Аксарият ота-оналар фарзандларини хорижий тилларни замонавий технологиялар ёрдамида ўрганишга йўналтириб, она тилимизнинг асл жозибаси ҳақида унутиб қўйиш ҳолатлари жиддий сезила бошлади.
Иккинчиси, қайси бир омил ёки ўлчовларнинг таъсири бу, кўчалардаги рекламалар, дўконлар ва турли хизмат кўрсатиш шохобчалари пештоқидаги ёзувларни миллийлигимиздан бегоналаштириш ҳолати кенг тус олди. Вилоятлар марказлари, ҳатто туман ёки қишлоқларга борсангиз ҳам ўзингизни худди чет элда юргандек сезасиз. Овқатланиш шохобчалари, дўконларнинг ярмидан кўпи тилимизга ёт номлар билан аталади.
Шу боис ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йили ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Жамиятимизда тил билан боғлиқ энг кўп муҳокама қилинаётган, ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётган мавзу, бу– жой номларини белгилаш масаласи, десак, хато бўлмайди. Афсуски, жамоат жойларида, кўчаларда, бинолар пештоқида топонимик белгилар, турли лавҳа ва рекламалар кўпинча хорижий тилларда, маънавиятимизга ёт мазмун ва шаклларда акс эттирилмоқда. Бу давлат тили талабларига, миллий маданият ва қадриятларимизга беписандликдан, умумий саводхонлик даражаси эса тушиб кетаётганидан далолат беради”, дея қайғурган эди. Аммо ҳалигача бу борада бирор аниқ натижага эришганимиз билан мақтана олмаймиз.
Учинчиси, ва бу бизни жуда ҳушёр торттириши керак бўлган жиҳат шундаки, чет элликлар олдида ўз она тилимиз – ўзбек тилида гапиришга ҳамон истиҳола қилаётганимиздир. Бунга бир-иккита мисол келтирамиз. Масалан, Европа давлатларидан келган сайёҳлар кўчада биздан йўл сўрайди. Инглиз тилини билмасак, ўзимиз ҳам сезмаган ҳолда, беихтиёр ўзбекча ифода аралаш русча гапира бошлаймиз. Шунда “Ҳой, биродар, бу кишим европалик меҳмон бўлса, у ўзбек тилини билмаганидек, рус тилида ҳам бирорта сўзни тушунмайди ахир”, дегимиз келадию яна юз ўгириб кетаверамиз.
Ёки айтайлик, ўзбек тилида салом бериб, биз билан она тилимизда мулоқотга киришиш истагидаги бошқа миллат вакиллари бўлган юртдошларимизга ҳам негадир яна рус тилида жавоб қайтаришга ҳаракат қиламиз. Бу – масаланинг танқидий бир томони. Иккинчи томонда эса ўзбек тилининг мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам нуфузини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар туради.
Президентимиз 2019 йил 21 октябрь куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Тилимизнинг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимиз бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсад қилинган фармонда бир қатор муҳим вазифалар билан бирга “Ўзбек тили байрами куни”ни белгилаш бўйича қонун лойиҳасини қабул қилиш топшириғи ҳам қўйилган эди. Шу тариқа, 2020 йил 10 апрелдаги қонун билан 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни, этиб белгиланди.
Мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналари қошида “Ўзбек тилининг дўстлари” клублари ташкил этилаётгани ҳам ҳар биримизга фахр бағишлайди. Бугун турли давлатларда ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш ортган. Ўзбек тили АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Швеция, Россия, Украина, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Туркия, Афғонистон, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон каби давлатларнинг 60 га яқин университетлари ва 100 дан зиёд мактабларида ўрганилмоқда. Ўзбек тили ва адабиёти бўйича илмий изланишлар олиб бораётган чет эллик олим ва тадқиқотчилар сони йил сайин кўпаймоқда.
Она тилимиз нуфузини янада юксалтириш мақсадидаги ишлар бундан кейин ҳам тизимли давом этади. Боиси, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ўзбек тилини кенг тарғиб қилиш ва унинг халқаро миқёсдаги обрўсини кўтариш борасида аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, ўзбек тили ва адабиёти, тарих, маданият, санъат ва ҳунармандчилик йўналишидаги олийгоҳларда хориждаги ватандошлар учун 200 та грант ажратиш, Санъатшунослик институти, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти архивидаги 3 мингдан зиёд архив материалини замонавий форматга ўтказиш, “Ўзбек адабиёти хазинасидан” кўп жилдлик, “Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари” 100 жилдлигини ўзбек тилида нашр этиш кўзда тутилган.
Албатта, бу каби хайрли тадбирлар тилимизнинг халқаро нуфузи ва мақомини оширишда қўл келмоқда. Ҳозирги вақтда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони жаҳон миқёсида 50 миллион кишига яқинлашиб қолгани ҳам фикримиз далилидир. Бу она тилимизнинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.
Шунга қарамасдан, тилимизнинг бугунги аҳволи ҳақида жўн ва куюнмасдан гапириб бўлмайди. Чунки биз бугунги зиддиятли, геосиёсий таҳликага тўла, ўзаро кескин рақобат ва низолар кучайган бир шароитда тилимиз тақдирига ҳаёт-мамот масаласи сифатида қарашимиз керак бўлади. Ҳар биримиздан тилга нисбатан беқиёс ҳурмат талаб қилинади. Агар шундай бўлмас экан, дунё каҳкашонидаги нуфузимиз ва ўрнимиз хиралашиб қолаверади.
Тўғри, бугунги замон ҳар биримиздан, айниқса, ёшлардан кўп тилларни билишни талаб қилади. Лекин бу ютуқларимиз, асло, она тилимизни унутиш эвазига бўлмаслигини бир зум бўлса-да, унутишга ҳаққимиз йўқ.
XX аср бошида олти тилли – ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк ва рус тилларида луғат тузган Исҳоқхон Ибрат “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”, деганида ҳақ эди. Шундай экан, биз она тилимизга ҳурмат руҳини ҳар қаерда ва ҳар қачон сақлаб қолишимиз керак ва бу қонуниятга айланмоғи шарт.
Расул Ҳамзатов “Менинг Доғистоним”да шундай ёзади: “Яратганнинг ўзи болаларингни она тилида гапиришдан бенасиб этсин, – бир аёл бошқа аёлни шундай қарғаган эди...”
Бу қанчалик оғир мусибат эканини англаш, айниқса, бугунги таҳликали замонда унчалик қийин эмас. Боиси, ён-атрофимизда, бутун дунёда мураккаб бир давр кечмоқда. Инсон ўзлиги, ёшлар онги учун кураш кетмоқда. Бундай вазиятда ёшларимиз ўзлигини унутмаслиги, миллий қадрият ва анъаналарга содиқлигини кўпроқ намойиш этмоғи зарур ва шарт.
Она тили эса ана шу бой қадрият ва анъаналаримизнинг бош асоси ва катта бешигидир. Шунинг учун ўзликни англаш, аввало, она тилига ҳурматдан бошланишини асло унутмайлик!
Авазжон МАРАҲИМОВ,
Термиз давлат университети ректори,
техника фанлари доктори, профессор