Шундагина тилнинг, миллатнинг нуфузи ошади. Тил тарихини, унинг меъёрий нуқтаи назардан шаклланиш жараёнини, ривожланишини халқ тарихидан айри ҳолда ўрганиб бўлмайди. Чунки унда миллат ўтмиши, асрий қадриятлари, маданияти ифодаланади. Шу боис Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит турк” асарида “Эрдам боши тилдир”, яъни “Барча фазилатлар, эзгуликлар тилдан бошланади”, деб таъкидлайди.

Буюк аллома Алихонтўра Соғуний ўзининг “Туркистон қайғуси” китобида шундай ёзган эди: “Одам ўзлигини унутмаслиги учун уч нарсани қўлдан бой бермаслиги керак: Ватанини, динини ва тилини...”

Бу сўзлар замирида айни ҳақиқат зоҳир. Айнан шу боис 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу мустақилликка ташланган илк қадамлардан бири бўлди. Истиқлолга эришгач, Бош Қомусимизда давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Ушбу сана мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Сўнгги йилларида барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз бермоқда. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўйи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда.

Президентимиз “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонунининг 30 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадрият”, эканини алоҳида таъкидлаб ўтганди. Дарҳақиқат, она тилимизни келгуси авлодларга маънавий бойлик сифатида соф ҳолда етказиш учун эса ёшларни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялашимиз лозим.

Зеро, давлатимиз раҳбарининг “Дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашни мақсад қилиб қўйган ҳар қайси давлат аввало, ўз халқининг миллий тили ва маданиятини асраб-авайлашга, ривожлантиришга интилади”, деган хитобларида айни шу эзгу мақсад муштаракдир. Айниқса, Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илк марта ўзбек тилида нутқ сўзлашлари она тилимизнинг нуфузи ва мавқеини янада оширишга хизмат қилди десак янглишмаган бўламиз.

Ислоҳотлар изчил давом этиб, 2019 йилнинг 4 октябрда “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарор ҳамда 21 октябрь санасида “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилинди. Фармонга биноан 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинди. Мазкур байрам – она тилимизни шарафлаш, унинг қаддини ва қадрини янада юксалтиришга хизмат қилиши керак. Чунки...

Мана шу ерда ўзбек тили ривожи ва софлигига тўсиқ бўлаётган муаммолардан бири юзага чиқади. Тараққиёт, глобаллашув сабаб республикамизнинг деярли ҳар бир кўчасида замонавий тураржой, савдо комплекслари, хизмат кўрсатиш шахобчалари қад кўтарди. Ривожланиш ўз йўлига, аммо аксариятининг номланиши ажнабий тилда экани ачинарли ҳол. “Beauty Salon”, “Dark hall”, “Мы открылись”, “Корзинка”, “Таль Пич”, “Туры в Дубай” каби хорижий номларни кўриб, чет элда юргандек ҳис қиласиз. Бу каби ҳолат замона зайлидир, бироқ “Райҳон”, “Ялпиз”, “Новвот”, “Чопар” каби ресторанлар, “Самарқанд дарвоза”, “Наврўз” каби ўзбекча ва қулоғимизга таниш номлар билан аталган кўнгилочар савдо мажмуаларининг бозори “ўлгани йўқ-ку”!

Афсуски, муайян омиллар натижасида бугун ёшларимизда она тили ва адабиётимизни ўрганишга меҳр ва иштиёқ сустлашди. Саводхонлик даражаси ҳам кўнгилни хира қилади. Бу миллат тараққиёти учун улкан фожиа. Чунки қайси юртнинг фарзандлари ўз она тилларида ўқишни тўхтатса, ўша тил йўқлик қаърига сингади. Уни ёт таъсирлардан сақлаш юрт келажагини белгилайди. Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш, миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашишимиз керак.

Шу ўринда маърифатпарвар бобомиз, ўз даврида ўнга яқин дунёвий тилларни пухта ўрганган олим Исҳоқхон Ибратнинг қуйидаги фикрлари эътиборга молик: “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”.

УЛУҒБЕК АМИНОВ,

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,

давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари

бўйича маслаҳатчиси