Жаҳон тажрибасида автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниялар бошқа тармоқларни ҳам ривожлантириб, кўп тармоқли фаолият юритиши кенг тарқалган.

Жиззах вилоятида автомобиль ишлаб чиқараётган “ADM Group” компанияси ҳам шу ёндашув асосида фаолиятини кенгайтирмоқда. Оролбўйида интенсив боғдорчиликни ривожлантириш унинг янги йўналишларидан бири бўлди.

Айтишларича, Оролбўйининг оғир иқлимида, шўр тупроғида боғдорчилик ўзини оқламайди. 55 миллиард сўм маблағ йўналтирилган мазкур лойиҳа эса бу қарашларни буткул ўзгартирмоқда.

Боғнинг умумий майдони 330 гектарни ташкил этади. Энг муҳими, маҳаллий аҳоли учун 100 та муқим иш ўрни яратилди. Илгари доимий даромад манбаига эга бўлмаган қишлоқ аҳолиси энди ўз ҳудудида ишлаб, оиласига барака киритмоқда.

Ҳозирда 69 гектар майдонга АҚШда селекция қилинган 250 минг туб қора олхўри кўчати экилган. Бу нав шўр ерларга жуда чидамли ҳисобланади. У экилганидан сўнг атиги 2 йилда ҳосилга киради. Бир туп дарахт 50-60 килограммгача ҳосил беради. Меванинг йириклиги ва данакнинг осон ажралиши қайта ишлаш учун жуда қулай саналади.

Ердан унумли фойдаланиш ва даромадни кўпайтириш мақсадида дарахтлар орасига ҳосилдор помидор нави экилди. Экин майдонининг ҳар бир гектаридан ўртача 40-45 тонна ҳосил олиш мумкин.

Боғда қўлланилган замонавий технологиялар сув танқислиги билан боғлиқ муаммога самарали ечим берди. Майдонда ёпиқ дренаж ва томчилатиб суғориш тизимлари жорий қилинган. Оддий суғоришда бир гектар ерга 12 минг литр сув кетади. Янги тизим орқали эса бу сарф бор-йўғи 5 минг литрни ташкил этмоқда. Натижада сув 60 фоизгача тежалади.

Сув тўғридан-тўғри дарахт илдизига боради ва беҳуда сарф бўлмайди. Сув билан бирга берилган минерал ўғитлар 90 фоизгача ўсимлик томонидан ўзлаштирилади. Намликнинг бир маромда сақланиши ҳосилдорликни янада оширади. Тизим тўлиқ автоматлаштирилгани сабабли юзлаб гектар майдонни биргина оператор бемалол бошқара олади.

Иқлимнинг инжиқликларига қарамай, шундай замонавий боғ яратилгани тадбиркорларимизнинг жасорати ва янгича фикрлаётганидан далолат экани қайд этилди.

Мевани шу ернинг ўзида қуритиш ва қайта ишлаш ускуналари ўрнатилгани маҳсулот қийматини бир неча баробарга ошираётгани таъкидланди.

Лойиҳа доирасида тайёр маҳсулотларни сотиш бўйича ҳам аниқ режа мавжуд. Экспорт қилиш юзасидан Хитой, Корея ва Россия давлатлари билан манфаатли шартномалар имзолаб бўлинган.

Кегейлидаги мазкур муваффақиятли тажриба бутун Қорақалпоғистон бўйлаб кенгайтирилади. Интенсив боғлар майдонини 10 минг гектарга етказиб, 40 мингта доимий ва мавсумий иш ўринларини яратиш кўзда тутилган.

Шу ерда давлатимиз раҳбари фермерлар билан мулоқот қилди. Улар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида қайд этиб, Қорақалпоғистон тараққиётига қаратилаётган доимий эътибор учун миннатдорлик билдирди.