаш бизнинг нафақат вазифамиз, балки инсоний бурчимизга айланиши шарт”, деди.

Тошкент вилоятида ҳам иқтисодий барқарорлик, аҳоли фаровонлигини ошириш йўлида келгуси етти йиллик учун жуда катта марралар белгилаб олинган. Давлатимиз раҳбари бу борада вилоят сайловчилари билан ўтказган учрашувида алоҳида тўхталиб ўтди.

Президентимиз бу галги сайловолди дастурини ҳам аҳоли якдиллик билан илиқ қарши олди. Негаки, бугун халқимиз давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси ва ташаббуси билан кечаётган ислоҳотлар натижасида ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларида салмоқли ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини кўриб, билиб турибди, эътироф этяпти.

Шавкат Мирзиёев вилоят аҳли билан учрашувда ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш, турмуш шароитини янада яхшилаш, ижтимоий масалаларни ҳал қилишда маҳаллани марказий бўғинга айлантириш, одамларни ҳаётдан рози қилиш учун барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган стратегик мақсадлари билан яқиндан таништирди.

Унга кўра, вилоят аҳолисига муносиб шароит яратиш йўналишида мингдан зиёд боғча очиш ва 100 минг ўқувчи ўрни яратиш, 16 та замонавий тиббиёт муассасаси ҳамда 4 та перинатал марказ ташкил этиш режалаштирилган.

350 дан зиёд маҳаллада 4 минг километр ички йўл ва 100 дан зиёд кўприк қуриш, 5 минг километрдан зиёд электр тармоғи ва 1400 та трансформаторни янгилаш, ичимлик сув ва оқова тармоқларини таъмирлаш ишлари амалга оширилади. 2024 йилдан Бекобод, Хўжакент ва Ангрен йўналишларини пойтахт билан боғлайдиган 10 та электропоезд ҳаракати йўлга қўйилади.

Олмалиқ ва Оҳангарон шаҳарларида мис саноати кластерини ривожлантириш орқали мис маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2030 йилга қадар 2 карра кўпайтирилади. Жанубий кореялик ҳамкорлар билан 1,5 миллиард доллар инвестиция ҳисобига 50 гектар майдонда юқори технологиялар технопарки ташкил қилинади ва электроника, ярим ўтказгичлар, микросхемалар ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилади.

Чирчиқ шаҳри чинакам инновацион кимё саноати кластерига айлантирилиб, “Химград” ҳудудида қиймати 300 миллион долларлик 23 та лойиҳа амалга оширилади. Ангрендаги қурилиш материаллари кластерида 1 миллиард доллар қийматидаги 40 та лойиҳа бажарилади.

Вилоятдаги саноатлашув даражаси юқори бўлмаган туманлар алоҳида ёндашувлар асосида ривожлантирилади. Жумладан, Бекобод ва Пискент туманлари озиқ-овқат саноатига, Бўка тумани эса тўқимачилик саноатига ихтисослашади.

Туризм ҳақида гап кетганида, Тошкент вилоятининг бу борадаги салоҳиятини алоҳида эътироф этиш жоиз. Биргина Бўстонлиқ туманининг “Ўзбекистон Швейцарияси” дея таърифланиши ҳам вилоятнинг туризмни ривожлантириш имкониятлари нақадар кенг эканидан далолат беради. Мана шулардан келиб чиқиб, Бўстонлиқдаги “Чорвоқ” туризм зонасида 700 миллион доллар инвестиция ҳисобига 20 минг ўринли 100 та меҳмонхона ишга туширилади, Чимён – Билдирсой – Нанай курорт ҳудудида франциялик инвесторлар билан бирга 200 миллион долларлик туризм комплекси барпо этилади.

Сайловолди дастурдаги бу каби режаларни рўёбга чиқариш учун алоҳида дастур қабул қилиниб, бунга жами 35 миллиард доллар йўналтирилади.

Етти йиллик стратегик режада мамлакатимизда қурилиш кўламини кенгайтириш мақсадида ушбу соҳани янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада, аввало, 1 миллион хонадонли уй-жойлар қуриш бўйича катта марра белгилаб олинган. Шу боис, уй-жой қуриш учун республика бўйича 2 минг гектар ер таклиф қилинади. Хусусан, Тошкент вилоятида бу мақсадлар учун 350 гектар ер ажратилади. Ушбу ер майдонларида уй-жой барпо этаётган қурувчилар икки йил давомида ер солиғидан озод қилиниши, бунинг ҳисобига қурилиш корхоналари ихтиёрида камида 2 триллион сўм қолиши кўзда тутилмоқда.

Ихтисослашган йирик қурилиш кластерлари сони ҳозирги 30 тадан камида 60 тага етказилади, салоҳиятли қурувчиларга махсус техника ва айланма маблағ учун 1 миллиард доллар ресурс ажратилади. Юртимизда ишлаб чиқарилмайдиган қурилиш материаллари ва махсус техника учун божхона имтиёзлари 2030 йилгача узайтирилади. Бундан ташқари, аҳолининг кредит тўловларини қайтаришга йўналтирилган маблағлари даромад солиғидан озод қилинади. “Менинг биринчи уйим” дастури доирасида вилоятларда юз минглаб оилаларга мўлжалланган ижтимоий уйлар барпо этилади.

Шу билан бирга, йил якунигача 50 йил олдин қурилган уйларнинг жорий ҳолати, жумладан, зилзилага чидамлилиги тўлиқ ўрганилади, аҳоли зич бўлган ҳудудларда “бўйига ўстириш” тамойили асосида 2-3 қаватли эски уйлар ўрнида етти қаватдан юқори замонавий уй-жойлар барпо этилади. Бунда реновация дастурлари фақат ва фақат фуқароларнинг розилиги ва кенг жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилинади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли пунктларининг бош режаларини тузиш масаласи ҳам ғоят синчковлик билан ўрганилиб, бу йўналишда пухта режалар ишлаб чиқилиб, муҳим ташаббус ва ғоялар илгари сурилганини кўриш мумкин. Хусусан, 2025 йилга қадар 25 та шаҳар, 2030 йилгача эса барча аҳоли пунктлари, шу жумладан, Тошкент вилоятининг 22 шаҳар ва тумани, шунингдек, қишлоқлар бош режаларини ишлаб чиқиш тўлиқ якунланади. Бунда бош режаларни ишлаб чиқиш жараёни аҳоли ва тадбиркорлар учун очиқ-ошкора ва шаффоф бўлиши, бунинг учун алоҳида портал ишга туширилиб, уларнинг ташаббус ва таклифлари, албатта, инобатга олиниши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, қурилиш ишлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш бундан буён ҳам устувор вазифалардан бири бўлиб қолади. Энг аввало, Япония, Жанубий Корея, Буюк Британия, АҚШнинг бино-иншоотлар бўйича қурилиш хавфсизлиги меъёрлари асосида янги стандартлар жорий қилиниб, соҳадаги кадрларни тайёрлаш тизими қайта кўриб чиқилиши мақсад қилинган.

Келгуси етти йилда уй-жой қурилиши ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш бўйича ташаббусларни амалга ошириш учун 50 миллиард доллар йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.

Бу юртимизнинг бошқа ҳудудлари билан бир қаторда, вилоятимизда ҳам кўплаб замонавий кўп қаватли уйлар қурилиши, ижтимоий инфратузилма аҳолининг тобора ошиб бораётган талабига мос ривожланишидан далолат беради.

Бир сўз билан айтганда, бугун Тошкент вилояти мамлакатимиз пойтахти билан узвий боғланган ҳолда ривожланиб, яқин 10 йилда камида замонавий ва аҳоли учун қулай, таълим, тиббиёт ва бизнес маркази бўлган ҳудудга айланиши, шубҳасиз.

Шу мақсадларга эришиш йўлидаги ҳаракатлар бугундан бошланган. Жумладан, Президентимизнинг вилоятимизга кечаги ташрифи чоғида бир қатор янги саноат, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳа мажмуаларини ишга тушириш маросими бўлди. Булар — Оҳангарон туманидаги “Ташкент Конч цемент”, Қуйи Чирчиқ туманидаги “Ташкент коттон текстиль”, Юқори Чирчиқ туманидаги “Азия Ташкент Текстиль”, “Салюбрис Вита”, Ангрен шаҳридаги “Ангрен каолин”, “Централ Азия Кемикалс”, Нурафшон шаҳридаги “Агро Нью Дрип”, Чирчиқ шаҳридаги “Шарқ Тюбс”, Паркент туманидаги “Самсарак файз” ва “Шабнам Элегант”лардир. Бу корхоналарда цемент, ип-калава, тўқимачилик, фармацевтика, бойитилган каолин, кимё маҳсулотлари, томчилатиб суғориш шланглари, рангли металлар ишлаб чиқарилади. Умуман, мазкур корхоналарда 3 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.

Бир сўз билан айтганда, эртанги фаровон келажагимизни бунёд этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини юзага чиқаришга камарбаста бўлиш ҳар биримизнинг бош мақсадимизга айланмоғи лозим.

Президентимиз ўз лавозимига киришиш тантанали маросимида таъкидлаганидек, “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак пойдевори” деган шиор бугундан бошлаб ҳаётимиз қоидасига, ҳар қайси раҳбарнинг, барча халқ ноиблари, вазир ва ҳокимларнинг кундалик фаолият дастурига айланиши шарт”.

Сайёра ФАЙЗИЕВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Тошкент вилояти бўлими раҳбари