Маълумот учун: Orascom Construction 1950 йилда ташкил этилган бўлиб, Мисрнинг энг йирик қурилиш ва сармоявий компаниялардан бири ҳисобланади. Даромади 3,4 миллиард долларни ташкил этади ва ходимлари сони 10 минг кишидан ошади.
Суҳбат чоғида Миср делегациясининг бир кун аввал соҳа бирлашмалари раҳбарлари ва маҳаллий ҳокимият органлари билан ўтказган қатор ишчи учрашувлари якунлари сарҳисоб қилинди. Навоий вилоятида тайёр электротехника, тўқимачилик ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарни жойлаштириш учун саноат зонасини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш имкониятлари ўрганилди.
Шунингдек, компания Тошкент, Андижон, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги саноат паркларини бошқаришда иштирок этиш режалари билан ўртоқлашди. Шу ўринда, компания вакилларига мамлакатимизга ўз сармоя, тажриба ва инновацион ишланмаларини олиб киришда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлик билдирилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ниятларини билдириб, эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида ўзаро ҳамкорлик форматини ишлаб чиқдилар.