Маълумки, Қашқадарё вилоятининг қишлоқ хўжалигидаги энг асосий муаммолардан бири сув танқислигидир. Ҳатто бирор фермернинг сувни кўпроқ сарфлаши ҳам нариги хўжаликдаги экинларга сув бормай қолишига сабаб бўлади.

Шу боисдан ҳам вилоятдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи ҳар бир субъект экинларини суғоришда сувдан тўғри ва самарали фойдаланиши талаб этилади.

Аммо Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қашқадарё вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари жараёнида бу борада кўплаб қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмоқда.

Жумладан, Нишон туманидаги “Бердиев Жайлов” ҳамда “Собир Абдусаматович” фермер хўжаликлари ғалла майдонларини суғориш давомида сувнинг бир қисмини ҳудуддаги коллекторга оқизиб қўйгани аниқланди.

Шунингдек, Қамаши, Муборак туманларида ҳам фермер хўжаликлари ишчилари томонидан ғалла майдонларини куллатиб суғориш, истеъмол учун зарур бўлганидан кўп сув олиб, ортиқча қисмини ҳудуддаги коллекторлар ёки бўш майдонларга оқизиб қўйиш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар қайд этилди.

Жорий йилнинг январь – апрель ойлари давомида вилоятда умумий ҳисобда 2690 та ҳолатда қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш билан боғлиқ камчилик ва қонунбузилишлар рўйхатга олинган.

Ҳуқуқбузарларга нисбатан “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан ваколат доирасида 577 та (181 миллион 440 минг сўм) маъмурий, 26 та (1 миллион 14  минг  сўм) жарима санкциялар қўлланилди. 92 та ҳолат юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқишлик учун тўпланган ҳужжатлар судларга киритилиши таъминланди.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик содир этилишини эрта олдини олиш мақсадида 1964 та сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига расман огоҳлантиришлар берилди.

Ойбек Тўрақулов,

“Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси

 катта инспектори