Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2021 йилнинг биринчи ярим йилликдаги мурожаатлар билан ишлаш бўйича фаолияти кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Омбудсман ҳузуридаги комиссия раиси Феруза Эшматованинг сўзларига кўра, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Вакил номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 9 632 та мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг сал кам 40 фоизи яъни 4083 таси шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни амалга ошириш масаласига тааллуқли. Омбудсман иш юритувига олинган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши натижасида 13 та жиноий, 4 та маъмурий ва 8 та интизомий иш қўзғатилди, масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун 23 та текширув ўтказилди, 16 нафар давлат идоралари ходимлари турли даражадаги жавобгарликларга тортилди, суд қарорларига нисбатан прокуратура органлари орқали 2 та протест киритилди ҳамда мурожаат қилувчилар манфаатларини кўзлаб жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 26 та қарор бекор қилинди.
Инсон шахсий ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги шикоятлар таҳлили суд тизими инсон ва фуқароларнинг қонун ҳужжатларида кафолатланган ҳуқуқларини тўлиқ таъминлай олмаётганини кўрсатмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Омбудсман манзилига жиноят ишлари бўйича суд қарорларидан норози бўлган фуқаролардан 680 та мурожаат келиб тушди. Бундан ташқари, хориждан 3 та ва маҳкумлардан 256 та мурожаат йўлланган.
Ф.Эшматованинг қайд этишича, мурожаатларда асосан дастлабки терговда йўл қўйилган процессуал камчиликлар суд жараёнида аниқланганда, судья томонидан таъсир чораси қўлланилмаслиги, судья илтимосномани рад этиши, мажлис баённомасига томонлар чиқишларининг киритилмаслиги, гувоҳларни чақиришни рад этиш ва уларни сўроқ қилмаслик, экспертиза ўтказишни рад этиш, адвокат чиқишини кейинга қолдириш каби ҳолатлар кўрсатилган. Мазкур ҳолатлар суд қарорларининг қонунийлиги, холислиги ва адолатлилигига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади.
Шунингдек, фуқароларнинг Омбудсман номига суд терговининг тўлиқ эмаслиги ва баъзан бир ёқламаслиги, жиноят кодекси нормаларининг нотўғри қўлланилаётганлиги, суд жараёнлари ўз вақтида бошланмаслиги ҳамда жазонинг адолатсизлигидан норози бўлиб Омбудсман ходимларини судда кузатувчи сифатида иштирок этишини сўраб ёзган мурожаатларига асосан 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида 45 маротаба суд жараёнларида иштирок этилган.