Бир вақтнинг ўзида турмуш ўртоғи ва укасини фронтга кузатган ёлғиз аёл қисматини ўйласам, юрагим ҳапқириб кетарди. Матонат, сабр-тоқат, мардлик ва жасорат тимсоли бўлган мушфиқ аёл матонатига, сабр-бардошига тасаннолар қилганим бор...
Мана шу хаёллар билан бўлиб Тошлоқ туманидаги “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинида умргузаронлик қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Одилжон ота Зокиров хонадонига етиб келганимизни билмай қолибман.
Отахонни бир оз мункиллаган бўлса керак деб ўйлаб адашибман. У аскарларга хос тетик, сўзлари маъноли, хотиралари тирик. Кенг феъл, очиқ кўнгиллилик фазилатлари билан кўпнинг корига яраётган нуроний ҳамиша эл-юрт эътибори, иззатида.
— Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, — дея қўлларини дуога очди Одилжон ота оппоқ соқолларини силаб. — Яқинларим, яхшилар меҳрини ҳис қилиб яшаяпман. Бизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун катта раҳмат.
Аср билан юзлашган нигоҳларга боқаман. Навқирон ёшлик йиллар, баҳодир ўғлонлар бошига етган уруш даҳшатлари, урушдан кейинги машаққатли ҳаёт тилсимотларини бир он ёдга олади. Бомбалар ёмғири, пишқириб яқинлашаётган танклар, ёпирилиб келаётган душман ўқларига қарши жон олиб, жон бераётган қуролдошлари кўз ўнгида гавдаланди. Ҳаммаси ўктам, кўнгли орзу умидларга тўлган алп йигитлар эди. Афсус, машъум уруш барчасини саробга айлантирди...
Отахоннинг кўзлари намланди, томоғи қуруқшаб, ўғлидан бир қултум сув беришни сўрайди.
Наманган вилоятининг Норин туманида дунёга келган Одилжоннинг ҳаёти кўплаб талатўплар ичида ўтди. Шўроларга қарши миллий озодлик ҳаракати етакчиларидан бири Мадаминбек қўрбоши унинг тоғаси бўлган. У совет ҳукумати томонидан қатл этилгач, яқинларининг тинчи йўқолади. Жонни қутқариш илинжида боши оққан томон қочган оила Норин туманидаги Тўда қишлоғидан паноҳ топди. Одилжон шу ерда туғилиб, вояга етди. Отаси, акаси ёнида туриб, колхозда деҳқончилик қилди, Катта Фарғона, Наманган каналлари қурилишида иштирок этди, 1942 йилнинг куз фаслида тенгқурлари қатори урушга сафарбар қилинди.
— Ҳарбий комиссариятга чақирилганимда 19 ёшда эдим, — дея хотирлайди уруш қаҳрамони. — Қисқа ҳарбий тайёргарликдан сўнг 3-Украина фронти танк дивизияси сафида хизмат қилдим. У кунларни эслаш оғир, болам. Акам Раҳмонжон билан ҳарбий қисмда учрашганман. Кейин у бошқа фронтда оғир яраланиб уйга қайтган. Биринчи жангда мен билан бирга фронтга келган ҳамқишлоғим кўз ўнгимда ҳалок бўлди. Бундан таъсирланиб, бир неча кун ўзимга келолмаганман. Кейинги жангда қўлимдан, оёғимдан яраланиб, тупроқ ичида қолиб кетибман. Кўзимни очиб қарасам, ҳарбий госпиталда ётибман. Қисқа даволанишдан сўнг яна олдинги сафга қайтганман.
Бешафқат ўқлар ёмғири остида Днепр дарёсини кечиб ўтиш, Молдова, Украина, Польша, Венгрия, Чехословакия шаҳар ва қишлоқларини озод қилишда иштирок этиб, мардлик, матонат кўрсатди, бир неча бор жанговар орден ва медалларга сазовор бўлди. Ғалаба ҳақидаги хабарни Чехословакия ўрмонларида эшитди. Аммо уруш оловлари Одилжон учун якун топмади. Жангчилар эшелони рус-япон фронти сари йўлга чиқди. Гарчи бу урушда қатнашмаган бўлса-да, мамлакат сарҳадларини ҳимоялашда кўпга ибрат бўлди. Уни армия сафларида қолишга чорлашди. Аммо у яқинлари, ўз жигарбандлари ёнига қайтишга қарор қилди. Уйга қайтгач, ўз туғишганларини излаб Фарғонага келди, шу ерда қўним топди, уй-жой, оила қурди.
Болалигидан меҳнатда тобланган уруш қаҳрамони Марказий Фарғона ерларини ўзлаштиришда қатнашди. Бешсари адирларига сув олиб борди, қум барханлари ўрнида янги экин майдонлари очди, боғу роғлар яратди, қишлоқлар қурилишига бош бўлди. Тошлоқ туманидаги Хонариқ қишлоғи ўтмиши ва бугунги ҳаёт тарзида Одилжон Зокировнинг меҳнатлари алоҳида эътироф этилади.
— Бугунги кунларнинг қадрига етиш, тинчликни асраб-авайлаш, тўғри, ҳалол, шукроналик билан яшаш ҳам фазилат, — дейди қутлуғ ёшли отахон. — Ҳамма шарт-шароит, истаган нарсамиз бор, бирор манзилга бораман десангиз, пиёда юрмайсиз. Шаҳар ва қишлоқларимиз ободлигини кўриб яйраб кетаман, умримга умр қўшилгандек бўлади, дастурхонимиз тўкин-сочин, бундай кунлар ҳеч қачон бўлмаган.
Одилжон ака нафақага чиққач ҳам фидойилар сафида қолди. Маҳалла оқсоқоли сифатида йўлларни асфальтлаш, сув олиб келиш, ободонлаштириш ишлари, тўй-маъракаларга бош бўлди.
Урушнинг тирик афсонаси яшаётган ҳовли мевали боғ, баҳор тафтига монанд баравж гулу чаман. Саранжом-саришта ҳовлида баҳри дилингиз очилади. Буларнинг барчаси оддий ва камтарин оилада анъанага айланиб кетган ҳалол меҳнат, ҳамжиҳатлик, ширинсуханлик маҳсули эканини дилдан ҳис қиласиз.
— Бу нав-ниҳоллар биз учун қадрли, — дейди Маъруфжон Зокиров. — Уларнинг ҳар бирида отам ва онамнинг сиймоси, қадоқ қўллари изларини кўраман. Отам бу боғларга ишлов беришга ҳануз бош бўлиб, маслаҳат беради, йўл-йўриқ кўрсатади. Бу ҳаётий насиҳатларга амал қилиб, кам бўлганимиз йўқ.
Аср билан юзлашган Одилжон отанинг бирда яхши, бирда маҳзун ўтган машаққатли ҳаёт йўли, мунаввар кунлари хусусида билишни истовчи, ундан ибрат олувчилар кўп келади бу хонадонга.
Одилжон ака суронли йиллардаги оғир ҳаёт, очарчилик қурбонлари билан боғлиқ воқеа ва ҳодисаларни кўп бор ёдга олади. Кексалик сабаб эркин ҳаракатланишга бир оз қийналса-да, хотираси яхши, сўзга чечан. Фарғоналикларга хос очиқлик, самимият билан бир пиёла чойга таклиф этишни канда қилмайди. Чунки бу уйнинг чироғи ҳамиша ёниқ...
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири