Миллий юксалишимизнинг иккинчи босқичи учун ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида кўзланган мақсадларни амалга ошириш нафақат қонунларимизни янгилашни, балки Бош қонунимизни ислоҳотлар руҳига мослаштиришни ҳам талаб қилмоқда.
Шу маънода, янги таҳрирдаги Конституциямизда “Инсон қадри учун” ғояси устувор йўналиш сифатида белгиланиб, “давлат – жамият – инсон” тамойили “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартирилаётгани халқ манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйишни кўзда тутмоқда.
Бугунги тараққиётни илм-маърифат ва таълим ривожисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бинобарин, ҳозирги пайтда башариятнинг илм-фан соҳасида беллашуви тобора авж оляпти. Дунёнинг илғор давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланиши ҳам бежиз эмас. Негаки, мамлакатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритган ютуқлари билан чамбарчас боғлиқ.
Соғлом, билимли, маданиятли ёшлар мамлакат тараққиёти ва келажагини белгилаб берувчи ҳамда жамиятда ижобий ўзгаришларни амалга оширишда ҳаракатлантирувчи кучдир. Ўз навбатида, ўсиб келаётган авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол шахс этиб тарбиялаш таълим соҳасида олиб борилаётган бугунги ислоҳотлар натижасига боғлиқ.
Ўзбекистоннинг бу борадаги позициясини давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари ифодалайди: “Ҳаммамизга аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам, бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”.
Конституциявий қонун лойиҳасида таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилиб, ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлиши бўйича ҳам нормалар киритилган. Хусусан, мактабгача таълим, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини устувор тараққий эттириш давлат томонидан кафолатланиши кўзда тутилмоқда. Хўш, бу қандай механизмга асосланади? Жавоб шундай: давлат мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимини, турли мулк шаклидаги, жумладан, хусусий таълим муассасаларини ривожлантириш учун зарур шароит яратиб бериши, педагог ходимлар касбий фаолиятига аралашиш, уларнинг хизмат мажбуриятини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаcлиги каби конституциявий нормалар ва қоидалар даражасида мустаҳкамланмоқда. Айни шу нарса жамиятимизда таълимнинг янги сифат ўзгаришларига асос бўлади.
Масалан, 51-моддада “Фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли. Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга”лиги белгиланмоқда. Бу ўринда академик эркинлик ҳуқуқи берилиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисобланган. Олий таълим муассасаларининг тадқиқотлар ўтказиш эркинлиги ҳуқуқи белгиланаётгани ҳам эътиборга молик.
Академик эркинлик – тадқиқот эркинлиги, таълим бериш эркинлиги ва таълим олиш эркинлиги каби учта асосга қурилади. Шунингдек, академик эркинликка эга шахслар ҳамда таълим муассасалари давлат, жамият ва таълим ташкилотларидаги долзарб муаммо, масалалар бўйича тадқиқотларни олиб бориш, ўз фикрини билдириш ва муаммоларни ҳал этиш учун тўлиқ эркинликка йўл қўйилади.
Олий таълим муассасаларининг академик эркинлик ҳуқуқи – биринчи навбатда, ўқув режалари, дастурлар, таълим йўналишлари – буларнинг барчасини ОТМнинг ўзи мустақил, бозордаги талабдан келиб чиқиб, касбий стандартлар асосида ишлаб чиқиш ваколатини ҳуқуқий кафолатлайди. Бундан ташқари, кундузги, масофавий, сиртқи, кечки ўқитиш шаклларини, шунингдек, таълим олиш муддатлари давомийлигини ҳам олий таълим муассасасининг ўзи белгилайди.
Ҳолбуки, ОТМлар академик эркинлигининг бош мезони – янги билимларни яратиш ва тарқатиш, шу билан бирга, олий таълим муассасалари учун ўзгарувчан меҳнат бозори талабларига мослашиш ва таълим сифатини ошириш вазифасини ўртага ташлайди. Қолаверса, бу олий таълим муассасалари ўртасида рақобат муҳити шакллантирилиши билан бевосита боғлиқ.
Академик эркинликнинг мақсади олимлар ишини ҳимоя қилиш ва қонунийлаштириш, билимларини янада ошириш, фуқаролик мулоқотини рағбатлантириш ҳамда жамоада очиқ фикр алмашишни қўллаб-қувватлашдир. Бу эса, пировардида, олий таълим муассасаларининг ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқи, академик эркинлик кафолатланиши ОТМларнинг молиявий имкониятлари ҳамда моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашга, соғлом рақобат муҳитида илмий-педагогик салоҳиятини ошириш, фан ва инновацияни ривожлантириш, таълим сифати ва таълим жараёнини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Конституция лойиҳасининг 48-моддасига киритилган “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли” нормаси фуқароларга тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда ва давлат ҳисобидан кўрсатилиши аҳоли саломатлиги учун муҳим ижтимоий кўмак ҳисобланади.
Ҳозирда аҳоли учун тиббий ёрдамнинг кафолатланган бепул ҳажми доирасига шошилинч тиббий ёрдам, бир қатор юқумли касалликлар бўйича бирламчи тиббий-санитария ёрдами, ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар ва хавфли касалликлар бўйича ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш киради.
Давлат ҳисобидан кафолатланган тиббий хизматни ривожлантириш мақсадида 2021 йилдан бошлаб бирламчи бўғинда аҳолини 66 турдаги, 2022 йилда 120 турдаги дори воситалари билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди. Ихтисослашган марказларда бепул даволанадиган касалликлар рўйхати шакллантирилиб, тиббий ёрдам учун йўлланма электрон навбат асосида берилмоқда. Энг муҳими, бу тизимга асосан, маблағлар шифохонага эмас, балки беморга ажратилмоқда.
Биргина, 2022 йилнинг ўзида тиббиёт соҳасига бюджетдан 29 триллион сўм йўналтирилди, бу маблағ 2016 йилга нисбатан 5 баробар кўп дегани. Ўтган беш йилда шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлаш учун маблағлар 12 баробар кўпайтирилди.
Хусусан, қишлоқлардаги 801 та оилавий поликлиника замонавий ташхис аппаратлари билан таъминланди. Бу орқали қишлоқ ва маҳаллаларда 8 турдаги янги тиббий хизмат йўлга қўйилди. Ҳудудларда 23 ихтисослашган тиббиёт марказининг юздан ортиқ филиали фаолият бошлади. Буларнинг барчаси юртимизда истиқомат қилаётган фуқаролар соғлиғини сақлашга қаратилган амалий чоралардир.
Конституцияга киритилаётган норманинг яна бир аҳамияти шундаки, давлат ўз фуқаролари моддий аҳволидан қатъи назар кафолатланган бепул тиббий ёрдам билан қамраб олинишини мустаҳкамламоқда. Бу фуқаролар, айниқса, моддий шароити яхши бўлмаган одамлар соғлиғини сақлашга давлат ғамхўрлик қилишдан тўхтамаслигини англатади.
Кафолатланган тиббий ёрдамга оид норманинг белгиланиши аҳоли, оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Шу ўринда алоҳида мамнуният билан таъкидлаш жоизки, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси ҳамда жамоамизнинг 32 йиллик орзуси рўёби сифатида бунёд этилган Бухоро давлат тиббиёт институти янги Кампуси фойдаланишга топширилиши таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги яна бир саъй-ҳаракатларимизнинг амалий исботидир.
Шу боис ҳам мамлакатимизда Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдевори сифатида намоён бўлаётган Конституциявий қонун лойиҳасини институтимиз жамоаси, шунингдек, таълим муассасамизда таҳсил олаётган олти мингдан зиёд талаба-ёшлар ҳам қўллаб-қувватлашига ишонамиз.
Шуҳрат ТЕШАЕВ,
Бухоро давлат тиббиёт институти ректори, профессор