Приморск давлат бадиий галереясида «Гўзаллик ҳар доим ҳақ» мавзусида ўзбек либослари ва аксессуарларининг замонавий намуналари мисолида этник мотивларнинг роли ва аҳамиятига бағишланган «давра суҳбати» ташкил этилди,
Тадбир Ўзбекистон Республикасининг Владивостокдаги Бош консулхонаси кўмагида ташкил этилган «Шарқ давлат музейи коллекциясидаги «Бобурнома» миниатюралари» мавзусида ўтказилаётган кўргазма доирасида уюштирилди.
Учрашувда ўзбек диаспораси, маҳаллий жамоатчилик ва маданий доиралар вакиллари, жумладан мода тадқиқотчиси, психолог ва ёзувчи Иван Фёдоров иштирок этди. У замонавий мода саноатида ўзбек матоларининг ўрни, хон-атлас тарихи ва унга юқори мода дизайнерлари ҳамда ихлосмандларининг қизиқиши ҳақида сўзлаб берди.
Иштирокчиларга мато тўқиш анъаналари ва миллий безаклар тақдим этилди. Ўз навбатида, улар анъанавий нақшларнинг маъносини билиб олди ва кўплаб саволларга жавоб олди.
«Давра суҳбати» доирасида анъанавий каштачилик ва заргарлик буюмлари, шунингдек, ўзбек миллий матоларидан тикилган кийимлар намойиши ўтказилди.
Меҳмонлар ўзбек матоларининг ақл бовар қилмас даражадаги гўзаллиги, сифати ва табиийлигини юқори баҳолади. Иштирокчилар маданий алоқалар ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган бундай тадбирлар мунтазам ўтказилишини қўллаб-қувватлади, деб хабар беради «Дунё» АА.