Дунёга кўпгина ихтиро ва тафаккур маҳсулларини ҳадя этган олимлар орасида она заминимиздан чиққан алломалар билан фахрланамиз. Зеро, улар яратган тиббиёт, алгебра, фалсафа, астрономия каби кўплаб соҳалардаги кашфиётлар, тадқиқотлар фан соҳаларининг тараққиётида ўзига хос мактаб бўлган.
Албатта, юртимизда илм-фан ривожи фақат кўҳна тарихда қолиб кетмади. У ўзининг гоҳ жадал, гоҳ сокин ривожланиш босқичларини ўтаб келмоқда. Кўплаб соҳалардаги академиклардан тортиб ёш авлод сафидан етишиб чиққан чинакам фан истеъдодлари эришаётган ютуқлар, олиб бораётган илмий изланишлар фикримизни тасдиқлаб турибди.
Энг муҳими, улар фан сирларини ўрганибгина қолмай, ўз билимини ёшларга ўргатиб ўзига хос мактаб яратиб келмоқда. Иқтисод фанлари доктори, профессор Давлатбой Кудбиев ана шундай мактаб яратиб, эл-юрт ҳурматига, эътирофига сазовор бўлган фидойи олим сифатида тилга олинади.
Хайрли ишлар дебочаси
Болаликдан ҳисоб-китобга қизиққан Давлатбой Фарғона кооператив техникумини битиргач, илм иштиёқида Самарқандга йўл олади. Самарқанд кооператив институти (ҳозирги Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти)га ўқишга киради. Иқтидори, ғайрати сабаб институт жамоасидан иш фаолиятини шу даргоҳда давом эттириш таклифи тушади. Бу таклиф Давлатбой Кудбиевнинг ҳаёт ва илм йўлидаги хайрли ишлари дебочаси бўлди.
Аспирантурада ўқиш учун танловда қатнашиб, саралар сафида Москвага йўл олади. Номзодлик, докторлик диссертацияларини ҳам ўша ерда ёқлайди. Ўн йиллик илмий изланишлардан сўнг қайтиб, Самарқанд кооператив институтида 15 йил фаолият юритди. 1996 йили ҳукуматимизнинг маҳаллий олий таълим муассасаларини ривожлантириш тўғрисидаги қарори фидойи педагог олим фаолиятида янги саҳифа очди. Давлатбой ака ўз фаолиятини Фарғона политехника институтида давом эттира бошлади.
Йиллар олимга илмнинг шарафи юксалиш, ўз соҳаси — бухгалтерия ва аудит йўналишида мактаб яратишдек олий вазифани адо этиш имконини берди. Бу юкни ҳамма ҳам кўтаравермайди. 2020 йили Фарғона политехника институтида биринчи марта бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасида илмий кенгаш очилди.
Бу мамлакат миқёсида бухгалтерия ҳисоби ва аудит, саноат иқтисодиёти ҳамда менежмент йўналишларида фалсафа доктори илмий даражаси олиш учун илмий ишни ёқлаш имконини беради. Илмга қизиққанлар учун енгиллик бўлди. Ўз-ўзидан магистратура ва докторантурага танлов кенгайди. Бу хайрли ишларда ҳам профессор Давлатбой Кудбиевнинг ҳиссаси катта.
Илм машаққати: аввал ва ҳозир
— Илмга аввалги муносабат билан бугунгисининг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Докторлик диссертациямни ёқлаганимга ўттиз йилдан ошган бўлса, у пайтларда ҳозиргидек ахборот технологиялари, маълумот олиш учун қулай манбалар кўп бўлмаган. Ёзув машинкасида хатоларни тузатиш учун ўн қайта ёзган пайтларимиз бўлган. Технология ривожи, рақамли иқтисодиётга ўтишимиз ҳозирги ёшларга катта қулайлик бермоқда. Айниқса, компьютер ва интернетни яхши билган ёшлар маълумот излаш, уни таҳлил қилиш ва жаҳондаги тенденциялар билан солиштириш имконига эга бўляпти, — дейди таниқли олим. — Сўнгги беш йилда ёшларда илмга нисбатан қизиқиш жуда катта бўляпти. Энг асосийси, Президентимизнинг илмга кенг йўл очиб бергани бўлди.
Масалан, институт мисолида оладиган бўлсак, магистратура, докторантура босқичлари, илмий иш ҳимояси учун илмий кенгаш мавжуд. Икки йилдан бери магистратура ва докторантурага танлов катта. Бундан руҳланиб, биз ҳам мактабимизни кенгайтириш, янги-янги йўналишларни очишни режалаштиряпмиз.
Сувда чўкмайди, ўтда ёнмайди...
Профессор Давлатбой Кудбиевнинг ҳаётдан чиқарган хулосаси, топган фалсафаси битта: илм сувда чўкмайди, ўтда ёнмайди. Амал бугун берилувчи, эртага ечиб олинувчи либосдек гап. “У орқали ҳам эл-юртга нафи тегаётган инсонлар кўп, лекин унга алданиб қолмаслик керак”, дейди олим.
Мустақиллик байрами арафасида Президентимиз фармонига биноан олим Давлатбой Кудбиев “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Юксак эътирофдан мамнун устознинг дил сўзларига қулоқ тутдик: “Кундан-кунга илмнинг, олимнинг қадри ортиб боряпти. Илмга ҳаётини бағишлаганлар давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Бугунги мукофот, эътирофни ҳам ўзимга эмас, Фарғона политехника институти жамоасига, оилам ва шогирдларимга берилган баҳо деб биламан. Олими қадрланган юрт фақат тараққий этишига ишонаман”.