Қанийди, шу фикр йирик ҳарфларда ҳамманинг ҳар куни кўзи тушадиган жойларга ёзиб қўйилса! Қанийди оилаларда шу фикрни самимий такрорлаб турадиган бир восита бўлса! Қанийди болалар боғчаларидан бошлаб мактаблар, олий таълим муассасаларида ўқитиладиган ўқув дастурлари моҳиятига шу фикр ҳам сингдирилса! Айни гапларни аёл эканим, оналарнинг шарафини ошириш учун эмас, юртимизнинг келажак авлоди чин маънода бахтли-саодатли бўлишини ўйлаган инсон сифатида айтяпман.

Оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда ҳар куни ўқиётганимиз, кўраётганимиз, одамлардан йўл-йўлакай хоҳласак-хоҳламасак эшитаётганимиз оила­вий нотинчликлар, эрларнинг аёлига беписандлиги, зуғуми, шафқатсизлиги, бевафолиги, дангасалиги, шунингдек, аёлларнинг турмуш ўртоғига нописандлиги, вафосизлиги, меҳрсизлиги каби хато ва иллатларнинг истисносиз оқибатлари — нотинчлик, уриш-жанжал, аразлашлар, орқаворотдан пинҳону ошкор бўладиган туҳмату ғийбатлар натижаси. Оилавий ҳаёт саҳнасидаги бундай муҳитнинг сабабчилари, биринчи навбатда, ота-она, маънавий, руҳий азобланувчилари, қурбонлари эса шу ота-онанинг фарзандларидир. Пичинг ва кесатиқлар, бақир-чақирлар, тортишувлар билан ўзини ҳақ деб билган ота ёки она ичини тўкиб олганидан кейин эҳтимол, муайян муддат енгил тортар, аммо ўртадаги қоракўзлар икки ўт орасида қолган каби у ён-бу ёнга термилади. Аслида, улар нима ҳам қила олади, ғазаб отига миниб, сўзию кўзидан ўт сочиб турганларнинг бири отаси, иккинчиси онаси. Фарзандлар учун улардан яқин одам йўқ! Лекин ўша дақиқаларда иккиси бир-бирига тескари иккита олам бўлиб турибди. Дилбанднинг ота-онасига муҳаббати, ишончи, икки азиз инсонига боғлиқ орзулар билан уриб турган юрагини иккига бўлиш мумкинми?

Оилавий келишмовчиликлар, ажралиш­лар тобора ортиб, жамиятимизнинг оғриқли муаммоларидан бирига айланди. Бунинг оқибатида тирик етимлар — қалби кемтиклар кўпайиб боряпти. Муаммога бундай ёндашув, яъни янгилик бўлмаган гапларни тинмай такрорлашдан наф йўқлигини расмий маълумотлардаги рақамлар йилдан йилга такрор-такрор таъкидлаб турибди.

Келинг, айни масалага юқорида келтирилган “Отанинг фарзандига қилган энг катта яхшилиги ўз аёлига кўрсатган ҳурмати, меҳрибонлигидир” деган гап моҳиятидан келиб чиқиб тасаввур этайлик.

Ёруғ дунёга келиб, атрофига қараган аксарият чақалоқ, биринчи навбатда, отаси билан онасини кўради. Аслида, “янги меҳмон” ҳали она қорнида эканида онасининг ёнидагиларни овозидан танишини, онасининг улар билан муносабати пайтидаги кайфиятидан келиб чиқиб, шод ёки ғамгин бўлишини замонавий фан ҳам тасдиқлаган. Шундай бўлгач, тўрт мучаси соғ-саломат, кўриб, эшитиб, ёнида бўлаётган воқеаларни кузатиб турган гўдакни ҳеч нарсани тушунмайди, ҳали у жуда кичкина деб ўйлаш хатодир.

Кўз олдимизга келтирайлик: жисми, руҳи покиза, фақат вужуди кичкина, холос, лекин катталарнинг барча хислати фитратида куртак ёза бошлаган болажоннинг нигоҳи рўпарасида табассум билан, кўзларидан меҳр, юзидан қувонч ёғилиб турган отасию онасига тушди. Кунлар, ҳафталар, ойлар, йиллар ўтади. Баҳор ёзга, ёз кузга, куз қишга айланиб, табиатда ўзгаришлар юз беради. Бола турли қиёфали ва турфа табиатли бобою бувиларни, аммаю холаларни, тоғаю амакиларни таниди. Лекин ота-онасининг кўзи, сўзи, ҳиссиёти ўзгармади. Улар гўёки битта яхлит вужуду қалбга айланиб дилбандни эркалади, сўзлашга ўргатди, иккиси меҳр билан парвона бўлди, қўлига нону китоб тутди. Кичкинтойнинг қувноқ, қизиқувчан, ҳаракатчан, аразу инжиқликлардан йироқ, қалби уйғоқ ва мусаффо бўлиб ўсиши учун оиланинг бундай мўътадил, илҳомбахш, қалбни улғайтирувчи муҳитидан ортиқ яна нима бўлиши мумкин?

Болалик, ўсмирлик, ўқувчилик, талабалик йиллари фарзандларга илм-ҳунар эшикларини очиш билан бирга улар олдига қатор синовлар, талаблар, танловлар қўяди. “Ўқишни давом эттирайми ё ҳунар ўрганайми?”, “Келажакда ким бўлсам экан?”, “Қаерда ўқисам яхши бўлади?” каби саволлар ўсаётган муҳитига қараб қай бир болани етти, қай бирини эса ўн етти ёшидан ўйлантира бошлайди. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам ўғил-қиз (айниқса, бизнинг менталитетда) бу масалани отa-онанинг аралашувисиз, маслаҳатию ёрдамисиз ҳал қилиши қийин. Бундан ташқари, ота-онанинг ҳам “Болам фалончи бўлсайди”, “Манови касбни эгалласайди” деган нияти барча оилада ҳам иккинчи даражали эмаслигини ҳисобга олсак, айни масала атрофида ўз-ўзидан уч қутб пайдо бўлади.

Бир ҳаётий мисол келтирсам. Бошланғич синфда ўқийдиган ўғлини она кураш машғулотига олиб бормоқчи бўлди. Ота моддий томондан қийинчилик бўлишини айтиб, бунга рўйихушлик бермади. Она тўловни ўз зиммасига олиб, болани мураббийга топшириб келди. Ҳеч қанча вақт ўтмай, мураббий янги шогирдининг қобилияти, интилувчанлиги ҳақида гапира бошлади. Фақат ота “Оддий одамнинг боласидан чемпион чиқармиди?” деган гапни заҳарханда билан такрорлаб қўяр, хотини билан бу ҳақда тез-тез тортишиб жеркиб ташларди. Ўғли машғулотга кетаётганида ҳам, қайтиб келганида ҳам юзида норози кайфият бўларди. Бора-бора боланинг қизиқиши сўниб, охири бир куни онасига машғулотга узил-кесил бормаслигини айтди. Анча вақтгача мураббий қўнғироқ қилди, шундай иқтидорли боланинг кутилмаган қароридан хафа бўлди. Балки бола учун отасининг доимий норозилиги остида юргандан кўра машғулотга бормай қўйиш осон бўлгандир...

Шунга ўхшаш ҳолат оилаларда учраб туради. Боланинг кийиниши, қизиқиши, дўст танлаши, уй ишларидаги иштироки каби масалаларда отанинг танлови онага, онанинг таклифи отага ёқмайди. Фарзанднинг хоҳиши ҳам шахсий мулоҳазалар, ўлчовлар призмасидан ўтказилиб, баҳслар тортишувларга, тортишувлар туппа-тузук келишмовчиликларга айланиб кетиши мумкин. Оқибатда ким асабийлашган, ким хафа, ким қўл силтаган. Айни вазият қай бир хонадонларда гуриллаб ёнган олов каби тез ўтади, бошқа хонадонларда кунлаб тутайди.

Бола ўзини бу нохушликларга сабабчи билиб қийналади. Ўзича муаммога ечим излайди ё кимнинг овозию гапи устун бўлса, ўша томон ўтиб олади. Ёки ҳар икки томоннинг кўнглини олиш учун иккиюзламачилик қила бошлайди. Жимгина биқиниб, “ичимдагини топ” дейдиган одамга айланади. Баъзан ҳеч иш қилмасам, ортиқча гап чиқмайди деб қизиқишларидан, ўртоқларидан, ҳатто оиладагилардан ўзини четга тортади. Натижада бош­қа қизиқиш, интилишлари ҳам шу тарзда ичида қолиб кетиши, жувонмарг бўлиши мумкин. Ачинарлиси, бу оқибатларга катталар ҳар доим ҳам ўз вақтида эътибор бериб, хатони тўғрилашга уринмайди-да, йиллар ўтиб боласининг яхши ўқимаганидан, дангасалигидан, лоқайдлигидан, бошқа болаларга ўхшамаслигидан нолийди.

Юқоридаги нохуш манзара ота-онанинг гапи бир жойдан чиқадиган, бири иккинчисини сабру қизиқиш билан тинглайдиган, бирининг фикри ёки бошлаган ишини иккинчиси қўллаб-қувватлаб, ҳар бир масала маслаҳат ва ўзаро келишув асосида ҳал этиладиган хонадонлардаги ҳолат билан солиштириб кўрилса, қайси муҳитдаги болаларнинг яхши ўқиши, қизиққан фани ёки соҳаси бўйича имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб шуғулланиши, ўз мақсади йўлида қатъий ва бардавом бўлиши, атрофдагилар билан мулоқотда қийналмаслиги, келажакда оила ва жамиятда ўрнини топишга интилувчан бағри бутун инсон бўлиб камол топишини англаш қийин эмас. Ўзининг қизиқиш­ларига мос келадиган илму ҳунар йўлига ота-онанинг розилиги, хурсандлиги, дуоси билан қадам қўйган ўғлонлар, қизларнинг кўксида бир эмас, учта соғлому ҳамнафас, ҳамжиҳат юрак уриб турганга ўхшайди, назаримда.

Ислом динида йигит ҳам, қиз ҳам ўзи рози бўлган инсон билан турмуш қуриши кераклиги кўрсатилган бўлса-да, фарзандлар камолга етгани сайин аксарият оилада уларни кимга уйлантириш, кимга узатиш, қандай сарполару қанақа тўй қилиш ҳақида баҳсу мунозаралар қизийди. Баъзан турмуш қурадиганлар бир чеккада қолиб, ота ўзининг қаричию қарашлари, она ўзининг орзу-­ҳавасларидан келиб чиқиб куёв ёки келин танлайди. Шундай пайтда катталар орасида “хотинларнинг сочи узун, лекин ақли калталиги”, “калтафаҳм”лиги, эркакларнинг “ўзи рўзғорни қойиллатиб қўймай, қизига ҳам шундай тақдирни раво кўраётгани” каби гап­лар ўрмалайди, уйдан ҳовлига, девор ошиб кўчага чиқади.

Икки томондаги қудалар хурсанд, ота-она рози, қалби фақат эзгу дуолар билан бойиган ёшлар никоҳу муҳаббат ришталари билан боғланиб, янги ҳаётга қадам қўйиши чин саодат эмасми?

Мулоҳазали, етти ўлчаб бир кесадиган кишилар жону жигаридан бўлган боласининг умр савдосига бефарқ қарамайди. Бир умр чурқ этган овоз чиқмаган оилаларда ҳам қизни узатиш, ўғил уйлантириш арафасида кутилмаган саволлар, муаммолар, ҳаммага ҳам айтиб бўлмайдиган ишлар пайдо бўлиши мумкин. Лекин бундай хонадон эгалари, ўз фазилатига кўра, бир-бирини айбдор қилмайди. Аксинча, босиқлик, масала моҳиятини ўрганиш, ўзаро келишув билан чиройли ечим излайди. Оқибатда кимдир юрак ҳовучлаб хавотирда яшамайди, айбдору ҳурматсиз бўлмайди, таънаю маломатга қолмайди. Зеро, оқил, бағрикенг, муҳаббатли, мурувватли инсонлар турли вазиятда ўзининг номи оппоқ бўлиши эмас, нохуш ҳолат келиб чиқмаслиги ва ундан кимдир азият чекмаслиги учун жон куйдиради.

Донишманд фикрини яна такрорлайман: “Отанинг фарзандига қилган энг катта яхшилиги ўз аёлига кўрсатган ҳурмати, меҳрибонлигидир”.

Бу ҳикматни ўзича шарҳлаб, “Ҳа энди омади келиб ақлли-ҳушли, фаросатли, ёқимли, гап уқадиган, чевару пазанда, хушмуомала, меҳр-оқибатли хотин бўлса, уни ҳурмат қиласан, меҳрибон бўласан-да. Саломга қараб алик олинади. Қанийди ҳамма хотин шундай бўлса”, дейдиганлар оз эмас.

Бир мисол айтай. Эрка қизни келин қилганлар кўп ўтмай, юклари билан ота уйига ташлаб кетди. Инсофга чақирганларга: “Ҳай-ҳай, Худо сақласин. Бир адашдик, энди остонамни бостирмайман”, деди қайнона. Қиз кўҳлик эди, уни тўйда кўрган бошқа бир она фарзанд кўрмагани учун хотинидан ажрашган ўғлига олиб берди. Кўп ўтмай, қиз яна онасининг ёнига серқатнов бўлиб қолди. У куёвнинг жуда талабчанлигига бардош беролмаётганди. Бу турмуши ҳам бўладиганга ўхшамасди. Ўртага қизнинг бувиси тушди, куёв билан гаплашди, йигитнинг оғир-босиқлиги, ишларининг пухталигини меҳр билан эътироф этиб, набирасининг тақдиридан жуда хавотирда эканини айтди. Куёв момоқайнонасига: “Худо хоҳласа, гапингизни ерда қолдирмайман” деб хотинини ўзи билан олиб кетди. Яна унча-мунча дийдиёлар ўтгандек бўлди, аммо куёв сўзида турди — рафиқасини маҳкам ушлади. Шу орада Яратганнинг мукофотини қарангки, келин ҳомиладор бўлди. Куёв билан онасининг хурсандлигини кўрсангиз эди! Келинни еру кўкка ишонмай қўйишди, унинг эркаликлари, ўйлаб-ўйламай гапириб юбориши улар учун Парвардигор бериб турган неъмат олдида арзимас, ўткинчи, хушбўй сара атиргулнинг митти тиканчаларидек бўлиб қолди. Ҳозир ўша келин кийимидан тортиб, гап-сўзигача, юз ифодаларигача ўзгариб, янаям хушрўй, ёқимли бўлиб кетган. Биринчи фарзанди қиз эди, яқинда ўғил кўрганини айтишди.

Ҳа, инсон боласи фаришта эмас, туғилишидан адашишга, хато қилишга мойил. Чунки бешикдан қабргача ўқишимиз, ўрганишимиз шарт. Кимдир қойиллатиб бажарган ишга кимдир нўноқ бўлиши, ким тил билану ким қўл билан кўнгил олиши, фаҳму идрокда ким ўткиру ким ўтмас бўлиши, кимдир ўйнаб-кулиб бажарган вазифани кимдир уддалай олмаслиги табиий ҳол. Яратилишдан ҳаммамизнинг ақлий қобилиятимиз ҳам турли даражада. Шундай экан, ён-атрофимиздаги ҳар бир одамнинг ўзига хосликларини яхши билмай туриб, унга ўз истагимиз, қолипимиз даражасида талаб қўйишимиз тўғри эмас.

Бир ривоятда айтилишича, устознинг талабаларидан бирига муносабати, меҳри бошқачалигини сезиб юрган толиблар охири муаллимдан бунинг сабабини сўрабди. Шунда устоз оппоқ қоғоз ўртасига қора қаламда нуқта қўйиб, савол берган талабалардан “Нимани кўряпсиз?” деб сўрабди. “Оқ қоғоз ўртасидаги қора нуқтани”, деб жавоб берибди улар. Кейин устоз меҳри тушган шогирдига ҳам шу саволни берибди. “Оппоқ саҳифа кўряпман, — дебди у. — Ўртасида кичкинагина, билинар-билинмас нуқтача”. “Тушундингизми, — дебди донишманд устоз. — Сизга ҳам ибратли томони — бу тенгдошингиз, биринчи нав­батда, ҳамма нарсанинг оқ, мусаффо, хайрли томонини кўради...”.

Ёшлигимда отам ишдан қайтадиган пайт биз учун гўё байрам бўларди. Кўчаю ҳовлиларни қайтадан супурардик, чойнак-пиёлаларни яхшилаб ювардик, чиройли кўрпачалар солинарди. Жилмайиб кириб келган отажонимга пешвоз чиқардик. Йиллар англатиб борди: мактабда дарсларни жон қулоғим билан тинглашим, ҳамма дарсда жавоб беришга тайёр бўлиб аъло баҳолар олганим, китобларни ифодали ўқишни яхши кўрганим, тиккан дўппиларим чиройли чиқиши учун уринганларим — булар, аввало, доим бизга: “Яхши ўқинглар. Тириклигимда олган билимларинг — мендан қоладиган энг катта мерос”, деб насиҳат қиладиган, яхши ишларимиздан қувонадиган отажонимнинг эски дўпписиниям ташлаб юбормай, тепадаги токчада асрайдиган онамни хурсанд қилиш учун экан. Ана шу меҳр дунёга қувониб қарашим, тенгдошларим ичида елкамни тик тутиб юришим, фикрларимни дадил айтишим учун қўллаб турди. Англадимки, эридан меҳру эъзоз кўрмаган хотинларнинг кўпи ўзи билиб-билмаган, оқибатини ўйлаб ҳам кўрмаган ҳолда аламини болаларидан олади — жеркийди, силтайди, қозон-товоқниям сувга ташлаб қўйиши ва ҳатто неча кунлаб ота уйига кетиб юбориши ҳам кўп учрайди. Хонадондаги нотинчлик, уриш-жанжал болаларнинг кўчага ғамгин, руҳий толиқиш билан чиқиб кетишига, кун бўйи шунинг таъсиридан чиқолмай юришига, кечки пайт уйига юраги безиллаб қайтишига сабаб бўлади.

Ҳаёт кўрсатадики, тинч-тотув, эл орасида фақат яхши жиҳатлари билан танилган оилалар аъзоларида мана шу фазилат устун. Улар бир-бирининг турмушда биринчи даражали муҳим бўлган тўғри ишлари, одатлари, феълу атворларини қадрлаб, хато ва камчиликларини тушунади, келишади, уларни тузатиш мумкинлигига ишонади, кечиради. Буни табиий ҳолат деб қабул қилиб, гинаю адоват сақлаб юрмайди.

Эр йигитлар ватаннинг тоғдек, метиндек ҳимоячи, посбонлари. Ана шу тоғдек бардош, метиндек ирода, биринчи навбатда, уларнинг жисмидан эмас, қалбидан қувват олади. Тарихда озчилик бўла туриб, ўзидан бир неча баробар кўп душман устидан ғалаба қозонган ватан ҳимоячилари, музаффарлар ҳақида кўп эшитганмиз. Уларнинг қалбидаги она тупроққа, она халққа чексиз муҳаббат, чин садоқат, эл-юрт озодлиги учун фидойилик билаклар, юракларига куч, шижоат бахш этган.

Оила ҳам ватан ичидаги мўъжаз ватан, жамиятнинг олтин ҳалқаси. Унинг бузилиши Аршни ларзага келтиради, жамият дарз кетади. Бу мўъжаз ватаннинг ҳам барқарорлиги, ҳимояси, мустаҳкамлиги, биринчи навбатда, эркакларнинг зиммасида. Уларнинг жисму руҳиятида мана шу масъулиятга, шарафга лойиқ салоҳият, тафаккур, бағрикенглик, мулоҳазакорлик, оқиллик, вазминлик бор. Ана шу фазилатлари билан, энг аввало, ўз хонадонларида мувозанат, мўътадиллик, кичикни ва ожизни англашу қўллаб-қувватлаш муҳитига бош бўлса, нур устига нур!

Мана шундай бирдамлик бўлган оила қўрғонини моддий тақчилликлар, ташқаридан бўладиган таҳдидлар буза олмайди ва аксинча, бирдамлик бўлмаса, оила муаммоларига ташқаридан айбдор излаш ноўриндир.

Заррача яхшилик ҳам ва заррача ёмонлик ҳам, албатта, қайтиши ҳақидаги улуғ ҳикматга амал қилишни ҳар биримиз ҳар куни қадрдон уйимиздан бошлаб кўришимиз мумкин. Тоғ орасида битта товушга тўрт томондан гумбурлаб, жаранглаб акс садо қайтгани каби оила бошлиғининг ҳар бир самимий табассуми, хотину фарзандларидан ҳар бир шукронаси, уларга кўрсатган нурли меҳру муҳаббати, астойдил саховати бутун ҳаёти давомида ирмоқлари жўшқин дарё каби кўпайиб қайтаверади!

Ҳазрат Мир Алишер Навоий машҳур рубоийларида отани қуёшга, онани ойга қиёс этади — бу рамзийлик ботиний ҳам зоҳирий жиҳатдан шу қадар улуғвор мутаносиб!

Қуёш (ота) қанча ёрқин чарақласа, ой (она) ҳам ундан шунча кўп нур-ҳарорат олади ва унинг атрофидаги юлдуз (фарзанд)лар оламни чароғон этади.

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими