Дунёнинг ишлари қизиқ. Унинг бир томони тоборо сувга ғарқ бўлиб бораётган, тошқинлардан азият чекаётган бир пайтда, бошқа тарафида денгизу кўллар қуриб, чўлланиш жараёни тоборо тезлашиб боряпти. Миллионлаб одамлар обиҳаётга зор бўлиб, қурғоқчилик азобини тортмоқда, бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлмоқда. Офатларнинг олдини олиш мақсадида дунёда муқобили бўлмаган лойиҳаларни қўллашга, бунинг учун миллионлаб долларлик маблағлар сарфлашга тўғри келяпти.
Қуруқликнинг 33,6 фоизида қурғоқчилик
Буюк британиялик нуфузли халқаро эксперт Николас Стерннинг ҳисоботида агар қўл қовуштириб ўтираверилса, кўмир, нефть каби ёқилғиларни ёқиш туфайли юзага келаётган иқлим ўзгаришлари, жаҳон иқтисодий тараққиётини беш карра секинлашишига олиб келади.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш агар биз ҳозир ҳаракат қилмасак, бу аср инсоният учун сўнгги юз йиллик бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Ташвишланиб айтилаётган бундай фикрларнинг ҳаққонийлигини БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти вакилларининг кузатишлари ҳам тасдиқламоқда. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ер юзида қурғоқчилик юқори бўлган ҳудудларнинг умумий майдони 48 810 минг квадрат километрни ёки қуруқликнинг 33,6 фоизини ташкил этади. Ерларнинг таназзулга учраши оқибатида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йўқотиш йилига тахминан 42 миллиард AҚШ долларига тенг бўлмоқда. Боз устига, ҳар йили 20 миллион гектар ерда экин етиштиришдан чиқиб кетяпти.
Умуман олганда, чўлланиш дунё аҳолисининг бешдан бир қисмига таҳдид соляпти. 2030 йилга келиб глобал иқлим ўзгариши жаҳон иқтисодиётига йилига 2 триллион доллар зарар келтира бошлаши тахмин қилиняпти.
Марказий осиёда аҳвол қандай?
Марказий Осиё мамлакатлари дунёда иқлим ўзгаришидан энг кўп зарар кўрадиган минтақалар сирасига киради. Одамлар аллақачон музликларнинг эриши, ҳароратнинг ошиши, қурғоқчилик ва сув тақчиллиги каби ҳолатларнинг салбий таъсирини ўз ҳаётида сезиб келмоқда. Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Лилия Бурунчукнинг фикрича, бунинг оқибатида келтирадиган зарар минтақавий ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизигача бўлиши мумкин.
Қурғоқчилик Қозоғистонда аллақачон асосий муаммога айланган. Мамлакат ҳудудининг 66 фоизи сувсизликдан азият чекади. Зарур чоралар кўрилмаса, ҳосилдорлик 2030 йилга бориб 37 фоиз, 2050 йилгача эса 48 фоизгача тушиб кетади. Аср охирига бориб Тожикистонда етиштириладиган умумий ҳосилнинг учдан бир қисмини йўқотиши, Қирғизистон ҳудудининг ярми чўлга айланиши мумкин.
Шу боис Марказий Осиё мамлакатлари иқлим ўзгаришининг салбий таъсирининг олдини олиш учун қатъий чораларни кўришлари зарур бўлади. Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, ерларнинг ишдан чиқишига қарши курашга сарфланган ҳар 1 доллар 5 долларга яқин самара бериши мумкин. Агар минтақада 30 йил мобайнида ерларнинг ишдан чиқишига қарши кураш харажатлари тахминан 53 миллиард АҚШ долларини ташкил этса, лекин шу даврда ҳеч бир иш қилинмаган тақдирда, йўқотишлар миқдори 288 миллиард долларгача етиши башорат қилиняпти.
Тадқиқотлар нимани кўрсатди?
“Ўзгидромет” хизмат маркази 2021 йил ноябрь ойи бошида мамлакатимиз ҳудудида кучли шамоллар туфайли рўй берган чанг-ғубор ҳодисалари 150 йил давомида кузатилмаганини қайд этар экан, ҳаводаги чангнинг меъёрлан 30 бараваргача ошиб кетиши сабабини шундай изоҳлади:
“Давомли эсган кучли шамоллар натижасида чўл ландшафтга эга ҳудудлардаги тупроқ сиртидаги чанг ва қум зарралари ҳавога кўтарилиб, чанг булутини ҳосил қилди. Чанг булути шамол йўналиши бўйича аввал Сирдарё вилоятига, сўнгра Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг атмосфера ҳавосида чанг-бўрон ва ғуборнинг кескин ортиб кетишига сабаб бўлди”.
Президентимиз бу ҳодисага ўз муносабатини билдириб, “Юртимизда экологик таҳдидларнинг салбий таъсири ортиб бормоқда. Буни куни кеча содир бўлган қум бўронлари ҳам яна бир бор тасдиқлади. Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазият тобора кескин тус олмоқда.
Шу борада биз Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сифатида эълон қилиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюциясини ҳаётга татбиқ этишга доир тизимли ва комплекс чора-тадбирларни амалга оширишимиз лозим”, — деди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сесиядаги маърузасида ушбу таклифни илгари сурган ва шу асосда мазкур халқаро ташкилот 2021 йил 18 майда “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюцияни қабул қилган эди. Ўтган йилнинг 29 июлида Президентимиз томонидан имзоланган қарорда мазкур ҳужжат ижросини таъминлашнинг амалий вазифалари белгилаб берилди ҳамда “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Яқинда Жаҳон банкининг Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда “Орол денгизининг қуриган тубидаги қум ва чанг бўронларини камайтириш учун Ўзбекистонда ландшафтни қайта тиклашнинг аҳамияти” мавзусида олиб борган қўшма тадқиқоти хулосалари эълон қилинди.
Мазкур хулосаларга кўра, Орол денгизининг тубидан тахминий майдони 60 минг квадрат-километрга тенг Оролқум чўли ҳосил бўлган. Ҳар йили бўронлар сабаб Оролнинг қуриган тубидан кўтарилган 15−75 миллион тоннагача миқдордаги қум, чанг ва туз Марказий Осиё кенгликлари бўйлаб ёйилади. Натижада юзага келган тупроқ эрозияси ва ҳавонинг ифлосланиши одамлар саломатлиги, турмуш шароитига ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатади.
Оролқумдан кўтариладиган қум ва чанг бўронлари туфайли йўқотишлар қиймати биргина Қорақалпоғистон учун йилига 44,2 миллион доллар ёки ялпи ички маҳсулотнинг 2,1 фоизини ташкил этади.
Ўзбекистондаги Орол денгизи қуриган тубининг катта қисмини қурғоқчиликка ва шўр тупроққа чидамли бўлган маҳаллий дарахтлар, буталар ва ўт-ўланларни аралаш ҳолда экиш ҳисобига қайта тиклаш мумкинлиги айтилмоқда. Бунинг натижасида маҳаллий аҳолининг саломатлиги ва фаровонлиги яхшиланиши билан бир қаторда, ҳар йили 28−44 миллион доллар миқдорида қўшимча фойда келтириши ҳамда тупроқдан углерод чиқишини олдини олиш ва атмосферадан карбонат ангидридни ютиш орқали иқлим ўзгаришини юмшатиши мумкин.
Дунёда муқобили бўлмаган ишлар
Юртимизда кейинги йилларда чўлу-биёбонлар ва Орол денгизининг қуриган тубида яратилаётган “яшил қопламалар” — дунёда муқобили бўлмаган инновацион чоралар сирасига киради. Муҳими, унинг кўлами кенгайиб боряпти. Маълумотларга қараганда, қабул қилинган қарорлар доирасида 2018-2020 йилларда Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида 1,2 миллион гектар майдонда ўрмон-мелиоратив тадбирлари амалга оширилган. “Яшил қопламалар” барпо этишда техника, авиация, кичик авиациядан фойдаланилиб, инновацион усуллар қўлланилиб келиняпти.
—Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг ижроси доирасида 2021 йилда Қорақалпоғистон ва вилоятлар ҳудудлари кесимида жами 530 минг гектар, шу жумладан, Орол денгизнинг қуриган ҳудудида 375 минг гектарида ўрмонзор барпо этилиши режалаштирилган эди, — дейди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Ҳожимурод Толипов. — Амалда республика бўйича жами 631 минг гектар, Орол денгизининг қуриган ҳудудида 458 минг гектар майдонда, мазкур минтақага кирувчи Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида 148 минг гектарда саксовул ҳамда бошқа чўл ўсимликларининг уруғ ва кўчатлари экилиб, ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилди.
Табиийки, ҳосил қилинаётган “Яшил қоплама” майдонларининг кўпчилик қисмини саксовулзорлар ташкил этяпти. Мутахассисларнинг фикрича, саксовул шундай ўсимликки, агар уни етти қатор қилиб эксангиз, у 5-7 йилда 90 фоиз қумни ушлаб қола оладиган даражада катта бўлади ва ўзидан кўпайиш хусусиятига эга. Оролнинг тубидаги каби саксовулзорлаштиришнинг дунёда муқобили йўқ. Албатта, Австралия, Қозоғистонда ҳам муайян майдонларда экилган, лекин Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ниҳоятда кенг қамровлики, уларни умуман таққослаб бўлмайди.
Яна бир жиҳати, Оролнинг қуриган майдонидаги саксовуллар орасига ёввойи ҳайвонлар ва чорва учун озуқабоп экинлар ҳам экилмоқда. Ушбу ҳудудда ўнлаб артезиан қудуқлари қазиляпти. Бу келажакда чорвачиликни ривожлантириш учун замин яратади.
Инновацион лойиҳалар ва амалий самаралар
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан “Мўйноқ” ва “Саманбай” тажриба-синов майдонларида тупроқ-иқлим шароитларига мос бўлган чўл ўсимликларини ажратиб олиш бўйича илмий-тадқиқотлар давом эттириляпти. Бу борадаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 40 дан ортиқ хорижий ва маҳаллий ташкилотлар, илмий-тадқиқот институтлари билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган..
Марказ томонидан “Оролдаги менинг боғим” (My garden in the Aral Sea) агро-экотуризм лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унинг асосий мақсади, чет эллик сайёҳлар ва маҳаллий аҳолининг Оролбўйини кўкаламзорлаштириш ишларига ўз улушини қўшишга ва шу йўл билан кишиларнинг турмуш даражасини кўтаришга даъват этишга йўналтирилган. Ушбу тадбирларни амалга ошириш натижасида Ўзбекистонда илк бор аҳоли томонидан кўкаламзорлаштириш лойиҳаси ва краудфандинг (аҳоли томонидан молиялаштириш) платформаси яратилди. Лойиҳа учун “Мўйноқ” тажриба-ишлаб чиқариш участкасида 1,8 гектар майдон ажратилиб, 15 турдаги жами 2972 та дарахт кўчати экилди. Бундан ташқари, Орол денгизининг қуриган тубидаги 42 гектар майдонда 42 минг туп саксовул, қандим ва терескен кўчати ўтқазилди. Ўтган йили Мўйноқ тумани ҳокимлиги томонидан лойиҳани кенгайтириш учун 30,4 гектар ер майдони ажратилди. Айни пайтда ушбу майдонларда декоратив боғ яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосарии — спорт ва туризм ишлари вазири Азиз Абдулҳакимовниг қайд этишича, бугунги кунда мамлакатимиз томонидан БМТнинг махсус резолюцияни амалга ошириш юзасидан тизимли чора-тадбирлари кўрилмоқда. Президентимизнинг бу борадаги қарори асосида, Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантиришнинг етти йўналиши белгиланиб олинган. Улар асосида мазкур соҳаларга тегишли 312 миллиард сўм, 22,2 миллион доллар ва 6 миллион евро ажратилган 71 та тадбир, шунингдек 1,9 триллион сўмлик 65 та устувор инновацион лойиҳа амалга ошириляпти.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳамкорлигида БМТ Тараққиёт дастури, Европа Иттифоқи, ЮНИСЕФ, Ислом тараққиёт банки, ICBA халқаро маркази билан яқин ҳамкорлдик алоқалари ўрнатилган. Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, Тунис, Швейцария ва Канадалик олимлар билан биргаликда Оролбўйининг шўрланган ва қурғоқчил ерларини тадқиқ қилиш ва “яшил қопламалар” яратиш юзасидан илмий ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди.
Ўтган йил 22 ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган “Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантирамиз” мавзусидаги халқаро конференцияда ҳозирда Оролбўйи ҳудудларида Халқаро молия институтларининг қиймати 1 миллиард 326,7 миллион АҚШ долларига тенг 20 та лойиҳа амалга ошириш ишлари олиб борилаётганлиги таъкидланди.
— 2020-2021 йилларда Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институтида Испаниянинг “Western Export Solutions” компанияси ва Словакиянинг “Resysle S.R.O” ташкилоти билан ҳамкорликда ўрмон кўчатхоналарида чўл ўсимликлари ниҳолларининг кўкарувчанлигини ошириш ҳамда стандарт кўчатларни етиштириш мақсадида денгиз тубида илк маротаба “Агрофлорин”, “Бульнова”, “Биопрон”, “Рокогумин” каби аминокислотали биоўғитларни синовдан ўтказиш бўйича илмий-изланишлар олиб борилди, — дейди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Ҳожимурод Толипов. — Тахтакўпир давлат ўрмон хўжалиги кўчатхонасида “Ракогумин” аминокислоталари ёрдамида стандарт кўчатларни етиштириш даражаси анъанавий усулга нисбатан 1,0-1,5 баробар (гектарига 315 минг дона) гача оширилди. Икки йил давомида ўтказилган синов тадқиқотлар натижасида 1 миллион 230 минг дона ана шундай кўчатлар етиштирилиб, Орол денгизининг қуриган тубида ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш амалиётига жорий этилди. Испания компанияси билан қуриган денгиз туби иқлим-шароитида янги “Атриплекс” чўл ўсимлигии ҳам синовдан ўтказилди.
Олимларнинг қайд этишича, Орол денгизи қуриган майдонининг ер ҳолати бир хил эмас: 5 йил аввал қуриган ҳудуд билан 50 йил аввал сув қочган жойнинг ҳолатида умуман катта фарқ мавжуд. Ҳамма ерга бир турдаги ўсимликларни экишни тавсия қилиб бўлмайди. Ҳар бир ҳудудга ўзига хос ёндашув талаб этилади. Ерлар ҳолатини, қум ва шўрликларни эътиборга олиб, фақат тўғри танлаб экилган кўчатларгина ўзини тутиб кетиши мумкин.
— Шу каби жиҳатларга илмий изланишларда алоҳида эътибор қаратиляпти, — дейди Ҳожимурод Толипов. — Институтимиз ходимларининг давлат илмий-тадқиқот дастурлари доирасида Орол денгизининг қуриган тубининг турли тупроқ шароитларида чўл яйловзорларини комбинациялашган усулларда барпо этиш, тупроқ-иқлим шароитларига мослашган, мусбат белгиларга эга (серҳосил, шох-шаббалари қалин, текис ўсувчи) бўлган чўл ўсимликларининг доимий уруғчилик майдонларини ажратиб олиш йўналишларида ўтказган тажрибаларини бунга амалий мисол тариқасида келтириш мумкин. Натижада чўл-яйлов ўсимликларининг ҳосилдорлиги 30-40 фоизга ошди.
Мазкур ҳудудда ўрмонлаштириш тадбирларини жадаллаштириш мақсадида чўл ўсимликлари ниҳолларини экувчи янги машина агрегати яратилди. Унинг ёрдамида кўчатларни экиш самарадорлиги 1,5 баробарга, соатига 4000-4500 донага етди.
Шу билан бирга, Нукус, Хива, Урганч ва Бухоро шаҳарлари атрофидаги жами 30 километр масофада “яшил белбоғ” ҳимоя дарахтзорлари ташкил этилди. Бундан ташқари, республикамизнинг суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари дала четларида 2,5 минг гектар майдонда дала иҳота дарахтзорлари барпо этилди.
Кейинги йилларда бу каби ишларни бажаришга ўрмон хўжаликлари томонидан 1,7 минг тоннадан ортиқ ҳар хил турдаги дарахт ва буталарнинг уруғлари тайёрланди ҳамда 105 миллион дона иқлим шароитга мос ҳар хил турдаги манзарали, мевали дарахт ҳамда буталарнинг ниҳол ва кўчатлари етиштирилди.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда Орол денгизи қуриган тубида янгидан экилаётган чўл ўсимликларини турли касаллик ҳамда зараркунандалардан ҳимоя қилиш, шунингдек нам сақловчи полимер наноелимлар (гидрогел)дан фойдаланган ҳолда, ниҳоллар кўкарувчанлигини оширишнинг инновацион усулларини ишлаб чиқиш бўйича илмий изланишлар давом эттирилмоқда. Жумладан, Япониянинг “OYO” коорпорацияси олимлари билан Оролбўйи ҳудудларида доривор “Цистанхе” ўсимликлари плантацияларини барпо этиш, Жанубий Кореянинг “Nifos” миллий ўрмон хўжалиги илмий муассаси билан ҳамкорликда чўл ўсимликларини контейнер блокларда етиштириш технологияларини ишлаб чиқиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш режалаштирилган. Бу тадқиқотлар келгусида чўл майдонларида яшил ўсимликлар майдонини кенгайтириш, самарадорлигини ошириш, шунингдек ҳавога зарарли қум-чанг бўронлари кўтарилишини камайтиришда асқотади.
2022 йилда Орол денгининг қуриган тубида 100 минг гектарда, Оролбўйи минтақасига кирувчи Бухоро вилоятида 40 минг, Навоий вилоятила 50 минг ва Хоразм вилоятида 10 минг гектарда ўрмонзорлар барпо этиш бўйича ишлар амалга ошириш режалаштирилган. Булардан ташқари, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2022 йил баҳор мавсумида 125 миллион дона манзарали, мевали ва бошқа турдаги кўчатлар экилиши кўзда тутилмоқда.
Ушбу ишлар жадал амалга ошириш назарда тутилганлиги келгусида Оролбўйида инсон хавфсизлиги учун экологик мақбул ҳудуд барпо этишга замин яратади. Зеро, Тараққиёт стратегиясида Орол денгизининг тубида қўшимча 500 минг гектар яшил майдонлар барпо этиб, унинг умумий ҳажми 2,5 миллион гектарга етказиш вазифаси ўз ифодасини топган.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи