Патоген бактериялар бемор организмида жуда узоқ вақт ўзи ҳақида белги бермайди. Кўпинча ўпка ва тўқималарда ривожланади, кўпаяди.
Мамлакатимизда ушбу касаллик билан оғриган маҳкумлар ҳам мавжуд. Бу касаллик юқумли бўлгани сабабли беморлар алоҳида сақланиши лозим. Шунинг учун Ўзбекистонда сил касаллигига чалинган маҳкумлар сақланадиган ягона махсус даволаш колонияси мавжуд.
Омбудсман бошчилигида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга қилинадиган мониторинг ташрифларида Бухоро вилоятида жойлашган ушбу 20-сонли махсус даволаш жазони ижро этиш колонияси ҳам қамраб олинади.
Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Ҳусейнова маҳкумлар мурожаатини ўрганиш мақсадида ушбу муассасага мониторинг ташрифини амалга оширди.
Минтақавий вакил дастлаб тиббиёт бўлимига кириб, маҳкумларга яратилган шарт-шароитлар, тиббиёт ходимларининг хизмат хоналари, бемор маҳкумлар сақланадиган палаталар ҳамда руҳий тинчлантириш хонаси билан танишди. Муассасада дори-дармон воситалари, лабораториялар, техник жиҳозлар, жумладан, рентген аппарати, стоматолог иш столи ва бошқа керакли воситалар фойдаланишга яроқли ҳолатда.
Сўнг минтақавий вакил колонияда маҳкумлар учун мўлжалланган ошхона ва овқат тайёрлаш жараёни билан танишди. Таомнома билан танишилиб, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш жойлари кўздан кечирилди.
Колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг яқин қариндошлари билан қисқа ва узоқ муддатли учрашувларга мўлжалланган хоналар ҳам минтақавий вакил эътиборидан четда қолмади.
Чунки махсус колонияда соғайган маҳкумлар дарҳол ажратилиб, саломатлиги текшириб турилади. Уларнинг яқинлари келиб, маҳкум билан учрашиши мумкин. Изоляцияланган маҳкумларга узоқ муддатли учрашувларга рухсат берилмайди. Бу тартиб оила аъзоларининг соғлиғини сақлаш мақсадида жорий этилган.
Шундан сўнг колониянинг маҳкумлар яшаш саҳнига ўрнатилган, маҳкумларнинг ариза ва шикоятлари учун мўлжалланган “Омбудсман қути”ларидан мурожаатлар олиниб, ўрганиш учун олиб кетилди.
Бундан ташқари, колонияда жазо ўтаётган маҳкумлар билан сайёр қабул ўтказилиб, мурожаатлари бўйича санитария-эпидемиология қоидаларига риоя қилинган ҳолда бирма-бир суҳбатлашилиб, мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Мониторинг ташрифи доирасида Омбудсманнинг Бухородаги минтақавий вакили мана шу колонияда ишлайдиган ходимлар билан ҳам суҳбатлашиб, уларга қонунчиликда белгиланган шароитлар яратиб берилгани, ойлик иш ҳақи тўланиши борасидаги саволларига жавоб олди.
Ўрганиш якунларига кўра, колонияда жазо ўтаётган маҳкумларга ва шу ерда хўжалик ишларига жалб этилиб, жазо ўтаётган маҳкумларга яратилган шарт-шароитлар юзасидан камчиликлар аниқланмади.