Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ҳар икки мамлакатдан олимлар, етакчи таҳлил тузилмалари экспертлари, давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ф.Сидиқов, Марказий Осиё халқаро институти директори А.Носиров, Тожикистон Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Х.Усмонзода ва бошқалар  халқларимизни умумий тарих, маданият ва маънавий қадриятлар, ўзаро ҳурмат ҳамда яхши қўшничиликнинг кўп асрлик анъаналари бирлаштириб туришини таъкидлади. Бу яқинлик Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатларга мустаҳкам замин, асосий тамойил бўлиб хизмат қилмоқда.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар яхши қўшничилик анъаналари, стратегик шериклик муносабатлари доирасида тубдан ривожланмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари ўртасидаги самимий муносабат, очиқ ва конструктив мулоқот руҳи нафақат миллий, балки минтақавий ва глобал масалаларни ҳал этиш, Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

2018 йилда Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг ўзаро ташрифлари тўғрисида битим имзоланди, ўша йили мамлакатлар ўртасида виза режими бекор қилинди. Бу халқларимиз ўртасидаги борди-келди алоқалари қайта тикланиши ва фаоллашишига замин яратди. Шу билан бирга, иқтисодий-ижтимоий, гуманитар алоқалар ҳам кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда тожикистонлик тадбиркорлар капитали иштирокида 240 та корхона, Тожикистонда мамлакатимиз резидентлари иштирокида 60 дан ортиқ корхона савдо, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати, транспорт ва бошқа турдаги хизмат кўрсатиш йўналишларида фаолият юритмоқда.

— Ўзаро ҳамкорлик ривожланиши натижасида мамлакатларимиз ўртасида товар айирбошлаш ҳажми ҳам ўсиб бораётир, — дейди “Тараққиёт стратегияси” маркази ижроси директори Элдор Туляков. — 2016 йилда бу кўрсаткич 200 миллион долларни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб 600 миллион доллардан ошди. Айни пайтларда товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда бир миллиард долларга етказиш имкониятлари етарли. Шунингдек, икки давлат ўртасида транспорт коммуникацияси тизими ва бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Ушбу халқаро анжуманда бу борадаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама этилди ва тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Халқаро тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Тожикистон БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ўзаро ҳамкорликни изчил давом эттирмоқда. Хавфсизликнинг замонавий таҳдидларига қарши курашиш, барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш ва кун тартибидаги долзарб халқаро масалалар бўйича мамлакатларимиз позицияси ўхшашдир.

— Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар юқори даражадаги ишонч, ўзаро ҳурматга асослангани ҳамкорлик ривожининг муҳим омили бўлмоқда, — дейди Тожикистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода. — Сўнгги йиллардаги ана шундай ўзаро дўстона алоқалар натижасида муносабатларимизда ечими топилмаган масала қолмади. Кўп йиллар давомида муаммо бўлиб келган масалаларнинг аксарияти ҳал қилинди. Жорий йил 2-3 июнь кунлари Президент Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Президент Эмомали Раҳмоннинг юртингизга ташриф буюриши ушбу дўстона алоқалар ривожига янада туртки бўлиши шубҳасиз. Ушбу расмий ташриф доирасида қабул қилинадиган ҳужжатлар мамлакатларимиз ва минтақамизнинг келгуси тараққиётини таъминлашда муҳим истиқболларни очади.

Охирги йилларда халқларимиз ўртасида маданият ва санъат соҳасидаги алоқалар ҳам ривожланмоқда. Икки мамлакат ижодий жамоалари Ўзбекистон ва Тожикистонда ўтказиладиган халқаро фестивалларда иштирок этяпти, маданият кунлари ва бошқа тадбирлар мунтазам ўтказиб келиняпти. Тожикистоннинг “Шашмақом” академияси 2018 йилда Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган “Мақом” халқаро санъат форуми бош совринини қўлга киритди.

Икки мамлакат илм-фан муассасалари ўртасидаги алоқалар ҳам фаоллашди. Жумладан, ўтган йили Марказий Осиё халқаро институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази вакилларидан иборат делегация Тожикистонга ташриф буюрди. Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг янги “ўсиш нуқталари” мавзусида  халқаро анжуман, турли учрашувлар ўтказилди. Мазкур тадбирлар доирасида илм-фан муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга оид шартномалар имзоланди.

Халқаро анжуманда барқарор ва хавфсиз минтақавий ривожланишни таъминлашда икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати таҳлил қилинди. Савдо-иқтисодий соҳада янги “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш, транспорт коммуникацияси, инфратузилмаларни ривожлантириш, илм-фан, маданий-гуманитар, хавфсизликни таъминлаш ва бошқа масалаларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, миллий қадриятларни ўрганиш ва асраш, таълим ва туризм соҳасидаги лойиҳалар юзасидан тажриба алмашилди, ўзаро ҳамкорлик истиқболлари хусусида фикрлашилди.

Баҳор Хидирова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири