Унга кўра, ташкилот ва корхоналар тасарруфида жами 19 та оромгоҳлар мавжуд бўлиб, шундан 13 таси Бўстонлиқ туманида, 1 таси Паркент туманида, 1 таси Пискент туманида, 1 таси Оҳангарон туманида ва 1 таси Ангрен шаҳрида жойлашган.
Жорий мавсумда 5 сменада жами 9 минг 170 нафар болаларни ёзги оромгоҳларда соғломлаштириш режалаштирилган.
Белгиланган талабларга бўйича болалар соғломлаштириш оромгоҳларига олиб борувчи йўллар, кўприклар аҳволи, оромгоҳлар атрофи ўралгани, таъмирлангани, ёнғинга қарши ҳолати кўздан кечирилди. Шунингдек, ётоқхона, павильон, ҳожатхона, ювиниш хоналари, ошхона ва тиббиёт хонасининг жиҳозланиши, “Маънавият-маърифат” хонаси, кутубхона ҳамда тўгарак хоналарининг ташкил этилганлиги, спорт майдончалари, сузиш хавзасининг мавжудлиги ҳам алоҳида назоратга олинган.
Айни пайтда жойлардаги “Коинот”, “Йўлчи”, “Ёшлик”, “Ниҳол”, “Гулзор”, “Сижжак” каби 6 та оромгоҳ болаларни қабул қилишга тайёр ҳолга келтирилган. Бундан ташқари, “Кимёгар”, “Метталург”, “Булоқча” ва “Тонг” оромгоҳларида ободонлаштириш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда, “Бойчечак”, “Келажак”, “Янги авлод”, “Камалак” ва “Офтобжон” оромгоҳларида эса жорий таъмирлаш ва пардозлаш, санитария талабларига мослаштириш ишлари давом этмоқда. Ўз навбатида “Ҳумо” ва “Чимён” оромгоҳларида болаларни қабул қилиш июль ойига белгиланганлиги сабабли бу ерда қурилиш-таъмирлаш ишларини охирига етказиляпти.
Бугунги кунда “Келажак” болалар оромгоҳида 100 нафарга яқин болалар соғломлаштирилмоқда. Режага мувофиқ қолган оромгоҳлар 10 июнь кунидан кейин болаларни қапбул қилишни бошлайди.
Тошкент вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати