Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси билан ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақага «Ўзбегим отлари» от заводи мезбонлик қилди.

Мусобақа давлатимиз раҳбарининг жорий йил 11 мартдаги «Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгилан вазифалар доирасида ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатда от спортини ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турларини аҳоли ўртасида энг оммавий спорт турларидан бирига айлантириш, иқтидорли ёшларни танлаш, саралаб олиш ва уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш мақсадида қатор ишлар қилиняпти.

Хусусан, бугунги мусобақадан ҳам кўзланган мақсад — от спорт тури билан шуғулланувчиларни бошқа давлат спортчилари билан рақобат қила оладиган даражага етказиш, халқаро талаб ва стандартлар асосида мутахассисларни тайёрлаш, соҳада яхши натижаларни қўлга киритишига кўмаклашишга қаратилган, деб хабар берди Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Бугунги мусобақада ҳам нафақат юртимиз, балки қўшни давлатлардан келган 30 дан ортиқ номдор спортчилар иштирок этди.

Якуний натижаларга кўра, Тошкент вилояти жамоаси вакили 1- ўринни қўлга киритди. Ғолибларга кубок, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.